Россиянинг Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон”га муносабати ўзгарди

Президент Путин толибларнинг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга ҳаракат қилишини маълум қилган эди.

Россия оммавий ахборот воситаларининг толибларга нисбатан ишлатиб келган “Россияда тақиқланган ташкилот” деган иборадан воз кечгани бу жараённинг амалда бошланганидан дарак беради. Биринчилардан бўлиб, «Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги раҳбарияти ва «Россия 1» телеканали бош директори Дмитрий Киселёв ўз ходимларига «Толибон»ни Россияда тақиқланган ташкилот деб аташни тақиқладилар.

Бунинг ўрнига энди Россия журналистлари “Толибон”ни тилга олганда «ташкилот террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида» деб эслатма беришлари керак. Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, “Russia Today” холдингига кирувчи РИА “Новости” ва “Russia Today” телеканалининг веб-сайтларида аллақачон янгича эслатма ишлатилган хабарлар берилмоқда.

Расмий равишда “Толибон” Россияда террорчи ташкилотларнинг федерал рўйхатига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 августида Россия билан бир қаторда дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи деб тан олинган «Толибон» ташкилоти Афғонистон пойтахти Қобулни жангсиз эгаллагач, мамлакат бутунлай толиблар назорати остига ўтган.

Сал аввалроқ, 20 йилдан буён Афғонистонда жойлашиб турган АҚШ ҳарбий қисмлари мамлакатни ташлаб чиқиб кетган эди. АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари бугунгача толиблар ҳокимиятини тан олишни истамаяптилар. Россия расмийлари толибларни расман тан олмаган ҳолда “Толибон” вакиллари билан мунтазам равишда учрашиб, уларни Москвада қабул қилиб турибди.

Шу йилнинг октябрь ойида президент Владимир Путин Россия “Толибон”ни террорчилар рўйхатидан чиқаришга «ҳаракат қилишини» эълон қилди. Бироқ у шуни ҳам айтиб ўтдики, буни биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қилиши керак.

Афғонистонга чегарадош бўлган Марказий Осиё давлатлари ҳам толибларнинг раҳбарлари билан турли даражада музокаралар олиб бормоқдалар ва афғон халқига имкон қадар инсонийлик ёрдамини бериб турибдилар. Жумладан, Қирғизистон ҳам бир бор инсонийлик ёрдами жўнатган. Хитой Афғонистоннинг янги ҳукуматини расмий тан олиш тарафдори эканини маълум қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро уюмлар тез орада кенг кўламда инсонийлик ёрдами кўрсатилмаса, Афғонистонда озиқ-овқат, кийим-бош етишмаслиги ва бошқа ижтимоий муаммолар билан боғлиқ ҳалокат юз бериши мумкинлигини башорат қилмоқдалар.

Толиблар ҳокимиятни қайта қўлга олишгач, мамлакат бошқаруви Ислом шариати асосида амалга оширилишини эълон қилишган. Лекин бошқарув тизими қандай шаклда бўлиши борасида ҳали аниқ қарорга келингани йўқ.

Оқбура, Бишкек

Расм Би-би-си сайтидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг