Бишкек дунёдаги энг ифлос шаҳарларнинг пешқадами сифатида қолмоқда

Бир вақтлар СССРнинг энг тоза шаҳарларидан бўлган Қирғизистон пойтахти Фрунзе “яшил шаҳар” аталар эди.

AirQuality интернет хизмати берган маълумотга кўра, 7 ноябрь куни Бишкек яна бир бор дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳри сифатида қайд этилди. Бунгача ҳам Қирғизистон пойтахти бир неча бор аталган халқаро рейтингда пешқадамлик қилган.

Бу сафар пойтахтнинг ҳаво тозалиги сифати индекси 269 бирликни ташкил этди. Бу кўрсаткич 300га етганда ҳаво ҳаёт учун хавфли бўлиб қолади. Ҳаво тоза деб тан олиниши учун бу кўрсаткич 50дан паст бўлиши лозим.

Рейтингнинг олдинги ўринларини Ҳиндистоннинг Деҳли, Калькутта, Покистоннинг Қарачи ва Лаҳор шаҳарлари, Исроил пойтахти Тел-Авив ва Американинг Лос-Анжелес шаҳарлари ва бошқалар эгаллашган. Бир кун ўтиб, Бишкек учинчи ўринга тушган, бироқ сўнгги йилларда шаҳар ҳавонинг ифлосланиши бўйича сурункали равишда дунёдаги олдинги ўринларни эгаллаб келмоқда.

Хасталиклар манбаи бўлган “қорабулут”

Ҳавонинг булғаниши саломатликка зарарли эканини бугун ҳатто ёш бола ҳам билади. Шу сабабли тутун ҳидини сезган бола оғзи-бурнини енги билан беркитишга ҳаракат қилади. Лекин бир неча йилдирки, Қирғизистон пойтахти расмийлари шаҳар осмонини қоплаган “қорабулут”дан шаҳарликлар ўпкасини ҳимоя қилишнинг йўлини тополмаяптилар. Бугун Бишкек шаҳрига кираверишда бир неча чақирим олисдан чангсимон, ҳунук туман кўзга ташланиб туради.

“Қорабулут” (русчаси – смог) асосан саноат корхоналари, иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар ва автомобиллардан чиққан газлар оқибатида атмосферанинг пастки қисмида пайдо бўладиган газлардан иборат тумандир.

Мутахассисларнинг айтишича, автомашиналардан чиққан газ билан заҳарланган ҳавода узоқ муддат нафас олиш одам организмида иммунитет танқислигини келтириб чиқаради. Бу эса ўз навбатида турли касалликларнинг ривожланишига шароит тузади. Бундан ташқари заҳарланган ҳаво бир қанча хасталикларнинг бевосита сабабчиси ҳам ҳисобланади. Автомобиллардан чиққан газ одамда нафас олиш етишмаслиги, гайморит, ларинготрахеит, бронхит ва бошқаларни, ҳатто ўпка саратонини келтириб чиқариши аниқланган. Бу газ бош мия атеросклерозини ва турли қон-томир касалликларига олиб келади. Бу – газдан келадиган барча балоларнинг тўлиқ тизмаси эмас.

Хуллас, бугунги кунда автомобиль транспорти атмосферани заҳарли моддалар билан булғовчи асосий омиллардан бири бўлиб қолди. Шу сабабдан автомобиль йўллари бўйида турли хил экинлар ёки мол-ҳол боқиладиган ҳашак ёки бошқа ўсимликларни ўстириш тавсия қилинмайди.

Англия пойтахти Лондонда 1952 йилда вужудга келган “қорабулут”нинг инсоният тарихидаги энг фожиали бўлгани қайд этилган. Ўшанда унинг таъсиридан 4 минг нафарга яқин одам ҳалок бўлган экан.

Кўлами бу қадар фожиали бўлмаса ҳам, бунга ўхшаш ҳолат Бишкек-Ўш автомобиль йўлида, денгиз сатҳидан 3500 метр баландликда жойлашган Туяошув довонидаги туннелда ҳам бўлган. 2001 йилнинг августида узунлиги қарийб 3000 метр бўлган туннелда юк машинаси бузилиб қолиб, иншоотда автомобиллар тиқилиб қолган. Ўнлаб машинадан чиқаётган газ тезда туннелни қоплаб, бир неча соат ичида 5 киши ҳалок бўлган, қирққа яқин одам оғир аҳволда касалхоналарга ётқизилган.

Юқорида аталган бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ Бишкекда ҳаво атмосфераси саноат ишлаб чиқариши ёки бошқа замонавий технологиялар сабабли эмас, асосан транспорт воситаларидан чиққан газ ва хусусий сектордаги чиқиндиларнинг ёқилиши туфайли ифлосланмоқда. Бунга Бишкек иссиқлик станцияси ҳам ўзининг “муносиб” улушини қўшмоқди. Пойтахт устини қоплаб турган “қорабулут” шаҳарликлар ва шаҳар меҳмонлари соғлигига қанчалик путур етказаётганини ҳисоблаб чиқадиган мард йўқ.

Металлоломбоп аравалар

Давлат рўйхатга олиш хизмати берган маълумотга кўра, бугунги кунда Қирғизистонда 1 миллиондан ортиқ автомобиллар рўйхатга олинган. Уларнинг 90 фоизидан кўпроғи 2005 йилдагача ишлаб чиқарилган, яъни, “ёши” 16дан юқори. Маълумки, машина эскирган сайин ундан чиқадиган газнинг ҳажми ҳам, заҳарлилик даражаси ҳам ортиб бораверади.

Шу сабабли ғарб давлатларида автомобиль эскиргани сайин унга тўланадиган солиқ кўлами ошиб боради. Европаликларнинг машинани 3-4 йил миниб, сотиб юборишларининг сабаби шунда. Биз эса ўша “янги” машиналарни қувонч билан сотиб оламиз. Бугун республика шаҳар ва қишлоқларида 25-30 йил аввал ишлаб чиқарилган машиналарни кўплаб учратиш мумкин.

Қирғизистонга янги машиналар жуда кам олиб келинади. Масалан, 2010-2015 йилларда ишлаб чиқарилиб, энг янги деб ҳисобланган машиналар сони бўлгани 35 минг атрофида. Охирги беш йилда ишлаб чиқарилган машиналар сони эса 7 минг атрофида холос. Умумий машиналар сони эса, юқорида айтганимиздек, бир миллиондан кўпроқ.

Аҳолисининг расмий сони миллионга етмаган пойтахт шаҳар Бишкекнинг ўзида 400 мингдан ортиқ машина бор. Бошқача айтганда, ҳар икки шаҳарликнинг бирида шахсий машина бор. Энди уларга кунига бошқа вилоятлардан келиб-кетиб турадиган минглаб машиналарни қўшиб кўринг…

2014 йилга қадар мамлакатга йилига 100 мингдан ортиқ тутилган машиналар олиб кириларди. Божхона тўловлари оширилгач, уларнинг сони кескин камайган. Бироқ аввал олиб келинган машиналарнинг “ёши каттайиб” бораётгани ҳам аниқ.

Ҳокимиятдагилар муаммога эътибор қилмаяптилар десак, тўғри бўлмайди, албатта. 2017 йили ҳукумат четдан олиб келинаётган “қари” машиналар сонини қисқартириш чораларини кўрган. Жумладан, энди 13 йилдан кўпроқ вақт аввал ишлаб чиқарилган автомобилларга божхона тўловлари энг кўп тўланади. Машина қанчалик янги бўлса, унга тўланадиган божхона тўлови шунча кам бўлади. Гибрид машиналарни олиб кириш ҳам фойдали бўлиб қолди. Электр билан юрадиган автомобиллар умуман божхона тўловларидан озод қилинган.

Вазият кўрсатиб турганидек, бу чораларнинг ўзи етарли бўлмаяпти. Ортидан тутун буруқсатиб, республика кўчаларида ҳавони заҳарлаётган эски машиналардан қутулиш, ёки ҳеч бўлмаса, улардан чиқаётган заҳарли газ ҳажмини камайтириш учун кескин чоралар кўриш зарур бўлиб турибди. Ваҳоланки, бу газлар сайёрамизнинг энг долзарб муаммоларидан бири – ҳавонинг глобал исиб бораётганининг ҳам асосий сабабларидан бири бўлиб турибди.

Туя гўштини еган полигон қурилиши

Бу соҳадаги иккинчи асосий муаммо – Қирғизистон мустақилликка эришгандан буён ўтган 30 йил ичида тинимсиз танқид ва баҳсларга сабаб бўлиб келаётган шаҳар аҳлатхонаси масаласидир.

Бишкек шаҳрининг шундоққина биқинида кунига юзлаб тонна аҳлат ташланадиган полигон бор. Неча йилдирки, бу аҳлатдан иборат улкан тоғларда ёнғин тинмайди. Узоқ турган аҳлат қизиб, бир неча гектар ҳудудни эгаллаган майдоннинг ҳар ерида тутаб, ёниб, атрофга аччиқ заҳарли тутун тарқатади. Ундан пайдо бўлган тутун ҳам шаҳар устини қоплаб, гоҳида “қорабулут” кўлами Қуёшни тўсиб қўйгудек даражага етади.

Ўнлаб йиллар давомида бу ерда аҳлатни қайта ишлаш заводини қуриш масаласи кўтарилиб келади. Бу заводни қуришни истаган компания, сармоядорлар ҳам йўқ эмас. Бу қурилишга маблағ ажратишга тайёр эканини билдирган халқаро ташкилотлар ҳам бор эди. Лекин негадир масала ўн йиллар давомида ҳал бўлмай келди. Бу ҳақда турли, эл оғзига тушган миш-мишлар мавжуд. Уларга кўра, амалдорлар завод қуришни истаган чет элликлардан катта миқдорда пора сўраганлари боис улар ҳафсалалари пир бўлиб, кетиб қолишмоқда. Бу гаплар қанчалиқ ҳақиқатга яқинлигини айтиш қийин, лекин “шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди”.

Узоқ музокара ва тортишувлардан кейин, ниҳоят, Европа реконструкция ва тараққиёт банки Европа Итттифоқи билан биргаликда завод-полигон қурилиши учун 22 миллион евро маблағ ажратишди. Эстониянинг Ehitusfirma Rand Ja Tuulberg AS компанияси билан 2017 йили битим имзоланиб, эстонлар заводни 2019 йили ишга туширишга ваъда беришди. Лекин турли сабабларга кўра 2019 йили битимга ўзгартиришлар киритилиб, завод қурилиши учун яна қўшимча 4,57 гектар ер ажратилди, битимда кўрсатилган дастлабки нарх ҳам оширилди. Қурилишни тамомлаш муддати эса 2021 йилнинг 1 июлига қадар узартилди. Лекин…

Негадир 2020 йилнинг апрелида қурилиш компанияси умумий иш кўламининг учдан биринигина бажарган ҳолда қурилиш ишларини тўхтатиб қўйди. Бунинг сабабини, умид қиламизки, тегишли органлар аниқлаб, ҳуқуқий баҳоларини берадилар. Лекин тажрибадан биламизки, бунинг сабаби – коррупция туфайли ё битим чала тузилган ва компания нотўғри танланган бўлиши мумкин, ёки иш давомида амалдорлар чет элликлардан қўшимча бир нарса талаб қилишган. Омон бўлсак, буни ҳам кўрармиз.

Оқибатда Бишкек шаҳрининг яқинда тайинланган мэри Айбек Жунушалиев полигон қурилишига 10,5 миллион евро маблағ беҳуда ҳавога учганини рўкач қилиб, эстон компанияси билан битимни бузишни топширди. Иш нима билан тугаши, шунингдек, бу ташаббус мэрнинг ўзидан чиққанми, ёки “катталар” ҳам шунинг тарафдорими экани ҳозирча ноъмалум. Лекин ярми грант, ярми қарз сифатида берилган 22 миллион евронинг деярли ярми сарфланиб, ишнинг бор-йўғи учдан бир қисми битганини ҳисобга олсак, иш катта жанжал билан тугашини, ва энг ачинарлиси, қурилиш яна бир неча йилга чўзилиб кетиши мумкинлигини таҳмин қилса бўлади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, олинган пулнинг ярмини қарз сифатида тўлаб бериш керак бўлади. Ўзи бусиз ҳам Қирғизистоннинг ташқи қарзлари унинг бўғзидан олиб турибди. Бугунги кунда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4 млрд доллар атрофида бўлиб, мамлакат аҳолисининг ҳар бирига, янги туғилган чақалоқдан тортиб, энг кекса фуқароларгача, таҳминан 750 доллардан тўғри келади.

Бугун расмийлар яна сайлов билан овора. 28 ноябрь куни республикада парламент депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Ўтган йилнинг октябрида ўтган сайловлар оммавий норозиликларга сабаб бўлиб, мамлакат президентининг алмашуви билан тугади. Жанжалнинг асосий сабаби – маъмурий ресурсларни қўллаш ва овозларни оммавий турда сотиб олиш бўлди.

Бу ҳолат, гарчи аввалгидай кўламда бўлмаса ҳам яна давом этмоқда.

Мамлакат кўпдан бери сайловдан сайловгача яшаб қолган. Яъни, республиканинг моддий, молиявий, иқтисодий-сиёсий ва ижтимоий аҳволи ҳақида гап кетганда, “сайлов ўтсинчи, бир гап бўлар”, дейилади. Сайлов эса, камида ҳар беш йилда икки мартадан (президентлик ва парламент сайловлари) ўтиб туради.

Қани бу сайлов ҳам ўтсинчи…

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Полигонда олинган расмлар муаллифи Влад Ушаков

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг