ОВОЗ ҲАМ НОМУСДАН

“Хавотир” арабча сўз бўлиб, луғатда турли маъноларни англатади. Жумладан, нотинчлик, беҳаловотлик, ҳадиксираш, у ёки бу воқеа туфайли киши ташвишга тушишини билдиради.

Қирғизистонлик сайловчиларни ҳар бир сайлов олдидан турли хавотирлар қамраб олиши кўп бор кузатилган. Бу сафарги сайлов ҳам бундай ҳадиклардан ҳоли эмас. “Ҳали сайлов ташвиқоти бошланмасидан Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига турли хавотирлар ҳақида хабарлар оқими ортмоқда”, деб ёзади 24.kg ахборот агентлиги. Агентликка кўра, сайловчиларни сотиб олиш ва муддатидан олдин ташвиқот юргизиш ҳақидаги шикоятлар кундан-кун кўпаймоқда.

Биз бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун жойлардаги сайловчиларга мурожаат қилдик. Улардан бири исмини ошкор қилишни истамаган ҳолда бизга шундай деди:

–  Қирғизистонда сайлов асосан фақат қирғиз миллатига мансуб кишиларни қизиқтиради. Нимагаки, номзодлар ҳам улар, сайловчилар ҳам, сайлов натижаларини бекор қилувчилар ҳам ўзлари. Гап бор-ку, ўзига хон, ўзига бек, деган. Ўша матал бугун Қирғизистонда тасдиғини топган. Бунинг устига ўз номзодини қўйган эррайим сайловда иштирок этиш учун 100 минг сўм кафолат маблағи қўйиши лозим. Бунга эса ҳамма ҳам қодир эмас…

Маълумки, Жанубий Қирғизистонда ўзбеклар азалдан шаҳар ва қишлоқларда тўп бўлиб яшаб келган. Мана бир неча ўн йилки, турли сайловлар муносабати билан ўша жойлардаги туб аҳоли ўзи яшайдиган шаҳар ёки қишлоқдан узоқда бўлган сайлов округларига биркитилган ҳоллар мавжуд. Масалан, Ўш шаҳрининг марказидаги Қирариқ маҳалласи шаҳардан ўн беш чақирим узоқда жойлашган сайлов округидан қўйилган номзодга овоз беришга мажбур.

Бунинг сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид эканини халқаро миссиялар билмайди, дейсизми, билади. Аммо улар бу ҳақда гапириб, обрў топмаслигига ақллари етса керак-да. Уларки, гапиролмаса, биз нима дейлик?!

–  Аммо амалдаги Президент ўзи ўтказган Конституцион ўзгаришлардан сўнг сайловлар очиқ ва ошкора бўлишини таъкидламоқда…

–  Буни вақт кўрсатади.

–  Шундай бўлишига ишонмайсизми?

–  Сайлов тинч, байрам кайфиятида ўтишини ҳаммамиз истаймиз. Аммо бунинг учун сайлов бўладими, бошқасими, оддий кундалик турмушми, нима бўлсаям, барча миллатларнинг тенглиги таъминланиши керак. Азалдан тинч-тотув яшаб келган битта мусулмон миллатининг орасига пона қоқиб, уларни сунъий равишда пароканда қилмаслик керак.

Агар пул, амал, мартаба ортидан қувган амалдорлар бўлмаса, оддий халқнинг ўртасида талашадиган ҳеч нарса йўқ. Ҳамма бало айрим мансабдорларнинг нафс кўйига кириб, ўз халқлари ўртасига аллақандай низоларни солаётганида. Бугун ўшандай амалдорлар ўзбек халқида “сепаратист” (айирмачи) образини кўришади. Хўш, бу жафокаш халқ кимдан кимни, ё нимани айирмоқчи? Ахир ўша “айирмачи”лар мана шу жойларда минг йиллардан буён яшаб келмаганми? Улар бу ерлардаги одамларни ёки ерларни елкалаб бирон ёққа кетадими ё? Ахир бу заминда уларнинг ота-боболари, аждодларининг хоки ётибди-ку! Мантиқ йўқ!

Агар мендан, мақсадинг нима деб сўрашса: қўшним Базарбай билан тинч-тотув яшаш, холос. Ўша Базарбай сайланган парламентга мен ҳам сайланай, ўша Базарбай ишлаган давлат ишида мен ҳам хизмат қилай, давлат Базарбайнинг бошини қанчалик силаса, менинг бошимни ҳам шунча силасин, дейман. Ҳаётда бундай эмас-да. Масалан, Ўзбекистондан кеча кўчиб борган «базарбай»ларнинг мушугини биров «пишт» демайди, аммо минг йилдан буён шу заминда яшаб келаётган «камолвой»ларнинг авлоди ишсиз, елкаси қисиқ. Мана шундай шароитда сайловлардаги тенглик, очиқ-ошкоралик ҳақида гап бўлиши мумкинми? Қайси партия ёки номзод кафтингизга кўпроқ пул қистирса, ўшанга овоз берасиз-да!..

Албатта, бошқача фикрлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Уларга кўра, бугун Қирғизистонда оз бўлса-да, ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Биз исмини атамасликни илтимос қилган яна бир сайловчини гапга тортдик.

–  Қани айтинг-чи, яна қайси республикада коррупционер амалдор ўз чўнтагидан давлат хазинасига пул тўкяпти?  –  дейди бизнинг суҳбатдошимиз.  –  Бир нарсага эътибор беринг: баъзи мустақил давлатлар оммавий ахборот воситаларини кўр-кўрона чеклаб турган бир пайтда, Қирғизистонда ҳамма гаплар очиқ-ойдин айтилмоқда, таҳлил этилиб, эл муҳокамасига қўйиляпти.

Масалан, куни кеча кўпчилик сайтларда ГКНБ (МХДҚ – Миллий хвфсизлик давлат қўмитаси. – ред.) раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси Шаирбек Ташиевнинг Жалолобод вилояти Сузоқ районидаги бир мандатли округдан Жогорку Кенгешга ўз номзодини қўйгани ва Қамчибек Ташиев ўша округга бориб, бир сайловчига янги уйнинг калитини топширгани ҳақида кенг жамоатчиликка маълум қилинди. Бу ҳодисани ўрганишни эса Марказий сайлов комиссияси Ички ишлари вазирлигига ҳавола этди.

Менимча, мана шу каби ошкоралик Қирғизистон жамоатчилиги эришган катта ютуқ. Энди сайловда коррупция, айрим сайловчиларнинг минг сўм пулга ўз овозларини пуллаётгани масаласига келсак, бунда сайловчиларнинг айби йўқ. Бозорга боринг: маҳсулотга нархни сотувчи қўяди. У ўз молини харидорга мажбурлаб тиқиштирмайди. Харидор ўзи истаса ўша маҳсулотни сотиб олади, истамаса йўқ. Ҳамма нарса сотилишга маҳкум этилган бугунги кунда овоз ҳам товар бўлиб қолди…

Шундайку-я. Аммо… биринчидан, ўзини ҳурмат қилган номзод парламентдек муқаддас минбарни пулга сотиб олишга жаҳд қилмайди. Шу кунгача сайлов участкаларининг бозорга айланиб қолишида эса давлат мансабдорлари айбдор. Чунки ўша бозорнинг паттасидан тушадиган пуллар уларга оқиб туради. Башарти бу галги сайловлар ҳам бозор паттасига кўз тикадиган бўлса, ана унда бундай танловларнинг ҳеч бир қадри қолмайди. Иккинчидан, сайловчилар ҳам ўз ҳамиятларини сақлашлари керак. Зотан, овоз ҳам номус! Уни сотиш эса ўз номусини сотиш билан баробар!

Қўполроқ чиққан бўлса, маъзур тутгайсиз.

Холис Назар

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг