Россия собиқ президенти Марказий Осиё учун қайғурмоқда…ми?
Афғонистондаги вазият Россиянинг жанубий чегараларига жиддий хавф яратаётгани уни бефарқ қолдирмайди.
Россиянинг собиқ президенти, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев Афғонистон ва унинг атрофида бўлаётган муаммолар бўйича фикрлари билан матбуотда ўртоқлашди. Унинг 2003 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркда амалга оширилган террорчилик актининг 20 йиллиги муносабати билан “Газета.Ру” сайтида чоп этилган мақоласида АҚШга нисбатан киноя ва танқид билан бирга Марказий Осиё давлатларига таҳдид солаётган терроризм балоси бўйича ташвиш билдирилган.
Муаллифнинг Россия махсус хизматлари берган маълумотларга ишора қилиб таъкидлашича, бугун Осиё минтақасида “Ислом давлати” ташкилотининг 10 минглаб жангарилари ва издошлари мавжуд. Улар Марказий Осиё давлатлари чегараларига яқин масканларда қўним топишган.
“Ислом давлати” раҳбарлари ўз таъсирини бутун минтақага тарқатиш ниятлари ҳақида ошкора баёнот берди”, – деб ёзади Медведев.
Муаллифнинг фикрича, террорчилар 2001 йилнинг сентябридагидан кам бўлмаган қон тўкилишига олиб келувчи террорчилик актларини исталган вақтда амалга ошириши мумкин. “Демак, бутун халқаро ҳамжамиятнинг сай-ҳаракатларини… мана шу ёвузликка қарши йўналтириш лозим”.
“Бизнинг асосий вазифамиз, нафақат ўзимизнинг, балки Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти”га кирган иттифоқдошларимизнинг хавфсизлигини ҳам таъминлашдан иборат, – деб ёзади собиқ давлат бошлиғи. – Акс ҳолда Афғонистондаги урушнинг оқибатлари бизга қўшни давлатлар ҳудудларида намоён бўлиши мумкин”.
Бу мақоланинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти”га (ОДКБ) кирган давлатлар раҳбарларининг саммити арафасида чоп этилгани бежиз бўлмаса керак. Саммитни шу йилнинг 16 сентябрида Тожикистон пойтахти Душанбада ўтказиш режалаштирилган. Учрашув кун тартибига Афғонистондаги вазиятга доир масалалар қўйилган. Эртасига, 17 сентябрь куни шу жойнинг ўзида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти конференциясида ҳам Афғонистон масаласи муҳокама қилиниши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, бундан роппа-роса 20 йил аввал Американинг энг йирик шаҳри бўлган Нью-Йоркда жойлашган Умумжаҳон савдо маркази биноларида даҳшатли террорчилик акти амалга оширилган. Натижада 110 қаватли эгиз бинолар тўла вайрон бўлган, деярли 3000 киши ҳалок бўлган. Ўлганлар орасида АҚШдан ташқари 90га яқин давлатларнинг фуқаролари бўлган.
Ўша пайтдаги президент Жорж Буш Афғонистонда терроризмни тўла яксон қилишга ваъда бериб, тез орада АҚШ бу давлатга қарши мислсиз улкан ҳарбий кучлар билан ҳужум қилди. Лекин жараён америкаликлар кутгандек осон кечмади ва 20 йилга чўзилиб кетди. Шу давр ичида АҚШ давлат бюджетидан президент Жо Байденнинг тан олишича, бир триллион доллардан ортиқ (!) маблағ ҳавога учди. Медведев берган маълумотга кўра эса, америкаликлар ўтган 20 йил ичида Афғонистон урушига 1,5 триллион доллар сарфлашган.
Афғонистоннинг бир йиллик давлат бюджети 2019 йилда 20 миллиард доллар бўлганини ҳисобга олсак, 20 йиллик урушга сарфланган пулга 32 миллион аҳолиси бор Афғонистонни 50 йилдан ортиқ боқиш мумкин эди.
Солиштириш учун айтадиган бўлсак, собиқ Совет Иттифоқи салкам 10 йил ичида, яъни 1979 йилдан 1989 йилга қадар 8,5 миллион АҚШ доллари ўлчамида маблағ сарфлаб, Афғонистонда тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилган. Лекин тарих кўрсатдики, на СССР ва на унинг асосий рақиби АҚШнинг Афғонистонга “тиши ўтмас экан”.
Масаланинг энг ёмон жойи шундаки, Америка 20 йил аввал уруш очган “Толибон” ташкилоти бугун Афғонистонни яна тўлалигича эгаллаб олди. Бугунги кунда аҳолиси қашшоқликда азоб чекаётган, саводсизлик тобора кенг қулоч ёйиб бораётган ва гиёҳванд моддалар савдоси кучайгандан кучайиб бораётган Афғонистоннинг эртанги куни нима бўлишини ҳозир ҳеч ким билмайди. Аҳвол яхши томонга ўзгаришига кўзи етмаган минглаб фуқаролар Афғонистонни ташлаб чиқиб кетиш имконини қидирмоқдалар.
Хуллас, АҚШ ўз олдига қўйган асосий вазифа – террорчиликни ўз уясида яксон қилиш ишини амалга оширолмади. Энди эса, аталган мақола муаллифи кўрсатиб ўтганидек, “Американинг бу давлатдан кетиши Осиё, Африка, Яқин Шарқ ва Европага таҳдид солаётган террорчилик ташкилотларининг чироғига мой қуймоқда”.
Бугунги шароитда Марказий Осиё давлатлари учун ўз хавфсизлигини четдан ёрдам кутмай, мустақил ва биргаликда таъминлаш масаласи энг долзарб бўлиб турибди. Юзага келган вазиятга Душанбада ўтадиган икки саммит қанчалик таъсир қила олади, буни олдиндан айтиш қийин. Шу нарса аниқки, энди Россиянинг минтақадаги таъсири кучаяди. Яъни, АҚШ ва Россия рақобатлашиб келаётган бу масалада тарозининг палласи Россия томонга оға бошлади.
Умид қиламизки, икки буюк давлат ўртасидаги рақобат ниҳоят умумий мақсад – террорчиликни таг-туги билан яксон қилишга қаратилган ҳамкорликка айланиб, асрий урушлардан қалби пора бўлган Афғонистон ва унга қўшни бўлган Ўрта Осиё давлатлари осойишталиги амалда таъминланади. Бундан нафақат минтақа, балки бутун дунё ҳамжамияти манфаатдор экани шаксиз. Демак, БМТ, тегишли бошқа халқаро ташкилотлар, бутун жаҳон ҳамжамияти бутун кучларини бир муштумга тугиб, террорчилик балосига қарши ҳал қилувчи зарба берадиган кун келди.
Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек