ЎШ ДЎППИСИ
Ўш дўпписи – Ўшликлар учун алоҳида қадрият. У шунчаки бош кийими эмас, балки Ўшлик дўппидўзлар меҳнати ва маҳорати намунаси, миллий санъатнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўш сетора дўпписининг ўзига хос безаклари, юмшоқ нақшлари, гулбаргдек майин тикиш услуби гўё инсоннинг ички поклиги, садоқати ва солиҳлигини таъкижлаб турарди. Чеварлар ҳар бир дўппини катта меҳр билан тикишади, унинг ҳар бир нуқтаси эътибор билан чатилади.
Бугун Ўшда бу ҳунар авлоддан-авлодга ўтмасдан, қадр-қимматини йўқотиб бормоқда. Дўппидўзлар дўппини тикишда анъанавий усулларни четлаб, замонавийлик ва миллийлик ўртасидаги уйғунлик бузилмоқда. Шу боис дўппи энди фақат бош кийими бўлиб, унинг миллий ўзлик ва ифтихор сифатидаги аҳамияти камаймоқда.Ҳозирги кунда Ўш шаҳри ва атрофидаги дўппидўзлар ушбу нодир ҳунарни сақлаш ва ривожлантиришга эътибор бермай қўйди. Миллий ҳунармандчилик паторат топиб, ёш авлодга қадр-қимматни ўргатишда жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда.
Таниқли журналист Салтанат опа Файзуллаева «Ўш оқшоми» газетасининг 2018 йил 3 октябрь сонида эълон қилган мақоласи орқали ушбу ҳунар тарихи ва аҳамияти ҳақида маълумот берган. Ўша мақолада, жумладан, Ўшлик машҳур дўппидўз Мавлуда опа Эгамбердиева билан суҳбат бор эди.
– Отам кийим-кечакнинг жуда сарасини харид қиларди. Бу масалада анча дидли бўлган онамга ҳам ишонмасди. Отам ўзи механизатор бўлса-да, ишдан ташқарида «интеллигент инсон» қатори кўзга ташланарди. Кийган дўпписи Ўшда ягона бўларди. Доим бошида янги, охори тўкилмаган «сетора» дўппи бўларди. Бу дўппи бошқа дўппилардан кескин фарқ қиларди.
Отамнинг чевари Наманганнинг Чустидан бўлиб, Умухон исмли қизи тикиб берарди. Отам вақти-вақти билан Чустга бориб, дўппи олиб келарди. Умухон жуда ҳам гўзал ва жозибали қиз бўлган. Қош-кўзи мафтункор, юзлари чўзиқ, ранги қирмизи олмага монанд эди.
Тақдир тақозосини қарангки, бу чевар қиз отамнинг яқин дўсти ва қадрдонига умр йўлдош бўлиб, Ўшга келиб қолади. Куёв танлаган қизидан кўнгли тўлиб, отамга, мана, энди дўппи учун Чустга бормайсиз, деган экан.
Онам ҳам яхшигина чевар эди. Бозорнинг энг олди эркак дўппилари, қолаверса, бозорларда камдан-кам учрайдиган нозик дўппилар тикади. Нозик дўппиларни айниқса олис юртлардан Ўшга келган меҳмонлар бажонидил сотиб олиб, буюртмалар беришарди. У пайтларда нозик дўппиларнинг чиройли, ранг-баранг турлари бўлар, келинчаклар уларни хавас қилиб кийишарди, сепларига қўшиб қўйишарди.
У замонларда биз ҳали бола эдик, шу сабаб катталарнинг касбига қизиқиш тўла шаклланмаганди. Мана энди Умухон аянинг ҳаёти билан яқинроқ танишиш учун Ўшнинг Деҳқонқишлоғидаги уйига йўл олдим. Умухон аянинг иккинчи қизи – ўрта бўйли, истараси иссиқ, сўзлари сермаъно Мавлудахон опа пешвоз чиқди. Суҳбатимиз тезда кўнгилларга мос келди:
“Онажоним Ўшга уруш йиллари келин бўлиб келган экан. Отам бир оз вақт ўтиб урушга кетади. Онам ўгай қайнонаси, қайинэгачиси Отикахон ва қайинсинглиси Турсуной аммаларим билан уйда қолади. Қўлидаги ҳунар – дўппига харидор бўлгани учун дўппини кам тикади.
Уруш тугагач, дадам бир оёғидан айрилиб келади ва оиласини боқишга киришади. Ўша пайтда қайиноғаси Анваржон амаким ҳам урушдан бир қўлидан айрилиб келган экан. Қайининиси Одилжон акам армияга кетган. Бирин-кетин фарзандлар туғилади: опам Моҳирахон, мен, кейин сингилларим Матлубахон ва Масъудахон ҳамда укам Рустамжон. Беш бола эдик. Урушдан кейинги йилларда етишмовчилик, қимматчилик бўлган. Давлат ўзини ўнглаб олгунча одамлар жуда қийналган. Шунда катта онам Чустдан Ўшга келишида дўппи учун таглик, ипак олиб келади. Онам дўппи тика бошлайди. Лекин отам бозорга туширишни истамайди: «Хоҳлашса, уйдан келиб олиб кетишсин», – дерди. Аввалига отамнинг дўст-жўралари ва қўни-қўшниларнинг эркакларига тикади. Секин-аста дуппининг чиройи, таглигининг тозалиги ва ишининг текислиги ҳақида довруғи тарқай бошлайди. Ҳовлимизга қоғозга размерини ёзиб олган таниш ва нотаниш аёллар келиб дўппи буюртма беришар, муддатида олиб кетишарди. Шундай қилиб, ишлари анча юришади. Ўшда ҳам қора ва кўк сатиндан бўлган тагликлар савдоси кенгаяди. Онам таглик тугаганда ров бозорга тушиб, танлаб таглик ва ипак олиб келиб, ишини давом эттирарди. Дўппиларини эса биз, қизлари орқали пресс қилдириш учун бир холанинг уйига юбориб турарди. Кейинчалик ўша хола ва унинг қизлари — Ойтожихон, Умматхон, Ҳабибахон опалар билан қариндошдек яқин бўлиб кетишди. Онам умрининг охиригача улар билан борди-келди қилиб яшади. Онажоним ўшалар билан, туғишгандан зиёда яқин бўлиб йилларни ўтказарди. Оғир-енгил кунларида бирга бўлишарди. Онам ёшлигидан гўзал, тили ширин, ўзбек ва тожик тилларида бирдек гапирар, ҳамма билан осон тил топишарди.
Кунлардан бирида таглик тугаб, бозорга боради. Бозорда бир киши қўлидаги «Ўзбекистон хотин-қизлари» («Саодат») журналидаги дўппи расмини аёлларга кўрсатиб, ким тика олишини сўраб юрган экан. Дўппидўзлар расмдан тикишга ботина олмасди. Шунда у киши:
“Тушунаман, расмдан тикиш қийин. Сизлар тагликдаги расм устига тикиб ўрганиб қолгансизлар-да”, — деб кетмоқчи бўлади.
Шунда онам бир оз ўйлаб:
—– Мeнгa берасизми? Бир ҳаракат қилиб кўрай, ўхшармикан? – деб буюртмани олади.
Онам расмни пухта ўрганиб, дўппини муддатида битиради. Пресс қилдириб, тайёр қилади. Айтилган кунда буюртма эгасининг хотини келиб кўради ва ҳайратга тушади.
– Бу дўппи аввалгиларга умуман ўхшамайди! Бундай дўппини биринчи марта кўряпман!
Онам эса унга:
– Бу «сетора». Расмдаги дўппининг ўзи, – деб жавоб беради. Онам ҳам бу дўппи худди сетор чолғусига ўхшаши боис номи «сетора» эканлиги ҳақида гапиради. Шу тариқа, Ўшда сетора дўпписи пайдо бўлади. Бу аёл ҳам онамга яқин эгачидай бўлиб кетади.
У пайтлар ҳамма дўппи кияр, алоҳида дўппи бозори бўларди. Ҳозир ҳам муқим бу бош кийимида юрадиган эркаклар бор. Аммо кўплар фақат тўйида ёки бирор жойга жанозага борганда кийишади.
Олтмишинчи-саксонинчи йилларда дўппи тиккан аксар чеварлар оламдан ўтиб кетишди. Яратган уларнинг ҳаммасини, жумладан онажонимни ҳам раҳматига олсин. Биз фарзандлар доимо Қуръон тиловати ва дуодамиз.”
Умухон аяларнинг уйи айни пайтдаги фаввора ўрнида (ЎшДУнинг рўпарасида) бўлган. Дўппини прессловчи холанинг уйи эса йўлнинг у томонида (ҳозирги «Телеком» корхонаси рўпарасида) бўлган. Бу аёлни ҳам суриштириб, Ўшнинг Амир Темур (собиқ Калинин) кўчаси бўйлаб, Маяковский тор кўчасига бордик. Холанинг набиралари билан учрашдик. Олтмиш ёшларни қаршилаган Маҳмуджон хонадон эгаси ҳисобланади.
– Катта онамнинг исми Буойша эди. Уч нафар қизи бўлиб, ўғли бўлмаган, – дея сўз бошлади у. – Катта отамиз уруш бошидаёқ ҳарбийга кетган. Бувим дўппи ортидан оила тебратган. Бу ҳунарни уч қиз орасида фақат менинг онам – Умматхон мукаммал эгаллаб, онага таянч бўлган. Бувим бошқа чеварлар тиккан дўппиларни ҳам чиройли пресслаб берарди. Дўппини пресслашда гап кўп. Умухон ая тиккан дўппиларга бувим катта баҳо берарди. Умухон ая тиккан «сетора» дўппилари бозор кўрмасди. Уйдан нари харидорларини топарди. Бувим жуда художўй, ишни сифатли қилиш учун астойдил уринар эди. Бировлардан ёрдамини аямасди. Умухон ая учун доим эшиклари очик бўлган, худди ўзининг қизидек муносабатда бўларди, бу мусофир деяр, мусофирдан мехр-мурувватни аямаслик шартлигини такрорларди. Умухон ая ҳам худди онасидек мехр берганди.
Шуни яхши биламанки, бувим шу ҳунари билан бутун бошли оилани тебратган, қизларни турмушга узатган, катта отамиз эса урушга кетган бўйи қайтмаган, қорахат келган. Қизларнинг куёвлари орасида ҳам урушга кетганлари бўлган. Қизлар оилалари, набиралар насибаси ҳам дўппи тикиш ортидан келган. Баъзан момомни кўз олдимга келтирарканман, раҳматли энамга қанчалар қийин бўлган, бу қийинчиликларни игна учи билан енгган, деб, алланечук бўлиб кетаман. Ҳозирги кундаги баъзи хотин-қизларнинг ҳаётга енгил-елпи қарашларидан вужудим титрайди. Момомнинг руҳлари ва у каби аёллар қаршисида бош эгишга доим тайёрман!
Бош кийими, у қайси миллатники бўлмасин, бошқа либослар орасида қадр-қиммати баланд туради. Эркакка ҳам, аёлга кўрку салобат беради. Кейинги йилларда дўппи бозори кичрайиб кетган. Дўппи ҳаридорлари ҳам саноқли. Дўппифуруш Дилоромхон опанинг сўзларига қараганда, дўппидўз чеварлар қолмади. Аксарият Ўзбекистондан опкелинган дўппилар сотиляпти.
Аммо замон яхшиланиб боргани сари, қадриятларимиз яна юксалади, Ўшнинг дўппи бозори ҳам асл ҳолига қайтади, дўппи кийган эр-йигитлар ва хотин-қизлар сафи кенгаяди, деган умидимиз бор.
Одилжон Дадажонов
