ШОКИРЖОН АКАНИ ЭСЛАБ (Таъзия ўрнида)

Бу инсонни билганлар уни дилкаш инсон, содиқ дўст, миллатпарвар зиёли, эл-юрт фидойиси сифатида эслаб қоладилар.

Шундай одамлар бўладики, исми тилга олингандаёқ эшитганларнинг юзларига табассум югуради. У одам ҳақида илиқ гапларни айтиб, ҳурмат изҳор қилинади. Шокиржон ҳожи Ҳамробоев ана шундай қалби дарё, ёрқин инсонлар сарасидан эди. Бугун унинг исмини тилга олар эканмиз, юзларимиз ғамгин, қалбларимиз қайғуга чўмган…

Aлишер Нaвoий нoмли Жaлoлoбoд вилoяти Ўзбек миллий-мaдaний мaркaзининг иш бoшқaрувчиси, Хaлқлaр дўстлиги университетининг Фaхрий дoценти, Қирғизистoн хaлқ мaoрифи aълoчиси, oлий тoифaли ўқитувчи Ҳaмрoбoев Шoкиржoн Юсуфжoнoвични бешaфқaт aжaл 2021 йил 13 сентябрь куни oрaмиздaн oлиб кетди.

Шокиржон Ҳамробоев

Шокиржон ҳожи Ҳамробоев 1950 йил 20 майда Сузоқ туманидаги Сузоқ маҳалла қишлоғида колхозчи оиласида туғилган. Ўрта мактабни битиргандан сўнг Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги Фарғона давлат университети) химия-биология факультетига ўқишга кирди. Уни 1973 йилда муваффақиятли тамомлаб, ўз қишлоғига ўқитувчи бўлиб келди.

Шокиржон Ҳамробоев Сузоқ туманидаги Ҳамза номли мактабда чорак асрдан кўп химия-биология фанидан ўқувчиларга сабоқ берди. Ўқитувчилар жамоаси орасида ҳалол меҳнати билан ўзига яраша обрў топди, ўқувчиларининг севимли устозига айланди. Кечки мактабда директор бўлиб ишлади. Меҳнатсеварлигини кўрган раҳбарлар уни ишлаб чиқариш бригадасига раҳбар этиб тайинладилар. Унинг ишбилармонлиги шу бригада фаолиятида янада яққолроқ кўринди. Бригадага раҳбарлик қилган пайтида ўша давр талабларига хос равишда режани ўз вақтида ва ошириб бажариш шарафига эга бўлди.

Бир неча йил у Маорифга кўмаклашиш фондига раҳбарлик қилиб, вилоят мактаблари ишига, ўзбек тилида ўқитилувчи мактабларнинг муаммоларини ҳал қилишга жиддий ҳиссасини қўшди. Шу йилларда бир нечта дарслик рус ва қирғиз тилларидан ўзбекчага ўгирилиб, мактабларга тақдим этилди. Вилоят мактабларида турли муаммоларга бағишлаб кўплаган семинарлар ва ўқишлар ташкил қилинди.

Шокиржон Юсуфжоновичнинг жамоатчи сифатидаги асосий иш фаолияти Алишер Навоий номли Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий марказига ишга ўтгандан кейин бошланди. У марказнинг иш бошқарувчиси сифатида ташкилотнинг оёққа туришига, янги ишларни уюштиришга ўз ҳиссасини қўшди.

Марказ қошида “Дийдор” газетаси чиқа бошлагандан кейин газетанинг менежери сифатида жон куйдириб ишлади. Газетани кенг тарқатиш мақсадида вилоятдаги ўзбеклар яшаган барча қишлоқларга шахсан борди. Натижада, “Дийдор” газетаси нафақат Жалолобод вилояти, балки бутун республика бўйлаб тарқатила бошлади. Ўша пайтда Ўш ва Жалолобод вилоятларида нашр қилинадиган ўзбекча газеталарнинг нусхаси 1500 дона атрофида бўлган бўлса, “Дийдор”нинг адади 5000 тага етди.

У қаерда, ким бўлиб ишламасин, астойдил ва ҳалол ишлади. Одамларнинг қалбига йўл топа билди. Дилкаш инсон, содиқ дўст, миллатпарвар зиёли, эл-юрт фидойиси сифатида нафақат Жалолобод, балки бутун Қирғизистоннинг жанубий вилоятларига танилди.

Шокиржон ака аския санъатидан ҳам жуда хабардор эди. У бор жойда сўзсиз кулги бўлар эди. Ўзбекнинг машҳур аскиячилари Махсум бува, Ҳасанбой Султонов каби аскиячилари билан бир даврада аския қилиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлган. Латифа айтишда эса олдига одам туширмас эди. Ҳамиша қувноқ, фақат яхшиликни гапирадиган дилбар одам эди.

Шокиржон ака 60 ёшга тўлганда “Дийдор”да табрик берилган, яхши тилаклар сўнгида қуйидаги тўртлик ҳам ёзилган экан:

Юз-кўзингиз нурлидир кундай,

Қалбингиз оқ – олий нав ундай.

Саксон, тўқсон, марра юз бўлсин –

Юраверинг, ўзгармай шундай.

Лекин банданинг ўйлагани эмас, Яратганнинг айтгани бўлар  экан. Шокиржон ака 71 йил умр кўрди. Бугун у орамизда йўқ. Аллоҳ Шокиржон аканинг билиб-билмай қилган гуноҳ, камчиликларини мағфират қилсин, жаннат боғчаларидан жой ато қилсин, қолганларга сабри жамил берсин, деб дуолар қиламиз.

Шокиржон ҳожи Ҳамробоевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда сақланиб қолади.

Бир гуруҳ дўстлари

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг