Хушёр бўлинг, мигрантлар! Россияда юриш бўйича эски тартиб тикланади

Меҳнат мигрантларига Россияда қолиб ишлаш учун берилган енгилликлар муддати узартирилмайдиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путиннинг 2020 йилнинг апрелидаги махсус фармонига кўра, карантин муносабати билан меҳнат мигрантларига Россияда яшаб туриш ва ишлаш бўйича енгилликлар берилган эди. Бу коронавирус балоси туфайли самолётлар учмай қолиб, уйига кета олмай қолган муҳожирлар учун жуда қўл келган эди. Кейин енгилликлар муддати 2021 йилнинг октябрига қадар узартирилган.

Россия президентининг аталган фармонига мувофиқ карантин киритилиши сабаб Россияда қолиб кетган чет эл фуқаролари рухсат қоғозисиз бемалол у ерда қолиб, ишлаб туришлари мумкин эди. Россия мигрантлари федерацияси тарқатган хабарга кўра, энди бу енгилликлар муддати узартирилмайди. Яъни, жорий йилнинг 30 сентябридан тортиб Россияда юриш учун чет эл фуқаролари яроқли меҳнат патенти ва муддати узартилган миграция рўйхатига эга бўлишлари шарт.

Диққат! Меҳнат патенти ва мигрант сифатида рўйхати бўлмаганлар 30 сентябргача Россия ҳудудини тарк этишлари керак. Мамлакатга яна қайтиб кириш учун бошқа давлатда камида 90 кун юриш лозим бўлади. Бугунгача Россияда ноқонуний юрган чет эл фуқаролари шу йилнинг 30 сентябрига қадар мамлакатни тарк этишлари керак, акс ҳолда улар Россия ҳудудидан мажбурий равишда чиқариб юбориладилар.

Саволлар билан Россия мигрантлари федерациясига 8 (963) 997-42-10 ва 8 (926) 130-75-00 телефонлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Россия ИИВ берган маълумотга кўра, ўтган йилнинг март ойида бошланган тож вируси билан боғлиқ карантин бошланганда Россияда юриш муддати тугаган 1 миллион 600 минг чет эл фуқаролари бўлган. Карантин даврида улардан 450 нафари Россиядан мажбурий тарзда чиқарилиб, махсус рейслар билан ватанларига жўнатиб юборилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 августидан тортиб Россияга келаётган меҳнат мигрантлари топшириши лозим бўлган имтиҳонлар бўйича янги қоидалар кучига кирди.

Россия Таълим ва фан соҳасини назорат қилиш федерал хизмати тарқатган маълумотга кўра, энди Россияга келишдан кўзланган мақсадга қараб, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар имтиҳонларни уч хил даража, ёки тоифада топшириши керак бўлади. Улар бири-биридан саволларнинг мураккаблиги даражаси билан фарқланади.

Саволлар асосан рус тили, Россия тарихи ва бу мамлакат қонунчилигига доир бўлиб, имтиҳон топширишнинг барча даражалари бўйича талабларнинг тўла матни билан рус тилида танишиш учун шу ерга босинг.

Янги низомга кўра рус тили бўйича имтиҳон оғзаки ва ёзма равишда ўтказилади (ишлашга рухсат ёки патент олишни кўзлаган фуқаролар бундан мустасно). Россия тарихи ва мамлакат қонунчилиги бўйича имтиҳон тест кўринишида, ёзма равишда, жумладан компьютер ва оралиқ масофадаги технологияларни қўлланган ҳолда топширилади.

Бобур Мирзоев, Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг