Ўзбекистоннинг асосий ҳудудидан учган биринчи самолёт Сўх анклавига қўнди

Ҳаво қатнови Қирғизистон ҳудудида жойлашган анклав аҳолисининг чегара орқали ўтиш бўйича муаммоларига барҳам бериши керак.

Самолёт синов сифатида Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридан учиб, ушбу вилоятга қарашли Сўх туманининг “Навобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган янги аэропортга келиб қўнган. Учиш вақти 40 дақиқани ташкил қилган. Бу ҳақда 1 ноябрь куни Фарғона вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Кейин самолёт яна Фарғона шаҳрига учиб кетган. Амалга оширилган парвоз ҳамда Сўх аэропортида яратилган техник шароитлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Бу қадар тез барпо этилган аэропортнинг майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил этади.

Сўх тумани Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудудида 1942 йили ташкил қилинган. Анклав 19 аҳоли пунктидан иборат бўлиб, 80 мингдан кўпроқ аҳолиси бор. Аҳолининг 99 фоизи тожик миллатига мансуб. Қолгани ўзбек ва қирғиз миллатларига мансуб.

Минтақада Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари чегаралари мураккаб тарзда чатишиб кетгани боис бу ерда кўпдан буён чегара аҳолиси ўртасида жанжаллар бўлиб келади. Натижада Сўх анклави аҳолиси Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғона вилояти марказига ўтишда йўл азобини тортиб келаётган эди.

2020 йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари чегарасида жойлашган «Чашма» булоғи яқинида икки давлат фуқаролари ўртасида жанжал чиққан. Турли маълумотларга кўра тўқнашувда икки томондан 1000га яқин одам иштирок этган. Натижада иккала томондан 200дан ортиқ одам жароҳат олиб, бир неча уйларга ўт қўйилган эди.

Бу тўқнашувдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Сўх тумани муаммоларини ҳал қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаган бўлиб, улардан бири бу ерга аэропорт қуриш эди.

Аэропорт, 2020 йил, 8 августда президент имзолаган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор асосида қурилди.

Оқбура, Бишкек.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг