Қўйнинг тақдири қайтадан бўрига топшириладими?

Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлимини ким тергов қилиши масаласига ҳалиям ойдинлик киритилгани йўқ.

Мамлакат Бош прокуратураси яқинда Брюсселда ўтган Европа Иттифоқи ва Қирғизистон ўртасида ўтаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича диалог давомида Азимжон Асқаровнинг ўлими билан боғлиқ иш бўйича янги тергов бошлашга тайёрланаётганини маълум қилди. Бунга қадар Жазоларни ўташ давлат хизматидан тергов қайтадан бошлангани ҳақида баён қилишган эди.

Адвокат Айдар Сидиқовнинг сўзларига кўра, масалага ҳали ойдинлик киритилгани йўқ. “Биз Жазоларни ўташ давлат хизматининг бу ишни тўхтатиш ҳақидаги қарорини суд орқали бекор қилдирдик. Чунки, тергов манфаатдор маҳкама томонидан ўтказилгани учун унинг холис бўлгани йўқ. Суд ишни қайта терговга жўнатди. Биз бу ишни Жазоларни ўташ хизматидан олиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ўтказиб беришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилганмиз. Жавоб ҳали менинг қўлимга теккани йўқ”, – деди Сидиқов.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 25 июлда туҳмат ва уйдирмаларга асосланган айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаров 69 ёшида Бишкекдаги қамоқхонада вафот этди. Жазоларни ўташ хизмати ўпканинг икки томонлама яллиғланиши (пневмония) ўлимга сабаб бўлганини билдирган. Лекин марҳумнинг ҳамкасблари ва оила аъзолари бу расмий маълумотга ишонмай, ўлим сабабларини холис тергов қилишни талаб қилиб келмоқдалар.

Марҳумнинг беваси Ҳадича Асқарова бу ишда ҳақиқат қарор топмагунга қадар тинчимаслигини, қўлидан келган барча ишларни амалга оширишини айтади.

“Акангиз ҳатто тушларимгаям кириб, ўзидан ҳеч ким хабар олмай қўйганини айтиб, норизо бўляпти. Бу ишда адолат тантана қозониши учун БМТ, Европа Иттифоқи ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар ҳаракат қилмоқдалар, – деди Ҳадича Асқарова. – Биз ана шу кунларни кутиб яшаймиз, ишонаманки, биз албатта адолатга эришамиз”.

Азимжон Асқаровнинг вафоти сайёрамиздаги бутун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамжамиятини ларзага солди. Бу ўлим сабабларини холис текшириб, айбдорларни жазолаш талаблари ҳамон янграмоқда. Тергов ишлари бу ўлимда ҳеч кимнинг айби йўқ, деган хулоса билан 2021 йилнинг май ойида тўхтатилган эди.

Фожиадан ўн кунча аввал адвокат Валерьян Вахитов Асқаровнинг соғлиги кескин ночорлашгани ҳақида бонг уриб, унга жиддий тиббий ёрдам кўрсатилиши зарурлигини айтган. Лекин бу мудхиш ўлимдан бир-икки кун аввал ҳам Жазоларни ўташ хизмати расман “ваҳимага ўрин йўқлигини” айтиб, ҳуқуқ ҳимоячиларини “ўз баҳоларини оширишга ҳаракат қилишда” айблаган эди.

Жасур ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 15 июнида, Қирғизистон жанубида қирғиз ва ўзбек миллати вакиллари ўртасида юз берган миллий тўқнашувлардан кейин қўлга олинган. Унга миллий низони қўзитиш, оммавий тартибсизликларни уюштириш, милиция ходимини ўлдиришда иштирок этиш каби айбловлар қўйилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Тергов ва суд жараёнида ҳам унга ва бошқа айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланиб, судда ўзларини ҳимоя қилиши учун шароит тузиб берилмаган. Уларнинг ўзлари, гувоҳлари, ҳатто адвокатлари ҳам ур-тўқмоққа олинган.

Қирғизистон собиқ бош прокурори Қубатбек Байболов Азимжон Асқаровга умрбод қамоқ жазоси берилишини ўша пайтда давлат раҳбари бўлиб турган Роза Отунбаева талаб қилганини айтган. Буни шу кунгача Отунбаева расман инкор қилгани йўқ.

Байболов шуни ҳам таъкидлаб айтган эдики, агар Асқаровга қўйилган айбловлар қонуний йўллар билан исботланган тақдирда ҳам унга умрбод эмас, кўпи билан 15 йил қамоқ жазосини беришлари керак эди.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус қўмитаси 2016 йилнинг мартида Азимжон Асқаровнинг ноқонуний равишда қўлга олингани, ғайриинсоний шароитларда ушлаб турилгани, қийноқларга олингани ва унга нисбатан бешафқат муносабатда бўлинганини қайд этган. БМТ қўмитаси Қирғизистон расмийларидан Асқаровни тез орада озодликка чиқаришни, унга қарши чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, унга тегишли товон тўлаб беришни талаб қилган эди.

Шундан сўнг Асқаровнинг иши Чуй вилояти судида қайта қаралди. Лекин жаҳон ҳамжамияти ва Асқаровнинг адвокатлари келтирган жиддий далиллар, гувоҳлар берган янги кўрсатма ва бошқа исботларга қарамай, умрбод қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилди.

Энг олий даражадаги халқаро ҳамжамият вакиллари Азимжон Асқаров оқланиб, унинг оиласига товон тўлаб берилмас экан, бу иш юзасидан чиқарилган ҳукм ва фаолнинг ўлими давлат юзига тортилган қора доғ сифатида қолаверишини таъкидлаб келадилар.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг