ҚАДРИЯТ 

БИШКЕКДАГИ “ЮЗОЧАР”ДА ЮЗТА ДЎСТ

Бир ҳафта аввал пойтахт Бишкек шаҳрига Тошкентдан ўнга яқин меҳмон ташриф буюрди. Улар ичида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қудратулла Рафиқов, “Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталарининг бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ва бошқалар бор эди. Бу меҳмонлар Қудратулла Рафиқов қаламига мансуб, қирғиз тилига таржима қилиниб, яқинда Бишкекда нашр этилган “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёевнинг йўли” китоби тақдимотида қатнашиш учун келишган эди.

Қирғизистон Маданият вазирлиги муассислигида Алиқул Ўсмонов номидаги Қирғизистон Миллий кутубхонасида 21 июль куни бўлиб ўтган “юзочар”да Қирғиз Республикаси Давлат маслаҳатчиси Арслон Қўйчиев, Маданият вазирининг ўринбосари Салқин Сарнўғоева, дипломатия корпусининг вакиллари, олимлар, талаба-ёшлар иштирок этишди.

Ушбу тақдимот ва учрашув давомидаги мулоқотлар икки қардош халқ бирдамлигининг амалий намойишига айланди.

Қуйида атоқли жамоат арбоби Аҳмаджон Мелибоевнинг ушбу анжумандаги чиқиши матни билан танишасиз.

ТОМИРЛАРИ БИР ЭЛМИЗ

Дунё тарихи ҳикматлар хазинасига тўла уммонга ўхшайди. Бу хазинада олис ўтмиш сабоқлари,  мамлакатлар, тузумлар тарихи ва тақдиридан келиб чиққан, бугун ва эртанги кун учун ҳам ғоят муҳим хулосалар мавжуд. Гап уларни вақтида англашда. Узоқ-яқин ўтмиш билан боғлиқ хатоларни такрорламаслик, олдинга қараб  интилиш, глобал муаммоларни бамаслаҳат, кенгишиб ҳал қилиш зарур. Негаки дунёнинг бугунги ижтимоий-маънавий ҳолати муҳим жабаҳаларда якдил бўлишни, кўзланган мақсад йўлида бирлашишни, давлатлараро кооперация имкониятларидан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда.

Таниқли публицист Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб “Шавкат Мирзиёевнинг йўли” китобининг қирғиз тилига ўгирилган нашри Бишкек шаҳрида қирғиз ўқувчиларига тақдим этилар экан. ушбу маросимда юқоридаги фикр қайта-қайта такрорланди. Нотиқлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дунё ва минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик, манфаатли  ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро борди-келдиларни янги сифат босқичига кўтаришга доир, фақат Ўзбекистонга эмас, минтақа мамлакатлари келажагига ҳам бевосита даҳлдор сиёсати Қирғизистонда ижобий акс-садо бераётгани мамнуният билан эътироф этишди. Уларни тинглар эканман, бу сиёсат мамлакатимизни жаҳон ҳамжамиятига янги замонавий қиёфада намоён этаётганидан, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати умуминсоний қадриятларга, эл-юрт манфати ва миллатнинг эртанги кунига асосланганини ён қўшниларимиз самимий, дўстона эътироф этаётганларидан мамнун бўлдим. “Минг йиллик умумий тарихга эга, илдизи, тупи бир, тоғ-тошлари, боғ-бўстонлари бир-бирига туташ қўшниларимиз Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий, маданий-маърифий жараёнлардан, ҳурматли Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардормиз”, деди Қирғизистон қаҳрамони Медетхан Шеримқулов. Таниқли қирғиз адиби, таржимон Абибулла Пазилов ўз сўзида “буюк ислоҳотлар” иборасини ишлатти, “Ала-тоо” журнали бош муҳаррири Марқабой Аматов “Янги Ўзбекистонни яратиш жараёни сизларда шундай шиддат  олдики, буни тасаввур қилиш қийин, аммо биз бу тарихий янгиланишнинг дастлабки меваларини  бевосита кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Ўзбекистон халқи бошига омад қуши қўнганидан хурсандмиз”, – деди. Сенатор Ҳусан Эрматов китоб муаллифини маросим қатнашчиларига таништирар экан, залда ҳозир бўлган кўплаб зиёлилар Қудратилла Рафиқовнинг бошқа асарларини ҳам билишлари маълум бўлди. Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг инсоният  тарихидаги уйғониш даврлари қандай муҳит ва шароитдп юзага келиши хусусидаги таҳлилий мушоҳадалари қизиқиш билан тингланди. Давлатимиз раҳбарининг жасоратли  ташаббуслари, ҳар ишга бевосита бош бўлаётгани, қўшни давлатлар раҳбарлари билан имзолаётган муҳим битим ва келишувлари, йўлларнинг очилиши, ташқи инвесторлар учун ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган барқарор муҳитнинг юзага келиши юксак баҳо ва эътирофга сазовор бўлди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат  ва элатларнинг фаровон, тинч-тотув ҳаётини таъминлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш бугун барча соҳаларда эришаётган ютуқларимизнинг асоси эканлиги, мамлакатимиз қисқа муддат ичида дунё ҳамжамиятининг изчил ривожланаётган, ташаббускор аъзоси, тинчлик-тотувлик, бағрикенглик ҳукм сураётган ҳавас қиларли мамлакатга айлангани тилга олинди. Бу эътироф тасодифий эмас, албатта. Бугун мамлакатимизда чет элдаги ватандошларимиз билан алоқаларни  мунтазам йўлга қўйиш, уларга  янги маъно-мазмун кашф этиш асосида мамлакатимизда яшаб келаётган барча миллат ва этник диаспораларнинг ўтмиш тарихи, маданияти, маънавий-диний қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлашга жиддий этибор берилмоқда.

“Шавкат Мирзиёевнинг йўли” китобининг дастлабки ўқувчилари  асар ҳақида фикр билдиришар экан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларнинг ҳар бири биринчи навбатда қирқ миллионли халқнинг эртанги куни, олис келажаги, янада фаровон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ эканлиги, давлат раҳбари ислоҳотларни режалаштиришда биринчи навбатда элнинг фикрини инобатга олаётганига эътибор беришди. Китоб муаллифи айни шу муҳим жиҳатни ғоят таъсирчан факт ва рақамлар,  мамлакат Президенти фаолиятига доир муҳим маълумотлар асосида очиб бергани,  асарнинг ҳар бир бўлими ўзига хос содда, ҳамма учун тушунарли тилда баён қилингани боис, ўқувчи кўз ўнгида халқнинг  орзу-умидларини тўла рўёбга чиқариш, янгича тафаккурли авлодни тарбиялаш, саҳоват  ва бағрикенглик борасида минг йиллик қадриятларига эга бу юртни ҳавас ва ибрат намунасига айлантириш учун астойдил бел боғлаган фидойи, матонатли, сўз ва амали уйғун раҳбарнинг қиёфаси яққол намоён бўлади.

Тарихдан маълумки, миллий тараққиёт йўлига ўтган ҳар қандай давлат, энг аввало, жуғрофий қўшнилари билан икки томонлама манфаатли  алоқаларни йўлга қўйиши, маданият, санъат, илм-фан ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиши, иқтисодий, экологик муаммолар ечимини биргаликда ҳал этиши лозим бўлади. Бугунги глобаллашув шароитида тараққиётга эришишнинг бошқа йўли йўқ. Шиддат билан ўзгариб бораётган янги дунёнинг ёзилмаган қонунларидан бири шуки, эндиликда ҳеч бир давлат, у нечоғли кучли, бой-бадавлат бўлмасин, мавжуд муаммоларини бир ўзи, дунё ҳамжамиятидан узилган ҳолда ҳал эта олмайди. Таассуфки, кейинги пайтларда бу қоидага амал қилишда жиддий нуқсонларга йўл қўйилди. Бунинг сабабларига тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ. Узоқ тарихдан бери бир водийда ёнма-ён яшаб, бир ҳаводан нафас олиб, бир дарёдан сув ичаётган қон-қардош, жон томирлари бир халқлар бир-бирларидан узоқлашиб қолдилар. Ўртага совуқлик тушди, йўлларга тўсиқ қўйилди, сунъий ғовлар, тақиқлар пайдо бўлди. Не бахтки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги халқчил, узоқни кўзловчи инсонпарвар сиёсати бу  чекловларни йўлдан олиб ташлади. “Оққан дарё оқмасдан қолмас” деганларидек, қисқа муддат ичида мамлакатимиз раҳбарининг яхши қўшничилик, аҳил-иноқлик, дўст-қадрдонлик сиёсати ўзининг ёқимли натижаларини кўрсата бошлади. Буни қўшни Қирғизистон билан қайта тикланган бугунги кенг қамровли алоқаларда  яққол кўриш мумкин. Икки қардош мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган бугунги кунда улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг адабий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этаётгани сир эмас. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган асарлари бугун мамлакатимизда севиб мутолаа қилинмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетидаги “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозициясида ўтказилаётган тадбирлар бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

“Шавкат Мирзиёевнинг йўли” китоби ҳусусидаги мушоҳададар гўзал ва мафтункор “Ала-арча” давлат табиат қўриқхонаси бағрида ҳам давом этди. “Илдизлари бир элмиз, урф-одатларимиз, мақсад-муддаоларимиз бир. Шундай экан, бир-биримиздан узоқлаша олмаймиз. Ўзбек туғишганларимиз Иссиққўлни кўрмаса, Саричелекда бўлмаса, Арслонбобда дам олмаса ёки биз бутун дунё ҳайрат билан томоша қилаётган, олам-олам завқ олаётган Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларга саёҳат қилмасак, ўтмишнинг бу нодир дурдоналаридан баҳраманд бўлмасак, нима деган одам бўламиз,– дейишди мезбонлар. Мен уларга Чингиз оғанинг Тошкентдаги нутқларидан бирида (1997) ёш адабиётчиларга қараб: “Бир-бирингиздан узоқлашиб кетманглар, чунки бир-бирингизни ўқимасангиз, борди-келди қилмасангиз, вақти келиб бир-бирингиз билан таржимон орқали мулоқот қилишингизга тўғри келади”, деган сўзларини эслатдим. Ўзбекистонда элликдан ортиқ мактабда дарслар қирғиз тилида ўқитилишини айтдим. Чингиз Айтматов китоблари ўзбек тилида жуда кўп нусхада чоп этилаётгани, таниқли адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов “Манас” эпосини ўзбек тилига ўгиргани, машҳур қирғиз адиби, Тугалбой Сиддиқбековнинг машҳур “Кўк ялов” романи,  Султон Раев, Абдимўмун Қалбаевнинг қисса ва ҳикоялари ўзбек ўқувчилари қўлига етиб боргани ҳақидаги хабар даврага яхши кайфият бағишлади. Мезбонлар Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан “Манас” овули бутунлай бошқа – замонавий қиёфа касб этганини айтиб, “Биз ўшандаёқ Ўзбекистонга қандай улуғ, бағрикенг, узоқни кўрувчи раҳбар келганини пайқаганмиз”, дейишди. Хайрлашув чоғи оқсоқол адиблар “Босган изингизга ёмғирлар ёғсин” дейишди, биз ҳам дуога қўшилиб, “Босган изингизда гуллар очилсин”, дедик. Тошкентдаги саратон жазирамасидан кейин “Олаарча”да шивирлаб ёғаётган ёмғир, эсаётган енгил шабада, пурвиқор чўққилар пойидаги тоғ гуллари, ноёб гиёҳлар енгил тебраниб,  дуоларимизга қўшилгандай бўлди.

 

 

Аҳмаджон Мелибоев,

                                                              Тошкент-Бишкек-Тошкент.

боғлиқ хабарлар