ҚАДРИЯТ 

ЗИЁХОНА ВА ЗИЁ АҲЛИ ҲАҚИДАГИ КИТОБ

Кутубхона деганда кўп одамларнинг кўз ўнгида тинч-осуда, сокин бир маскан гавдаланади. Бу, умуман олганда, тўғри ҳам. Шунчаликки, бу ерда киши бошқаларга халақит бермайин, деб оёқ учида юради, паст овоз билан гапиради, кимнидир чақириш керак бўлса, ёнига бориб  мурожаат қилади. Абдулла Қаҳҳор Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида бўлган бир учрашувда “мен учун бу даргоҳнинг ҳатто гардеробчиси ҳам зиё тарқатувчи шахсдир”, деб таъриф берган эди.

Аммо кутубхона залларидаги бу тинчлик – зоҳиран шундай, аслида эса ҳар бир кутубхона бағрида ҳаёт қайнайди: юзлаб одам китоб мутолаа қилади, улар орасида қанчаси муаллиф билан унсиз баҳслашади, унга эътироз билдиради, ўзида йўқ билимларни инъом этгани учун чин юракдан миннатдорчилик билдиради… Бу ерда қанча тадқиқотчилар илмий мақола ё диссертация тайёрлаётган бўлади, юзлаб ёшлар компьютер экранига “михланган”: ўқиш-ўрганиш, бир тилдан бошқасига матнни ўгириш, ижод қилиш – ҳаммаси шу ерда юз бераётибди.

Шу маънода, кутубхона дегани баайни гувиллаб ишлаб турадиган улкан бир комбинат, бу ерда таълим жараёни бир зум ҳам тўхтамайди, жамиятни олға силжитадиган ғоя ва фикрлар аслида шу ерда туғилади, пишитилади, камолга етказилади.

Бу “сокин” масканнинг момақалдироғу чақмоқлари ҳам оз эмас: нимагаки, у баайни каттакон бир рўзғорнинг онахони каби, ўзи кўчага чиқиб, ишлаб даромад топиб келмайди, аммо келажакни парваришлаб, камолга етказади. Шундан бўлса керак, айрим шошқалоқлар ундаги ходимлар сонини қисқартириш, фондига янги манбалар сотиб олишни камайтириш ва шу каби “ташаббус” билан чиқишади. Аммо нақд гап шуки, ҳар бир мамлакатнинг яқин беш-ўн йилдаги равнақини тараққиётини унинг кутубхоналарида ўқувчилар қанча эканига, уларнинг шу табаррук даргоҳга қатнови мунтазамлигига қараб энг аниқ прогноз қилиш мумкин.

Хўп, номланишидан келиб чиқиб, бевосита Миллий кутубхонамизнинг фаолият йўналишлари ва ривожланишига келадиган бўлсак, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси бутун Марказий Осиёда ҳозирга қадар ишлаб келаётган энг кўҳна ташкилот бўлиб, 1870 йилдан бери фаолият юритаётир. Кутубхонанинг шу 156 йиллик тарихи – бутун Ўрта Осиё элларини замонавий илм-фан ютуқлари билан таништириш тарихидан иборат бўлган. Бу даргоҳга келиб китоб ўқиган ва унда меҳнат қилган улуғ инсонлар эса бутун мамлакатга тиниқли, улуғ шахслар эдилар, қўлингиздаги китобда бу ҳақда батафсил сўз юритилган.

Ушбу китоб муаллифи Умидахон Тешабоева Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси тарихини илмий ўрганиб, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори даражасини хатм қилган, ҳозирги кунда ана шу Миллий кутубхонамизга раҳбарлик қилиб келаётган, хулласи калом, умрини китобга, кутубхона ишига бағишлаган инсон. Жиндаккина жуссасига кутубхона ишининг дарду ташвишларини ортмоқлаган, эртаю кеч тинмай, нафақат Миллий кутубхона, балки бутун Ўзбекистондаги 13 мингдан ортиқ кутубхона ва уларда ишлаётган сон-саноқсиз зиё таратувчи камтарин ва камсуқум ходимларнинг ташвишини чекувчи онабошиси.

Очиғини айтганда, бугун бунча ишга раҳбарлик қилиш тугул, энг четдаги бир зиё масканида кутубхоначи бўлиб ишлаш ҳам осон эмас. Сон-саноқсиз меъёрий ҳужжатларни, стандартларни, компьютер дастурларини билиш, китобхонларга маслаҳат бериш, илмий методик нашрлар тайёрлаб туриш, кунда-кунора ҳар хил маданий тадбирлар уюштириш, китоб фондини энг зарур адабиётлар билан тўлиқлаб, тўкислаб туриш, бунга маблағ топиш каби ташвишлар ҳар бир кутубхона ходимининг зиммасида бор.

Мен Умидахон Тешабоеванинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси: фаолият йўналишлари ва ривожланиши” деб номланган ушбу мақолалар тўпламини бир қур кўздан кечирибоқ, бу соҳадаги ишлар кўламини ўзим учун ҳис этишга уриндим. Ана, Россия Давлат илмий-техника оммавий кутубхонаси директори, профессор Яков Шрайбергнинг кутубхонада аудиокитоблар ўрнини таҳлил қилиб ёзган мақоласини ўзбек тилига, техникавий термин ва атамалар ичида чалкашиб-чувалашиб кетмай таржима қилиш, бир ёқда эса деярли ҳар ойда қайсидир давлатда ўтказилаётган илмий анжуманларда маъруза қилиш, Миллий кутубхонанинг янги биноси қурилишига оид ташвишлар… бундай ҳолларда киши жараён ичига “чўкиб кетиб”, ўз йўлини, шахсий фикрини йўқотиб қўйиши, фақат маъқулловчи одам позициясига ўтиб олиши ҳеч гап эмас. Очиғи, мен мана шундан қўрқан эдим. Аммо хайриятки, Умида Тешабоева мавжуд камчиликларни ҳам очиқ баён қилишга ўзида журъат топа билибди:

“Бугунги кунда кўпгина кутубхона фондларининг эскириб кетгани, китобхонлар учун компьютерларнинг етишмаслиги, аксар ҳолларда эса, умуман йўқлиги, ўз навбатида, Интернетдан фойдаланиш имкониятини кескин камайтиради. Масалан, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Болалар ва мактаб кутубхоналари 9%, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 30%, Маданият вазирлигига қарашли 21%, Фанлар академияси тасарруфидаги кутубхоналар 31%, АОКА тизимидаги АКМлар 30 % интернетга уланган, холос. Республикамиздаги вазирлик ва идоралар ўртасида ўртача интернет билан таъминланганлик даражаси 36,8 % ни ташкил этмоқда. Уларнинг мавжуд электрон кутубхоналардан, жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва республикадаги 20 та йирик кутубхоналарни бирлаштирган ягона UZNEL электрон кутубхонасидан фойдаланиш, масофадан таълим олиш дастурларига уланиш имкони йўқ

Аҳолининг барча қатламларига хизмат кўрсатувчи ахборот-кутубхона марказлари фондининг босма нашрлар билан тўлдирилиши охирги 10 йилда кескин камайиб кетгани сир эмас

Бугунги раҳбарликка хос фазилат – мавжуд камчиликларни “бегона кўз”лардан яшириш, хаспўшлаш эмас, уларни очиқ кўрсатиш, келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш йўлларини кўрсатишдан иборат.

Умидахон Тешабоева шунга ҳаракат қилган. Муҳими, китобда шу мақсадда келтирилган фактлар ва рақамлар, мулоҳазалар бизни ишонтиради, уларни тузатиш йўлида ҳаммамизни ҳамжиҳат қилади.

Китоб муаллифи олима сифатида Халқаро ISBN ва ISSN рақамларининг ўзбек китоблари ва вақтли матуот нашрларида қўлланиши, унинг афзалликлари ҳақида, УЎТ (универсал ўнлик таснифлагичи) хусусида сўз юритиб, Ўзбекистон кутубхоналарида буларни истифода этишдаги ўзига хосликлар борасида батафсил маълумот беради. Ана шу халқаро ташкилотларга аъзо бўлганимиз (2007)дан кейингина китобларимиз, газета ва журналларимизни Ўзбекистондан четга ҳам эркин олиб чиқиш, сотиш имкони юзага келди – ҳозир ҳар йили мана шунинг шарофати билан бир неча юз минг долларлик матбаа нашрларимиз хорижий мамлакатларга сотиляпти.

Ушбу китобнинг охирги бўлими суҳбатлар, интервьюлардан иборат экан. Айнан ана шундай самимий суҳбат ва савол-жавобларда асар муаллифининг ички дунёси, ўз ишига муносабати янада яққол намоён бўлади. Ахир, чиндан ҳам, агар киши бирон ишга “қўйилган” бўлса-ю, ўша соҳадан олис бўлса, ёқтирмаса, ҳатто тушуна олмаса, охирига қадар ўгай каби ётсираб туриши бор гап. Умидахонни эса бу соҳанинг “ўз боласи” десак бўлади – отаси Олимжон ака, ўз исмига монанд олим одам эди, онаси эса бир умр мактабда адабиёт фанидан болаларга сабоқ берган. Лекин бундан ҳам муҳимроғи, китобга, адабиётга меҳр-муҳаббат, фидойилик бу оилага азалдан хос. Қандай, десангиз, Алишер Навоийнинг 525 йиллиги нишонланган 1968 йилда Ўш шаҳрида шоирнинг жуда муаззам бир ҳайкали тикланган эди. Бу ишнинг ташабускори ва раҳбари – касби адабиёт муаллимаси, ўша йилларда эса Ўш ижроқўми раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Шарофхон опа Норбоева, қўлингиздаги китоб муаллифининг бувиси эди. Бу ҳайкал то мустақилликкача Алишер Навоийга Ўзбекистондан ташқарида тикланган ягона ҳайкал эди…

Камина ушбу китоб ва унинг муаллифини фақат мақташ ниятида эмасман. Тўпламга турли йилларда ёзилган ва чоп этилган мақолалар, диссертациядан фрагментлар киритилган. Шу сабабли бўлса керак, улар яхлит бир концепция асосида шакллантирилган эмас. Шунинг учун ҳам унда баъзи такрорлар, талқиндаги ҳар хилликлар ҳам учрайди. Бироқ кенг маънода, бу тўплам ана шундай мозаикаси билан ҳар бир китобхонга бугунги ўзбек кутубхоначилиги, кутубхона ҳаётининг “қувонч ва ташвишлари” ҳақида янада батафсилроқ маълумот бера олади. Менинг назаримда, ёш кутубхона ходимлари учун дарслик ва ўқув қўлланмалари назарий жиҳатдан қанчалар зарур бўлса, мана шу сингари асарлар ҳам амалий нуқтаи назардан ҳар бир ходим учун дастуруламал вазифасини бажаради. Чунки бундай тўпламларда кутубхона ҳаёти ўзининг бутун ранг-баранглиги билан намоён бўлади.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов,

Ўзбекистон хизмат кўрсатган мадиният ходими

 

боғлиқ хабарлар