Толиблар ўзбек тилини расмий тил мақомидан маҳрум қилишдими?

Аввалроқ толиблар ҳукумати Афғонистондаги мактабларда ўзбек тилида ўқитиш бекор қилингани ҳақидаги маълумотни инкор қилган эди.

Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлигининг хабар беришича, “Толибон” “Асослар” деб номланган муваққат қонун чиқариб, унда давлат бошқаруви энди қандай юритилиши кўрсатилган. Қонун Афғонистонда Исломнинг Ханафий мазҳабига асосланган суннийлик йўналишига амал қилиниши ҳамда давлатнинг расмий тили сифатида пушту ва дорий тиллари тан олинишини эълон қилган. Бунгача ўзбек тили ҳам мамлакатнинг расмий тили сифатида тан олинган эди.

Бу хабарни “РИА Новости” ўзининг толиблардан норасмий олинган ҳужжатга асосланиб ёзганини тан олади. Толиблар ҳукумати бу ҳақда ҳали расмий эълон қилгани йўқ.

Очиқ манбалардан олинган турли маълумотларга кўра, бугун Афғонистонда 1,5 миллиондан 2,5 миллионгача ўзбеклар яшайди. Бу мамлакат аҳолисининг тахминан 6-9 фоизини ташкил қилади. Афғонистонлик ўзбекларнинг ўзлари мамлакатда ўзбеклар сони 4 миллиондан ортиқ эканини айтиб келишади.

Афғонистонда бир неча ўн йиллардан буён давом этаётган урушлар натижасида аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилмай келади. Шу сабабли мамлакат аҳолисининг сони ҳам аниқ эмас. АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ва БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра Афғонистон аҳолиси тахминан 29 миллион кишини ташкил қилади.

Бунгача интернет тармоқларида Афғонистон мактабларида ўзбек тилида ўқитиш бекор қилингани ҳақида хабар тарқалган эди. Бу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўровига жавобан “Толибон” раҳбарияти бу хабарни инкор қилган. Шунингдек толиблар ўзбек тили мамлакатда расмий тил сифатида қолавериши ҳақида ҳам айтишган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида амалга оширилган бир қатор ҳужумлардан кейин толиблар ўз ҳокимиятини бутун мамлакатга тарқатишди. 15 августда улар Афғонистон пойтахти Қобулга киришди. 31 август куни мамлакатда 20 йилдан буён бўлиб келган Америка қўшинлари Афғонистонни бутунлай тарк этишди. Шунингдек Америка ва бошқа кўплаб давлатлар ўз дипломатия вакилларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишди.

Толибларга бўйсунмай келаётган Панжшер вилояти ҳам олтинчи сентябрь куни толиблар қўлига ўтди. Бу вилоятда Афғонистоннинг таниқли сиёсатчиларидан бири, ўзбек миллатига мансуб саркарда, маршал унвонидаги Абдул Рашид Дўстимнинг қароргоҳи жойлашган бўлиб, Дўстим Афғонистоннинг аввалги ҳукуматини қўллаб, толибларга қарши курашиб келаётган эди. Толибларнинг кетма-кет эришаётган ғалабаларидан кейин маршал ҳам давлат раҳбарияти каби Афғонистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ҳозирда унинг ва собиқ президент Ғани Ашрафининг қаерда экани номаълум.

Маршал Дўстим ўз тарафдорлари орасида

Ўзбеклар асосан Афғонистоннинг ғарби ва шимоли-ғарбидаги ҳудудларида яшашади ва ҳаммаси ўзини ўзбек деб тан оладиган йигирмадан ортиқ уруғларга бўлинишган.

Уларнинг аксарияти қишлоқ хўжалиги билан машғул. Ўзбек тилининг Фарғона шевасида гапиришлари айтилади. Араб ёзувидан фойдаланишади.

Афғонистонда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар ва олий ўқув юртлари мавжуд, ўзбек театри бор, ўзбек тилида битта газета ва бир нечта телеканал ва радиостанциялар фаолият юритади.

Ўзбек миллати вакилларидан ўз вақтида Абдул Рауф Иброҳимий Афғонистон парламенти раиси бўлган. Муҳаммад Хон Жалалар (1972-1980 йиллар орасида), Сирот Абдул Саттор (1969-1971 йилларда), Сурайё Далил (2010-2014 йилларда) ва Салмат Азимий (йили аниқ эмас) Афғонистон ҳукуматида вазирлик лавозимида ишлашган. Юқорида номи аталган Маршал Абдул Рашид Дўстим Афғонистоннинг биринчи вице-президенти лавозимигача кўтарилган. У икки марта, 1986 ва 1988 йилларда Афғонистон қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Суратлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг