Қирғизистонда яна ҳокимиятни босиб олиш ҳақида гап тарқади

Бир гуруҳ маданият ходимларининг республика президентига мурожаати асосида бир неча таниқли сиёсатчи сўроқ қилинди.

Мустақилликка эришгандан буён ўтган 30 йил ичида давлат раҳбари уч марта куч билан алмаштирилган Қирғизистонда яна ҳокимият алмашуви ҳақида миш-мишлар тарқади. Кўпчилик танимаган бир гуруҳ маданият ходимлари президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, уни кўкларга кўтариб мақташган ва унинг рақиблари ҳокимиятни алмаштириш мақсадида 17 сентябрь кунига тайинланган митингга 100 минг одам тўплаётгани, уларга “бир гуруҳ ёшлар ҳамроҳлик қилиб, қурол тўплаётгани” ҳақида ёзишган.

Мурожаатда “ҳокимиятни босиб олишга интилаётган” шахслар сифатида бир қатор депутат ва таниқли сиёсатчиларнинг номлари кўрсатилган. Ҳужжат муаллифлари сифатида кўрсатилган олти кишидан бўлгани икки нафари унга қўл қўйган, уч кишининг фамилияси тўғрисида “телефон орқали маъқул”, деган ёзув, олтинчи одамнинг исми-шарифи ёзилган, холос.

Кўп ўтмай, “мурожаат муаллифларидан” бири Менди Мамазаирова ижтимоий тармоқларда бу ҳужжатни кўрмагани ва унга қўл қўймаганини, унда кўрсатилган сиёсатчиларни ҳурмат қилишини маълум қилган. Унинг сўзларига қараганда, мурожаатни қўллашга уни алдов йўли билан кўндиришган.

Шу вақтнинг ўзида интернетда бу масалага боғлиқ ёзув тарқади. Унда гўёки Курсан Асанов (собиқ депутат) билан Жанар Ақаевлар (ҳаракатдаги депутат) ҳокимиятни куч билан босиб олиш ҳақида гаплашишган.

Президент Садир Жапаровнинг ўзи Тожикистон пойтахти Душанбада расмий сафарда. Унинг матбуот хизмати бу ҳақда фикр билдиргани йўқ. Лекин мурожаат матни ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳужжатда кўрсатилган шахслар бўйича қонун доирасида иш бошладилар.

Кеча, 15 сентябрь куни Бишкек шаҳри милицияси аталган мурожаатда кўрсатилганлардан бири, собиқ депутат ва Ички ишлар вазири Курсан Асановни куч билан ҳокимиятни эгаллашни тайёрлашда шубҳа қилиб, ҳибсга олди. Бу ишда шубҳа остига олиниб, депутатлардан Жанар Ақаев ва Алтинбек Сулаймановлар, Марказий сайлов комиссиясининг  собиқ раиси Туйғунали Абдраимовлар сўроққа чақирилишган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ бериб чиққан депутатлар Алтинбек Сулайманов ва Жанар Ақаевлар, собиқ депутатлар Ахматбек Келдибеков ва Исмаил Исақовлар юқорида аталган мурожаат асосида гувоҳ сифатида сўроқ қилинганини айтишган. Уларнинг фикрича бу – олдинда келаётган парламент сайловлари олдидан қўрқитиш ва босим ўтказиш ҳаракати бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 28 ноябрида Қирғизистон парламенти депутатлигига сайлов бўлиб ўтади. Мавжуд 300га яқин партиядан 75таси сайловда иштирок этиш ниятини маълум қилган.

Айтиб ўтиш керакки, бунгача турли йилларда Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан босиб олишга интилиш бўйича бир неча бор жиноий ишлар қўзғалган. Бунга асосан интернет тармоқларида пайдо бўлган видео ёки аудио ёзувлар сабаб бўлиб келган. Келиб чиқиши шубҳали бўлган бу материалларда ҳокимиятга мухолафатда бўлган сиёсатчилар ўзларининг ҳокимиятни куч билан босиб олиш бўйича режалари ҳақида гаплашгани баён қилинади.

Шунингдек кеча собиқ президент Алмазбек Атамбаевга ўтган йилнинг октябрида юз берган оммавий тартибсизликлар бўйича айблов тақдим этилди. Унинг адвокати Сергей Слесаревнинг фикрича, Атамбаевга “нимага асосланиб ва нима сабабдан бундай айблов қўйишгани ноъмалум”.

Гап 2020 йилнинг 9 октябрида Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида ўтган митинг ҳақида боряпти. Митингда тили “ўткирлиги” билан машҳур бўлган Алмазбек Атамбаев собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ва ўша пайтда президентликка даъвогарлик қилаётган бугунги президент Садир Жапаров ҳамда уларнинг тарафдорлари номига ҳақоратли сўзлар айтган. Натижада тартибсизликлар келиб чиқиб, икки тўда бири бирини тошбўрон қилишгача борган, ўқ ҳам отилган. Уч кун аввал қамоқда ётган Атамбаев ўз тарафдорлари томонидан озод қилинган эди.

Атамбаев ўз тарафдорлари билан шошилинч майдонни тарк этган. Кўп ўтмай у яна қамоққа олиниб, бир қатор айбловлар билан тергов юритилмоқда. Яқинда Атамбаев жиноят олами вакили Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод қилиниши бўйича иш билан 11 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг