Жалолободлик 11 нафар ёш спортчи республика чемпиони бўлиб қайтди

Чемпионлардан ташқари бир қатор ёш кун-фучилар совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлдилар.

Шарқ яккакурашининг Кун-Фу тижи йўналиши бўйича Бишкекда ўтган республика очиқ чемпионатида Жалолобод вилоятидан келган спортчилар ўзларининг зўр маҳоратлари ва юқори даражадаги тайёргарликлари билан спорт мухлисларининг эътиборини қозондилар.

Шуниси эътиборга лойиқки, 7 ёшдан 25 ёшгача бўлган спортчилар орасида қизлар ҳам оз эмасди.

Новкентлик кичкина спортчи Мамажонова Муслима иккинчи ўринни олди

Қишнинг совуқ кунлари ва 600 чақиримлик йўл қийинликларига қарамай, вилоятдан ҳаммаси бўлиб 30дан ортиқ спортчи ёшлар ва болалар республика пойтахтига келдилар.

Чемпионат очиқ бўлишига қарамай, бу сафар унга мусобақаларнинг доимий меҳмони бўлиб келишган қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистондан иштирокчилар келишмади.

Мусобақалар айниқса Сузоқ туманидан келган Абдуллоҳ Ҳолдоров мураббийлигидаги спортчилар учун натижали бўлди. Ўн нафар жангчидан 8 нафари республика чемпиони бўлиб, икки киши совринли ўринларни эгаллашди. Бозорқўрғонлик ўн спортчидан (спорт устози Жамолиддин Шерматов) бир киши чемпион бўлган бўлса, қолганлар совринли ўринларни эгалладилар.

Ўранган қизлар ҳам чемпион бўлиши мумкин. Оиша Нўъмонжонова

Энг кўп иштирокчи Новкент туманидан келиб, 17 спортчидан икки нафари чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, 8 спортчи иккинчи ўринни, 4 киши учинчи ўринни эгаллади. Улардан 11 ёшли Оиша Нўъмонжонованинг чемпион номини қўлга киритиши учун 10 сония кифоя қилди холос. Жангни шиддат билан бошлаган Оиша бир неча сониядан сўнг оғриқли усулни қўллаб, бишкеклик рақибини таслим бўлишга мажбур қилди.

Яна бир қизиқ воқеа. Бишкекка устоз ёрдамчиси сифатида борган новкентлик 23 ёшли Рўзибой Раҳмонов, мусобақаларда қатнашиш имкони борлигини билгач, иккиланмай майдонга тушди ва бирин-кетин ғалаба қозониб, уйига республика чемпиони сифатида қайтди.

Чемпионат даврасида спортчилар ва мураббийлар малакасини ошириш ва уларнинг маҳоратларини баҳолаш тадбирлари ҳам ўтказилди. Натижада Жалолобод вилоятидан келган устозлардан бири Жамолиддин Шерматовга катта тоифадаги ҳакам даражаси берилган бўлса, Абдумажид Матҳолиқов ва ота-бола мураббийлар Инъомжон Далибоев билан Азамат Далибоевларга биринчи тоифадаги ҳакам мақоми берилди.

Ёш спортчилардан бир қатори мураккаб имтиҳонлардан ўтишиб, турли тоифадаги белбоғлар соҳиблари бўлиб қайтишди.

Устозлардан Абдумажид Матҳолиқов ушбу спорт сафарига ҳомийлик қилиб, умуман спортчи ёшларни қўллаб-қувватлаб келаётган, ташкилий ишларга кўмак кўрсатган Акмалжон Мирҳакимов, Сардор Ризақулов ва бошқалардан миннатдор эканини билдирди.

Кун-Фу Федерацияси президенти Юрий Дмитрушенко биринчи тоифадаги ҳакам Абдумажид Матҳолиқовга Федерация ташаккурномасини топширди.

“Маҳаллий ҳокимият ва туман ҳокимлигига ҳам чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Улар ҳар сафар мана шундай ютуқлар билан қайтганимизда бизга моддий ва маънавий қўллов кўрсатиб туришади. Бугунги иқтисодий муаммоларга қарамай, шундай олис жойга, бир неча кунга фарзандларини жўнатган ота-оналарга ҳам раҳмат”, – дейди спорт мураббийи, – “Бу қўллов устозларни ва болаларимизни юксак ғалабалар сари илҳомлантириб, бизга куч беради”.

Қирғизистон Республикаси Кун-Фу федерацияси раҳбари Юрий Дмитрушенко ғолибларни мукофотлари билан табриклаб, уларга нафақат спортда, балки ўқишда ва келгуси ҳаётларида ҳам улкан муваффақиятлар тилади. Спортни ривожлантиришдаги жонкуярликлари учун спорт мураббийларидан Абдумажид Матҳолиқов, Иномжон Далибоев, Жалолиддин Шерматов, Абдуллоҳ Ҳолдоров ва бошқаларга Кунг-Фу федерациясининг ташаккурномалари топширилди.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг