НИМА, ПАРТИЯЛАР ЎЗАРО БИРЛАШАДИМИ?

    Шундай гап ҳам йўқ эмас. Хабарларга кўра, бугунгача Қирғизистондаги мавжуд партияларнинг 27 таси парламент сайловида иштирок этишини маълум қилди. Марказий сайлов комиссияси 3 сентябр куни аризаларни қабул қилишни тўхтатди. Айни пайтда партияларнинг сайлов теварагида бирлашиб бориш жараёни ҳам давом этмоқда. Бу ҳақда биринчи бўлиб, “Ата Мекен” ва “Реформа” партиялари маълум қилди, дея хабар берди “Оэодлик” радиоси. Аммо мазкур партиялар қандай тартибда бирлашишлари ҳали маълум эмас. Бундан илгарироқ “Онугу-Прогресс” партиясининг “Ата Журт” партияси билан сайловга бирга бориши ҳақида гап бўлган эди. Аммо партия етакчиси Бакит Торобоев вазиятга кейинроқ тўхталишини айтган.
Шунингдек, “Имон нури” партиясининг етакчиси Нуржигит Қадирбеков ўз партиясининг бошқа партиялар билан қўшилишга тайёр эканини маълум қилди. “Биз сайловда мустақил иштирок этиш ниятида ҳужжатлар топширдик. Аммо бирлашиш учун таклифлар бўлса, музокараларга тайёрмиз. Агар ўз ишини яхши биладиган, қалби ва таржимаи ҳоли тоза одамлар бўлса, улар билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Мен ягона ғоя, қарашлар ва ниятлар билан қўшилиш яхши натижаларга олиб боради, деб ўйлайман. Сайловда маъмурий имкониятлардан фойдаланиш тўғри эмас. Аммо афсуски, нима қилайликки, биз бунга ўрганиб қолганмиз. Бошқа иложи йўқ. Чегарадан чиқиб кетишмаса, бўлгани. Иккинчидан, тоза сайлов ўтказиш учун шароит бўлиши керак. Кир ишларнинг натижаси хосиятсиз бўлади. Бундай ҳодисаларга қарши курашиш пайти келди”.
Таъкидлаш ўринлики, Президент С. Жапаров бундан кейинги сайловлар тоза бўлишига сўз берган. Аммо Президент битта, сайлов қутилари эса мингта…

ХОЛИС НАЗАР

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг