НАВОИЙ НАЗДИДА, ЯШАШДАН МАҚСАД…

Кўзунгга тани нотавоним фидо,

Равонбахш лаълингға жоним фидо.

 

Лабинг ранги оллида қоним сабил,

Қадинг жилвасиға равоним фидо.

 

Белу оғзинг олди тану жонниким,

Анга ошкору ниҳоним фидо.

 

Бағир лаъли, кўз дурри оллингда сарф

Демайким, сенга баҳру коним фидо.

 

Жунун бирла ақлим ғаминг садқаси,

Ки оллингда яхши-ёмоним фидо.

 

Фано даштида қани оворалик,

Ким ул сайрға хонумоним фидо.

 

Навоийдин олдинг кўнгул, жонни ҳам

Сенга айлай, эй дилситоним, фидо”.

Бу олти байтлик ихчамгина ғазал “Хазойинул маоний” тўпламидаги “Наводируш шабоб” девонига кирган. Бу муаззам куллиётда “фидо” сўзи радиф бўлиб келган бошқа ғазаллар ҳам бор, аммо айнан шу шеър, ритмининг ўйноқилигига кўра бўлса керак, кўп санъаткорлар томонидан ашула қилиб айтилган, “Шашмақом”дан ҳам ўрин олган.

Ошиқона руҳдаги бу ғазал лирик қаҳрамоннинг ёрга хитобан айтган илтижоларидан иборат. Радифга олинган “фидо” сўзи асарнинг мотивини белгилаб берган. Талқин қилишга ўтамиз.

Кўзунгга тани нотавоним фидо,

Равонбахш лаълингға жоним фидо.

Кўзингга бу заиф, ожиз жисмим садқа бўлсин,

Жоним эса жон берувчи ёқут лабингга фидо бўлсин.

Кўз кишининг қадди-қоматини кўради. Ёрнинг қотил кўзи олдида ошиқнинг қадди янаям ожиз бўлиб кетади. Унинг учун бу кўз қаршисида фидо бўлишдан ўзга чора йўқ. Иккинчидан, қадимда кўз билан йиқитиш, кўз билан ҳалок қилиш тушунчаси жуда оммавий эди, бундай кўз ҳар кимда ҳам бўлавермаган. Ёрнинг кўзи айнан ана шундай ҳалок қилувчи кўз деб таърифланади. “Равонбахш” – жон ато этувчи, дегани. Аслида, ёрнинг лаби оби ҳайвон (обиҳаёт)дан ҳам кучли, у бир лаҳзада жон ҳадя қилиши, истаса, ўша онда жон олишга қодир. “Равонбахш” сўзида, бу бутун борлиқни Оллоҳ таоло биргина “Кун!” (ярал!) деган сўзи билан пайдо қилиб, жон берганига ишора ҳам бор, менга жон ато этган ёқутранг лабингга жоним фидо бўлсин, дейилаётир. Бу ёқут (лаб)нинг таърифи кейинги байтда давом эттирилади:

Лабинг ранги оллида қоним сабил,

Қадинг жилвасиға равоним фидо.

Лабингнинг ранги олдида менинг қоним (ранги)нинг қадри қолмайди, Қоматинг жилва қилишига менинг тик юришларим фидо бўлади.

Ёрнинг лаби қизил. Шунчаларки, унинг олдида қоннинг ранги ўчади. Ёрнинг қадди сарвдан ҳам, ҳатто жаннатдаги тўби дарахтидан ҳам адил, унинг жилваси олдида ошиқ ўзининг равон юришлари ҳеч эканини англайди, бу “сарви равон”, “сарви хиромон” каби таърифлардан ҳам ортиқ. “Қайси тўби жилваси сарви хиромонингча бор? Қайси кавсарнинг зулоли оби ҳайвонингча бор?” деган байт юқоридаги маънони далиллайди.

“Лабинг ранги оллида қоним сабил” деган мисрадаги “ранги оллида” ифодасида ёр лаби ранги олдида, яъни бу лаб қаршисида деган маъно етакчи. Бироқ, шу билан бирга, “ранги ол” (лабингнинг қизил ранги) деган маъно ҳам борки, бу бадиий санъатни пайдо қилган. Кейинги байт: 

Жунун бирла ақлим ғаминг садқаси,

Ки оллингда яхши-ёмоним фидо.

Телбалигим ҳам, оқиллигим ҳам сенинг ғамингдадир (бас шундай экан), нимаики яхши-ёмон жиҳатим бўлса, ҳаммаси сенинг олдингда фидо бўлсин.

Ёрга етишиш йўлида оқиллик ҳам, телбалик ҳам нафсиз. Булар унинг ғамида чекиладиган заҳматлар, холос. Ёр висолининг калити ҳам ёрнинг ўзида, уни ўзидан ўзга билмас. Шундай бўлгач, ёрнинг ўзига арзиҳол қилиб, ҳар неки яхши-ёмонлигим билан сенинг олдингда қулман, дейди лирик қаҳрамон. Албатта, бу байтда Навоиёна ички санъатлар ҳам бор, фалсафа ҳам Навоиёна. Яъни, ғамингда ақлим жунунга берилди, деган яна бир маъно, кейинги мисрада эса, нимаики айбим, неки фазилатим бўлса, бари – ўзингдан, деган тақдири азалийга ишора бор.

Фано даштида қани оворалик,

Ким ул сайрға хонумоним фидо.

Фано саҳросидаги оворалик деганлари қани (менга беринг уни),

Чунки мен ўша сайрга хонумонимни фидо қилишга тайёрман.

Бу байтда Навоий инсоният даҳоларини кўп ўйлантирган масалаларга жавоб берган. Улардан бири – бахт нима ўзи, кимни бахтли дейиш мумкин, деган саволдир. Донишмандлар, бахт – бахт сари интилишда, деб эътироф этганлар. Бахт – бир кун етиб бориб қўлга киритиладиган бир буюм ё жиҳоз эмас, балки идеалга интилишнинг ўзидир. Ёр висолига етишган ошиқнинг бошқа муддаоси қолмайди, орзусига эришгач, орзуларидан айрилади. Шундай экан, висолга талпиниш, ҳатто висолнинг ўзидан ҳам тотлироқ. Шоир ўткинчи бу дунёнинг дашту саҳроларида ёрни деб овораи сарсон бўлиб юрмоқ – менинг матлабим, шу сарсонликнинг ўзига хонумоним фидо бўлсин, дейди. Бу оворалик – менинг учун сайр, яъни истироҳатдир, дейди. Янада ичкарилайдиган бўлсак, бу сайрни сайри сулук – ҳақ йўлига тушганларнинг ҳақни англаш йўлидаги сайри, деб ҳам тушуниш мумкин бўлади.

Навоийдин олдинг кўнгул, жонни ҳам

Сенга айлай, эй дилситоним, фидо. 

Навоийдан кўнгилни олдинг, эй дилситоним,

Энди жонини ҳам олки, бари сенга фидо бўлсин.

Лирик қаҳрамон айтадики, эй ёр, сен Навоийдан кўнгилни ўзингга олдинг (ва дилистон – дил сақланар жой бўлиб қолдинг), унга жоннинг не кераги бор, жонини ҳам ол, уни ҳам сенга фидо қилай.

Қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак (чунки бизда Навоиёна назокат ва фасоҳат қайда?), шоир бу дунёда ёр ишқи билан тўлган кўнгил бўлмаса, кишининг яшашидан, кун кўришидан маъно йўқ, жони ҳам олингани яхши, деб айтяпти.

Дарҳақиқат, мутақориб баҳрининг фаулун фаулун фаулун фаул (мутақориби мусаммани маҳзуф) вазнида битилган бу ғазал, юқорида айтилганидай, анча ихчам, ритми енгил. Бироқ шунга қарамай, унда улуғ мутафакир шоирнинг юксак бадиий фалсафаси, ҳаётий эътиқоди тўлиқ акс этган. Ана шу мисол орқали ҳам Навоий “Чор девон”ни “Хазойинул маоний” – маънолар хазинаси, деб атагани бежиз эмас эканига иқрор бўламиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар