Ўзбек жайронлари Қирғизистонга келади

Бугунги кунда Қирғизистонда жайронларнинг умуман қирилиб кетганлиги расман тан олинди.

Жорий йилнинг октябрь ойида Қирғизистонга қўшни Ўзбекистондан 15 дона жайрон келтирилади. Бу ҳақда журналистларга Қирғизистон Миллий академиясининг Биология институти вакили Асқар Давлетбаков маълум қилди. Бу ҳақда икки давлат бир битимга келган, энди оддий расмиятчиликлар адо этилгач, юзлаб шоирлар ва ҳофизларга илҳом бағишлаб келган жониворлар икки давлат чегарасини кесиб ўтишади.

Давлетбаковнинг айтишича, Қирғизистонда жайронлар умуман қолмаган. Унинг ўзи шахсан 2007 йилда уч дона жайронни кўрган, кейин улар аввал яшаган жойларида сира учрамаган. “Шу сабабли биз бугунги кунда жайронларнинг бутунлай йўқолиб кетганини эътироф қилдик”, – деди Давлетбаков.

Хавфсизлик чораларига амал қилинган ҳолда олиб келинган «меҳмонлар» маълум вақтгача махсус катакларда сақланади. Аста-секинлик билан маҳаллий шароитга кўндирилиб,  табиат қучоғига қўйиб юборилади.

Жайронлар мамлакатда “Қизил китоб”га киритилган бўлиб, уларни ов қилганларга бир миллион сўм (11,5 минг доллар атрофида) миқдорида жарима солиш қаралган. Ўтган аср, яъни Совет даврида Қирғизистонда жайронлар сони етарли даражада кўп бўлган. Улар асосан Иссиқкўл ва Чуй вилоятлари сайҳонликларида яшашган.

Жайронлар яшаган чўл ва чала чўл ерлар қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланила бошлагач, улар аста-секин бу ҳудудлардан қувиб чиқарила бошлади. Кейин уларни шафқатсиз ов қилиш натижасида ўтган асрнинг 80 – 90-йилларига келиб бу ерларда жайронлар қирилиб кетган. Бу фожиа атоқли ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Кунда” асарида жуда жонли тасвирланган.

Бунгача Қозоғистон билан келишилган битимга кўра 2019 йили у ердан 50 дона жайрон олиб келиниши керак эди. Ҳозиргача бу битим амалга оширилгани йўқ. Ҳозирда бу давлатда турли маълумотларга кўра 14 мингдан ортиқроқ жайрон бор.

Ўрта Осиё давлатларидан ташқари жайронлар Эрон, Арманистон, Афғонистон давлатларида, Покистоннинг ғарбида, Мўғилистоннинг жанубида ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухторияти ҳудудида учратиш мумкин. Азалдан жайрон оҳу ва кийик каби шарқ шоир ва рассомларининг асарларида алоҳида ўрин тутиб келган, уларга илҳом бағишлаган. Жумладан бу жонивор буюк мутафаккир, буюк давлат ва жамоат арбоби, шеърият мулкининг султони аталган Алишер Навоий асарларида ҳам мадҳ этилган.

Жайронлар 3-5 донадан тўда-тўда бўлиб юришади, уларнинг бошида ёши каттароқ саркори бўлади. Урғочи жайронлар 1-2 ёшдан бошлаб туға бошлайдилар, уруғлашиш жараёни асосан октябрь-декабрь ойларида давом этиб, янги жайронлар апрель-май ойларида дунёга келадилар. Ёш жайронлар асосан биттадан, катталари аксарият ҳолларда иккитадан туғишади.

Шуни ҳисобга олсак, келаси баҳорга чиқиб, жайронларимиз сони кўпайиб қолишига умид қилсак бўларкан.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг