САЙЛОВДАГИ ТОҒОРАЧИЛАР

    Қирғизистонда шу йилнинг ноябр ойида парламентга сайлов бўлади. Гарчи жойларда бу тадбирга тайёргарлик ишлари ҳозирча кўзга ташланмаётган бўлса ҳам, сайловнинг “тоғорачи аёллар”и ва штабларнинг доимий “ходим”лари ташвишда бўлишса, ажаб эмас. Чунки шу пайтгача бўлиб ўтган сайловларда эса уларга алоҳида аҳамият берилган.
Тасаввур қилинг. Сайлов қутиси мактаб биносига жойлаштирилган. Мактабга кираверишда ҳар жой-ҳар жойда одамлар тўпланиб турибди. Бир чеккадаги суви қуриган ариқ бўйидаги дарахт остида бир нечта ўзбек аёл чордайиб ўтирибди. Шу пайт кўча бошида сайловчилар кўринди. Бояги аёллар ўринларидан даст туриб, улар томонга чопишади. Сайловчиларнинг йўли тўсилди қолди. Аёллар уларга сайловдан олдин олган пулларини эслатиб, керак бўлса қўлларига яна пул тутқазиб, қулоқларига улар сайлаши лозим бўлган партиянинг номини қайта-қайта уқдиришди…


Бир чеккада эса оқ қалпоқ кийган ҳомийлар манзарани кузатиб туришибди. Шу пайт кимдир тоғорада иссиқ сомса, қанд-қурс, яхна ичимликлар кўтариб келиб қолади. Тоғора аёллар ўртасига қўйилади. Унинг ёнига қанд-қурс ва бошқа егулик-ичкиликлар ташланди. Ташвиқотчи аёллар ўзларини тоғорага уришади. Бири қўйиб, иккинчиси тоғорадаги сомсага қўл солади. Бир зумда сомса ва бошқа егуликлар талош бўлиб, аёлларнинг қўлларидаги елим халталардан жой олади.
Бир чекада эса оқ қалпоқ кийган хомийлар мийиғларида кулганча, уларга қараб туришади…
Аммо бўлиб ўтган ва яна бўлиши кутилаётган сайловда овозларни сотиб олмаётган, балки, ўзининг иши ва сўзи билан сайловчиларга маъқул келаётган партиялар ҳам йўқ эмас. Ўшандай партиялардан бири “Имон нури” сиёсий бирлашмасидир. Қирғизистон Республикасининг биринчи миллий раҳбари Исҳоқ Раззоқовнинг бир сўзи бор: “Сен тоза бўлсанг, мен тоза бўлсам, қавм тоза бўлади”, дейди у. Зора, шу йилнинг ноябр ойида Жогорки Кенгешга бўлиб ўтадиган сайловлар тоза, пул қўлтиқлаган ҳомийларсиз ва тоғорага тўпланадиган аёлларсиз ўтса. Аслида, шу пайтгача сайловларда тоғора атрофида аёлларнинг қаторида эркакларнинг ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бизнинг айрим ўз депарасида танилган кишиларимиз сайловларни бизнесга айлантириб олишган. Улар ўзбек маҳаллаларида, район ва қишлоқлар марказларида ташкил этиладиган штабларда “ходим”лик қилишади, пулдор партияларнинг тоғорасини кўтариб юришади. Уларга қараб шундай дегимиз келади: Эй тоғорачи аёллару эркаклар! Сизлар шу юртнинг тўлақонли сайловчиларисиз! Хомийларга кулги бўлмасдан, ўз фуқаролик ҳуқуқларингиздан эркин фойдаланинг! Қўлларингизга тоғора ушлатганларни эмас, сизни одам қаторида кўрадиган, имонли депутатларга овоз беринг!

ХОЛИС НАЗАР

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг