ҚИРҒИЗИСТОНДА ДЕПУТАТЛИК НЕЧЧИ ПУЛ?

Овоз сотиб олишга қарши қанчалик кўп гапирилмасин, парламентга сайлов ҳамон кимошди савдосини эслатади.

Ваколатлари аллақачон тугаганига қарамай ишлаб келаётган Қирғизистон парламенти депутатларидан бири Сайдулла Нишановнинг айтишича, депутатликка ўтишга кафолат олиш учун номзодлар 100 мингдан бир миллион долларгача пул тўлайдилар. Бу ҳақда у Жўғўрқу Кенешнинг Бюжет ва молия масалалари қўмитаси йиғилишида сўзлади.

Нишанов, депутатлик мандатини сотиб олган ана шундай депутатлар кейинчалик ўз вазифаларига совуққонлик билан қараб, ҳатто парламент йиғилишларига ҳам келмай қўйишаётганини эслатди. Бу эса сайловчиларннг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Аслида, бу янги гап эмас, ҳамма билади. Бир неча йил аввал парламентнинг ўша пайтдаги яна бир депутати Ўмирбек Абдрахманов “Ата-Мекен” партияси фракциясидан кетгач, сайлов олдидан партия раҳбарияти номзодлардан катта пул йиққанини айтган. Абдрахманов шахсан ўзи партиянинг ўпқонига 100 минг АҚШ доллари тиққанини ТВда айтиб берди.

Қонунга кўра, депутатнинг бу сўзлари асосида Бош прокуратура зудлик билан жиноий иш қўзғаши ва партия лидеридан тортиб, депутатнинг ўзини ҳам жавобгарликка тортиши керак эди. Чунки бу сайлов ҳақидаги қонунни қўпол бузиш ҳисобланади. Енг ичида берилган пулнинг ҳалол тасарруф қилиниши амри маҳол. Демак, бу пуллар сайловчиларнинг овозини сотиб олишга ҳам сарфланган. Лекин Бош прокуратура пинагини ҳам бузмади – бу гапни ҳамма билади ва ҳамма мана шундай қоида билан яшашга рози.

Энг ёмони, юз минглаб сайловчилар ҳам қонуний, соф рақобат асосида ўтадиган сайловдан кўра ана шу “олди-сотди” қоидани афзал кўришади. Чунки ҳар бир овоз учун номзодлар 1000 сўмдан 5 минг сўмгача ($11-55 атрофида) тўлашга рози. Бу бир оилада 5 сайловчи бўлса, 10 мингдан 50 минг сўмгача текин “даромад”-да. Ҳозирги пандемия шароитида ишидан айрилиб, пулга зор бўлиб турган оилалар учун бу мўмай ақча.

Сайловчилар овозини сотиб олган депутатлар бу ҳақда яширмай айтган ҳолатлар кам эмас. Депутатлар ишидан норози бўлган сайловчиларга улар, “қаёққа борсанг боравер, мен ҳар бир овоз учун пул тўлаб қўйганман”, деган пайтлар ҳам бўлган.

Хўш, нима учун пулдорлар депутатликка бунчалик қизиқишади, бунинг учун шу қадар катта пулдан воз кечишга тайёр туришади? Гап мамлакатда чуқур илдиз отган коррупцияда. Депутат бўлиб олгач, пулдорларнинг маълумот олиш ҳуқуқи, демак давлат даражасида қабул қилинадиган қарорларга ҳам таъсир қилиш имконияти кенгаяди.

Бу эса, мамлакат бойликларини қўлга киритиш, улардан “ўз улуши”ни олиб қолиш имконини оширади. Масалан, бизнес учун пойтахт ёки катта шаҳарларнинг марказларидаги ер участкаларини арзон-гаров сотиб олиб, ўзларига расмийлаштириш. Улкан ҳудуддаги яйловлар, конлар ва ўрмон хўжаликларига қарашли ерлар ҳам бор. Ер бўлмаса, давлатга қарашли корхона ва бошқа объектлар мавжуд.

Кўп ҳолатларда пулдор сиёсатчилар аввал қилган жиноий ишларини яшириш, жавобгарликдан қутулиб қолиш илинжида депутатликка интилишади. Ҳозири кунда жиноятчиларни, айниқса коррупцияга аралашган депутатларни мандатига қарамай жавобгарликка тортиш мумкин бўлиб қолди. Шунга қарамай…

Янги конституцияга мувофиқ, ҳокимият жилови деярли тўлиқ президент қўлига ўтган. Энди пулдорлар президентга, унинг сиёсатига хайрихоҳ бўлиш билан “жон сақлаши” мумкин бўлиб қолди. Бунинг учун ҳам албатта чўнтагингизда депутатлик гувоҳномангиз бўлгани маъқул. Чунки, биров “кимсан”, деса, “депутатман”, деб жавоб берасиз. Яъни, депутатлик – давлатда, жамиятда эгаллаган юқори мавқеингизни акс этдирувчи мақом ролини бажариб қолди.

Депутат сайловчиларни пул билан, кўчасига 3-4 машина шағал тўкиб бериш, мактаб ё болалар боғчасини таъмирлаш каби ишлар билан алдаб, хурсанд қилиб қўйиши мумкин. Албатта, имкони борича давлат бюжети ҳисобидан. Ана шу бюжет сайловчилар тўлаган солиқ ҳисобидан шаклланиши, яъни бюжетдаги пул айни халқнинг пули эканини кўпчилик фарқига бормайди. Бундан фойдаланган депутатлар ўз нонимизни ўзимизга едириб, яна ўзимиздан дуои-фотиҳа олиб, давлат мулкини талон-торож, тасарруф қилишда ўзларини унутмаган ҳолда ялло қилиб юришибди.

Афсуски, сайловчиларнинг асосий қисми бу гаплардан яхши хабардор бўлса ҳам, ўз манфаатини ҳамиша халқ ва давлат манфаатларидан юқори қўйиб келган алдамчиларга алданиб келяпти. Ёки мамлакат, миллат ва келажак авлод тақдирига лоқайдлик қилиб, мамлакатнинг яқин беш йиллик тақдирини текинхўр ва таъмагир кимсаларга топшириб қўймоқда.

Албатта, ҳамма депутат ҳам шунақа эмас. Ана шундай “шунақа эмас”, давлат ва халқ учун куйган, соф виждонли депутатларнинг кўпаяверишига умид қилиб турайлик. Лекин иш фақат умид қилиш билан бўлмайди. Янги парламентга қандай депутатларнинг келиши доимгидай сайловчиларнинг қарори, хатти-ҳаракати ва виждонига боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда парламент сайлови шу йилнинг 28 ноябрига белгиланган. Сайловда иштирок этиш учун оз эмас-кўп эмас, нақ 75 партия Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган.

Жорий йилнинг апрелида қабул қилинган Конституцияга кўра депутатлар сони 120 дан 90 нафарга туширилган. Улардан 54 депутат партия рўйхатлари асосида, 36 нафари эса бир мандатли округлардан сайланади.  Республикада ҳозир 300 яқин сиёсий партия мавжуд. Нега партиялар сони бу қадар кўп, десангиз, айтадиганимиз шуки, мамлакат аҳолиси сиёсатга ўта берилган ва янги партияларни рўйхатдан ўтказишдан осони йўқ.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг