Арзонлатилган кўмир, тўсилган йўллар: буёғи нима бўлади?

Энергетика инқирозига дуч келган Қирғизистонда аҳоли ўртасида норозилик кучаймоқда.

“Қирғизкўмир” давлат корхонаси берган хабарга кўра, мамлакат пойтахти Бишкек шаҳрида бир тоннаси 3000 сўм (35 доллар атрофида) нархда янги кўмир сотиш пунктлари очилади.

Ёқилги тақчиллиги туфайли 16 ноябрдан иш бошлаган биринчи ана шундай савдо шохобчасида улкан навбат юзага келгач, ана шу қарор қабул қилишга тўғри келган.

Қоидага кўра, бу шахобчада бир оила икки тоннадан ортиқ ёқилғи сотиб ололмайди. Лекин чеклов яқин кунларда олиб ташланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Муаммони ҳал қилиш мақсадида компания Бишкекка ташиш қуввати 25-30 тонна бўлган 16 та машина жўнатилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 15 ноябрь куни президент Садир Жапаров Бишкек яқинидаги турар-жой массивларидан бирида аҳоли билан учрашувда Қора-Кеча кўмир конида “қора олтиннинг” 3 минг сўмдан сотила бошлашини маълум қилган эди.

Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан кўмир салкам 20 фоизга қимматлаган. Президент Садир Жапаров “Қирғизкўмур” корхонасидаги саботаж туфайли кўмир қазиб олиш яқиндагина бошланган.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 12 октябрда кўмир нархини 90 кунга давлат томонидан тартибга солишни жорий қилди. Бироқ, шунга қарамай, кўмир нархининг кўтарилиб бораётгани кузатилмоқда. Ноябрь ойининг бошида бир тонна кўмирнинг ўртача нархи 5300 сўмни ташкил қилган бўлса, айрим вилоятларда бир тонна ёқилғи нархи 9 минг сўмдан ортиб кетган.

Электр қувватидан фойдаланишга киритилган чекловлар, кўмир нархининг ошиши аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Жумладан кеча, 17 ноябрь куни пойтахт Бишкекнинг чекка қисмида жойлашган Тендик қишлоғи ва Олтин-Қозиқ мавзеининг аҳолиси пойтахт атрофидаги ҳалқа йўлни тўсиб қўйишди. Улар бир кун аввал тўпланиб қолган қарзлари сабаб электр манбаидан узиб қўйилган эдилар. Оқибатда катта йўлда автомашиналар тирбандлиги юзага келган.

Одамлар электр таъминотидаги узилиш, яъни навбат билан ўчиришлардан норози бўлдилар. Чуй вилояти ИИБ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, бу ҳақда уларга 17 ноябрь куни кечки соат 18:00 атрофида хабар келиб тушган. Воқеа жойида жамоат тартибини сақлаш учун ички ишлар ходимлари жўнатилди, йўлни тўсиб қўйган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилмоқда.

Кунига республиканинг турли жойларидан электр қувватининг кунига ўчирилаётгани ҳақида норозиликлар келиб чиқмоқда. Расмий хабарларга кўра, Тўқтўғул сув омборида сувнинг ҳажми 11 млрд. 455 метр кубга тушиб кетган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 2,9 млрд.га кўп эди. Мутахассислар сув ҳажми 7 миллиард метр кубга тушиб кетса, Тўқтўғул ГЭСини тўхтатишга тўғри келиши айтиб келишмоқда.

Оқбура, Бишкек

Суратлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг