НИЯТИНГИЗ ҚЎЛИНГИЗДА…

Ҳеч кимга сир эмаски, қирғизистонлик ўзбекларнинг кейинги ўттиз йилдаги орзуларидан  бири ўз вакилларини давлат органларида кўриш. Афсуски, ўтган даврдаги парламент сайловларида бу орзу кўп ҳолларда орзулигича қолиб, амалга ошмай келди.Энг даҳшатлиси, мамлакатнинг туб халқларидан бири бўлган бу миллатнинг ушбу орзуси ўзгача талқин этилиб, уларнинг илғор вакиллари “айирмачи”га чиқарилди ва бу ҳолат ҳамон давом этиб келяпти. Шу пайтгача бўлиб ўтган сайловларнинг натижаларини  эса қўлида пул чангаллаган кишилар ҳал қилиб келишди. Албатта бундай аҳвол бир умр давом этиши мумкин эмас эди.

— Ўзгаришлар бор, — дейди биз билан суҳбат қилган сайловчилар.—Биринчидан, шу йилнинг 28 ноябрида ўтказиладиган парламент сайловларида иштирок этаётган партиялар ва бир мандатли сайлов округларидан номзодлар орасида ўзбеклар ҳам анчагина. Назаримда, одамлар елка қисиб юришни бас қилишмоқда. Мана шу юрт, шу давлат уларнинг ҳам юрти, уларнинг ҳам давлати эканини англаб етишмоқда. Ахир маҳаллага аралашмаган одам охир оқибат четга сурилиб қолиши азалдан маълум. Қирғизистон эса ўнлаб халқларнинг боши бир жойда қовушадиган улкан мамлакат. Бу ерда ҳамманинг ўз ўрни бор. Айрим кишилар маҳалладаги ўша ўринни ур-калтак, сур калтак билан эгаллаб оламиз, дейишса адашадилар. Энг муҳими бу нарсани, яъни, мамлакат тараққиётида инсон омили муҳим шартлардан бир эканини бугунги иқтидордаги ҳокимият яхши англаб турибди. Шу боис ҳам бўлажак сайловларда барча номзодларга тенг шароитлар яратишга ҳаракат қилинмоқда. Яна бир гап шуки, мен бир қатор номзодларнинг сайлов олди дастурлари билан танишдим, уларнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суҳбатларини эшитдим. Ўйлайманки, номзодлар орасида мамлакатни тараққий эттиришда қўлидан иш келадиган ёшлар, ҳатто, катта ёшдаги кишилар ҳам  бор. Баъзан биз бир томонга оғиб кетамиз: урғуни фақат ёшларга бериб, ўй-мақсадлари, фикрлаш тарзи билан унча-мунча ёшдан қолишмайдиган кишиларга бепарво қараймиз. Ахир халқ орасида: “Қари билганни, пари билмайди”, деган гап ҳам йўқ эмас. Мен суҳбатида бўлган номзодлардан бирининг сайлов олди программасидаги энг муҳим жиҳат халқлар дўстлиги учун хизмат қилишдир. Зотан, кишиларни тинчлик ва интифоқликка чақириш ҳам иймондандир.

—  Мана шу жойда бир  масала ҳақида тўхталиб ўтишни истардим, – дея сўзини давом эттирди суҳбатдош. – Яқинда бир гуруҳ одамлар “Ыйман нуру” партиясини Жогорку Кенгешга бўладиган сайловларга қўймаслик ҳақида чиқишлар қилишди. Аммо мазкур шикоятни кўриб чиққан махсус комиссия партия фаолиятида қонунга зид ҳаракатлар йўқлигини айтиб, масалани ҳал этишни Марказий сайлов комиссиясига ҳавола этди. Худога шукр, “Ыйман нуру” бўлажак сайловларда иштирок этмоқда. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Қирғизистон ҳукумати бундан кейинги бўладиган сайловларга бағри кенглик, адолат билан ёндашаётганини кўрсатади.

Бошқа бир суҳбатдош эса сайлов олди ташвиқотлари хусусида сўзларкан, айрим номзодлар ўз дастурларини ўзлари мансуб миллат тилида тайёрлашган бўлсалар-да, аммо уларни овоза қилиш фақат давлат тилида бўлиши зарурлиги ҳақида бироз ачиниб гапирди… Шунга қарамай, бир қатор номзодлар давлат тилида ҳам бошқалардан қолишмайдиган даражада сўзлаб, ўз иқтидорларини намоён этаётганларини айтди..

— Масалан айрим партияларнинг аъзолари асосан ёшлардан иборат, –дейди суҳбатдош. –Номзодларнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган сайлов олди дастурларида  урғу биринчи навбатда мамлакат иқтисодиётини кўтариш, халқ таълимини ривожлантириш, бу каби юмушларни амалга ошириш учун катта маблағлар зарурлиги, маблағларни  эса инвесторларни жалб этмай туриб ҳал этиб бўлмаслиги ва энг муҳими, хорижлик инвесторлар учун  солиқ, бож тизимларида адолатли шарт-шароитлар яратиш ва албатта, олиб келинган маблағларни талон-тарож қилмаслик шарт экани ўз ифодасини топмоқда. Бугунги ёшларимизнинг бошлари ҳам деворларга урилавериб,пишиб етилганига амин бўляпмиз. Уларнинг асосий мақсадлари мамлакат тараққиётига, эл-юрт фаровонлигига хисса қўшишдир.

Демак, эртага бўладиган парламент сайловларида  депутатлик мандатини қўлга киритиш учун партиялар ва бир мандатли сайлов округларидан турли миллат вакилларининг номзодлари қўйилган. Жумладан, ўзбекларнинг ҳам. Демак, мақоламиз бошида айтганимиздек, уларнинг: “ ҳукумат тизимида бизнинг ҳам вакилларимиз бўлсин”, деган орзу-ниятлари  ушалиш арафасида. Бунинг учун танлов кифоя. Демак, ҳар кимнинг нияти ўз  қўлида!

                                                                                    Холис Назар

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг