САЙЛОВ ТУТҚАНОҒИ

Ибтидоий одамлар дунёга келиши биланоқ уларнинг қаршисида бир муҳим масала кўндаланг бўлди. Бу – бошқарувдир.

Бошқарувни одамзот ўзи ўйлаб топган қонун-қоидалар асосида йўлга қўйди. Улар бошда ўзларига ҳам жисмонан, ҳам ақлан кучли бўлган кишиларни бошлиқ этиб сайлашди. Шундай қилиб, инсоният тарихига назар солсангиз, бугунги сайловларнинг дастлабки нишоналари қадимий жамоаларга бориб тақалганини кўрасиз.

Ибтидоий даврларда ҳам уруғ ва қабила бошлиқлари, оқсоқоллар алмашиниб турган. Улар қабила орасидаги ҳурматга сазовор, мартабали кишиларни бошлиқ этиб сайлашган. Энг эътиборлиси, қабила аъзолари ўртасида мол-мулк жиҳатидан фарқ бўлмаган, тенглик ва муштарак манфаатлар ҳукм сурган, сайлов чинакам демократик тусда ўтган. Манбаларда бу сайловларни “ибтидоий коммунизм” деб ҳам аташади. Орага нафс балоси тушгач, ўша “ибтидоий коммунизм” илмий коммунизмга айланган бўлса не ажаб…

Ер юзида амал қилаётган бугунги сайлов тизими асосан бир пайтлар “Коммунизм шарпаси” кезган Европада таркиб топди. Мазкур “шарпа” Русия муҳитида ривожланар экан, Европага хос фазилатларини тарк эта борди. Шу баробарда ўша сайловлар назарда тутилган “ибтидоий коммунизм” ҳам ёввойилашиб, сўллашиб, большевиклашди. Русия орқали Марказий Осиёга келгач эса унинг фақат сохти-сумбати қолди холос. Айтиш мумкинки, бу масканда сайлов ҳокимиятга интилган кишиларнинг тутқаноқ касалига айланди. Бу касаллик ҳар тўрт-беш йилда бир марта қўзийди…

Албатта, бу гаплар муаллифнинг бўлиб ўтаётган турли мавқедаги сайловларнинг ҳақиқий сайловлардан нақадар узоқ эканини кўриб, айтган омади фикрлари. Дунё тажрибаси шуни исботламоқдаки, холис сайлов учун аллақандай ясама партияларнинг ясама шиорлари, ясама аъзоларнинг ясан-тусанлари эмас, сайловчиларнинг у ёки бу масалада собит эътиқоди, етти ўлчаб бир кесиши, маданияти, маънавий дунёсининг кенглиги, номзодларнинг эса амалдаги ҳокимиятга нисбатан қай даражада муқобил экани муҳим.

Европанинг сайлов тизимини қабул қилган Шарқда айни мана шу зарур шартлар сайлов тутқаноғи остида кўмилиб кетмоқда. Оқибатда, бу бир одамнинг ҳокимият тепасида ўн йиллаб туриши ёки бир “ҳуштак” билан мамлакатда «рангли инқилоблар» қўпиб, президентлар алмашуви, парламентларда эса “оғир вазнли” депутатларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Ниҳоят, Қирғизистонда ҳам навбатдаги парламент сайловига старт берилди. Сайлов шу йил 28 ноябрда бўлиб ўтади. Унда йигирмадан ортиқ партия ва бир мандатли сайлов округларидан икки юз нафардан кўп номзод иштирок этмоқда.

Албатта, уларнинг барчаси ҳам “сайлов тутқаноғи”га чалинмаган. Улар орасида янгича фикрлайдиган, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган кишилар бор. Ҳамма гап сайловчиларда қолган: қўлида пул ушлаган “тутқаноққа чалинганлар” ютадими ёки соғлом фикрли келажак?

 ХОЛИС НАЗАР

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг