ЯНГИ КИТОБЛАР

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази (ШҲТ) фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Йўл харитаси»да ушбу Марказ вазифалари сирасида «ШҲТ мамлакатлари халқларининг эртаклари», «ШҲТ мамлакатлари халқларининг мақоллари» ва «ШТҲ мамлакатларининг улуғ олим ва мутафаккирлари» деган уч китобни тайёрлаб, нашр эттириш вазифаси белгиланган эди.

  1. «Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги» (584-бет, 2020) ана шу туркумдаги биринчи китоб ҳисобланади. Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо саккиз давлат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг ҳар биридан ўн биттадан эртак танланиб, тўпламга киритилган. Эртакларни Ёқубжон Хўжамбердиев, Зуҳриддин Исомиддинов, Жаъфар Муҳаммад ва бошқа адиблар таржима қилган.
  2. «Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити» (304 бет, 2020) деган китобга ШҲТ аъзоси бўлган саккиз мамлакатдаги ўнлаб халқларнинг энг сара мақоллари жамланган.

«Элу халқнинг миллий менталитетини ёрқин акс эттирадиган, қадимий ва асл инсоний туйғуларга бой бўлган эртаклар, бу эллар ақлу донишининг ихчам ифодаси саналган мақоллар ҳамда айни халқларнинг умр йўли ва фаолияти билан барчага ибрат бўларли вакиллари – улуғ сиймолари ҳақидаги китобларнинг чоп этилиши, ўқувчиларимиз қўлига етиб бориши ва бундай ишларнинг ШТҲга аъзо бошқа давлатларда ҳам давом эттирилиши мамлакатларимиз халқлари бир-бирини яхшироқ англашига, эътироф этишига, янада чуқурроқ ҳурмат қилишига боис бўлади деб ўйлаймиз», дейилади китоб муқаддимасида.

Мақолларни Абдулҳамид Парда, Даврон Тожиалиев, Меҳмонқул Исломқулов, Авлиёхон Эшон каби ёзувчи ва журналистлар таржима қилишган.

  1. «Саккиз элнинг саксон улуғ сиймоси» (368 бет, 2021) деб аталган учинчи китобда эса Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг энг улуғ олимлари, шоирлари ва санъат арбоблари ҳақидаги илмий-адабий очерклар жамланган.

Ҳиндистон халқ намояндалари бўлимидан Робиндранатҳ Тҳокур, Маҳатма Гҳанди, Прем Чанд каби ўн нафар улуғ сиймолар ҳақидаги очерклар жой олган. Қозоғистон халқлари бўлимидан эса Ибрай (Иброҳим) Олтинсарин, Абай (Иброҳим) Қўнонбоев, Жамбул Жабаев, Қирғизистон бўлимидан Қурбонжон додхоҳ, Тўқтағул, Чингиз Айтматов, Хитой бўлимидан Лао Цзи, Конфуций, Лу Синь сингари машҳур алломалар ҳақидаги мақолалар ўрин олган. Китобнинг Покистон бўлимида Мирзо Абдулқодир Бедил, Мирзо Ғолиб, Муҳаммад Иқбол, Россия намояндалари бўлимида Александр Пушкин, Лев Толстой, Дмитрий Менделеев, Тожик халқ намояндалари бўлимида Абу Абдуллоҳ Рўдакий, Шайх Камол Хўжандий, Мирзо Турсунзода каби дунёга машҳур кишилар ҳақида ҳикоялар қилинади. Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Чўлпон сингари қомусий олимлар ва адиблар китобнинг Ўзбекистон бўлимидан жой олган.

Юқорида номлари тилга олинган ва бошқа улуғ инсонлар ҳақидаги илмий-адабий очеркларни Аҳмаджон Мелибоев, Авлиёхон Эшон, Солеҳ Зарифзод, Баҳодир Каримов, Султонмурод Олим, Амир Файзулла, Маъмура Зоҳидова, Фаррухбек Олим, Дилдора Олимова, Меҳмонқул Исломқулов, Қаҳрамон Ражабов, Қалдибек Сейданов, Дилноза Умарова, Мадинабону Нуриддинова, Толиб Нажмиддинов ва бошқалар ёзишган.

Бу китоблар «Akademnashr» нашриётида 500 нусхадан нашр этилган. Лойиҳа раҳбари – “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг ижрочи директори, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов.

Китобларга Дилором Маткаримова ва Абдулла Шароповлар муҳаррирлик қилишган.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг