ҚАДРИЯТ яхшилар ёди 

ЭЛ-ЮРТИМ ДЕБ ЯШАДИ

Журналист сифатида гоҳо дала айланиб деҳқонлар билан суҳбатлашиб қоламан. Собиқ Дзержинский номли колхознинг минг  гектардан зиёд экин майдони улуш қилиб қишлоқ аҳлига тақсимлаб берилган. Аммо бугун далалардаги аҳволни кўриб ачинасан. Улуш эгаси хоҳлаганини экади. Дала менатчилари учун ҳамма шароит муҳайё этилган шийпонлар йўқ. Йўллар қаровсиз, ариқлар тозаланмай, пайноб сув ҳар ёққа тошиб кетган. Жамоа хўжаликлари барҳам топган ўтган асрнинг 90-йиллари машина-трактор паркидаги юзлаб автомашина, бошқа техникалар, механизациялашган чорвачилик бинолари, қўйингки, колхоз  бунёд этган турли йўналишдаги бинолар, техникалар сотилиб кетди. Бундай ҳолатни барча жамоа хўжаликларида ҳам кўриш мумкин.

Бозорқўрғондаги Дзержинский номли жамоа хўжалигида яшаганим ва ёшлигимда ишлаганим боис ундаги барча ҳолатдан хабарим бор. Хўжаликни 15 йил бошқарган Аҳмаджон ака Нишонбоевни хотирлаб, у ишлаган даврдаги бунёдкорлик ишларини қаламга олгим келди.

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида шаклланган колхозлар оёққа туриб олгунга қадар қарийб қирқ йил давомида оғир ва машаққатли йўл босиб ўтилди. Етмишинчи йиллардагина қад ростлаб, юксалиш йўлига чиқилди. Албатта, ўша йиллари уларни бошқариш осон кечмаган. Оммани жамоа бўлиб меҳнат қилишга жалб этиш раҳбардан катта ташкилотчилик маҳоратини талаб этган. Давр талабига жавоб берган не-не забардаст раислар етишиб чиқдики, ҳозирги раҳбарларни уларга таққослаш қийин.

Вилоятдагина эмас, бутун республикада ташкилотчилиги, билимдонлиги билан донг таратган, эл-юртда катта қадр-қиммат топган ва ўчмас из қолдирган Саттор Нурдавлатов, Аҳмаджон Нишонбоев, Маҳкам Умрзоқов, Оллоёр Насиров, Нодирбек Содиқов, Эргаш Давлатов, Юсуп Мўмбеков, Жўрабой Султонов, Тешабой Ўрозматов каби раисларимиз юрт ободонлиги, эл фаровонлиги йўлида жонкуярлик қилишди. Бугун уларнинг беқиёс хизматларини унутишга ҳаққимиз йўқ. Ана шундай унутилмас сиймолардан бири Аҳмаджон ака Нишонбоев эди.

Аҳмаджон ака Бозорқўрғонда туғилди. Кўп болали оилада камол топди. Нишонбой бува ва Қумрихон аяларнинг етти ўғли бўлиб, у иккинчиси эди. Қишлоқда ягона ўрта мактабни тамомлаганда Улуғ Ватан уруши бошланиб кетди, мўйлови сабза уриб, куч-қуввати жўшган 18 ёшли Аҳмаджон 1942 йили жанг майдонига отланади. Шу кетганича тўрт йилдан сўнг она қишлоғига кўкси орден-медалларга тўлиб қайтади.

Аҳмаджон ака раислик қилган йиллари у билан бир неча йил ёнма-ён ишлаганим боис ғайратига, ташкилотчилик иқтидорига тан берардим. У ана шу қобилияти туфайли раҳбарлик зинапоясидан кўтарила борди. Урушдан қайтгач, Бозорқўрғон туман ёшлар комитети раисининг ўринбосари бўлиб ишлаб юрди. Кейин Будённий номли қолхоз раиси ўринбосари, раиси бўлиб меҳнат қилди. Аҳмаджон ака Фрунзе шаҳридаги олий партия курсини тамомлагач, Дзержинский номли жамоа хўжалиги партия ташкилоти секретари, 1962 йилдан то умрининг охирига қадар эса шу хўжалик раиси лавозимида ишлади. У хўжаликка 15 йил мобайнида бош бўлиб, уни ривожлантириш, колхозчилар турмуш фаровонлигини ошириш учун кўп ишлар қилди. Серғайрат раис хўжалик умумий йиғилишларида қўл остида ишлаган раҳбарларга мурожаат қилиб шундай дерди: “Раҳбардан аввало инсонийлик фазилати талаб қилинади. Ҳар биримизнинг ҳаётимиз неча йил яшаганимиз билан эмас, балки бахтли кишиларни кўпайтириш учун қандай фойда келтирганлигимиз, бошқаларга дардкаш бўлиб, одамларнинг яхшироқ яшаши учун нималардан воз кечганимиз билан қадрланпади. Модомики, сен раҳбар экансан, сенга икки карра оғирроқ, шунинг учун ҳам сенинг инсонийлик моҳиятинг ғоят синчковлик билан ўлчанади. Раҳбар турмушнинг, яшашнинг маъноси нима эканлигини тушуниши лозим. Шундагина у одамлар меҳрини қозонади.

Аҳмаджон ака раислигида у билан ёнма-ён ишлаган партия комитети котиби Умарали Асқаров шундай хотирлаганди:

– Аҳмаджон акадек мард, серғайрат, қалби беғубор, ташкилотчилик санъатини эгаллаган раҳбар ҳозир йўқ. У ҳаётда ўз ўрнини топган, эгаллаган лавозимидан юқорироғига ҳам муносиб раҳбарлардан эди. Унда мужассам қай бир фазилатни тилга олайин? Янгиликларни жорий этишга шошилар, сўзининг устидан чиқиш, интизом, халққа фойда келтириш, ўзгаларнинг ташвишига дардкаш бўлиш, гина-қудурат сақламаслик каби фазилатлар соҳиби бўлган. Аҳмаджон ака шу қишлоқда ўсиб- улғайгани учун ҳар бир одамни, ҳар бир хонадонни яхши билар, ким қандай ташвиш ва қувонч билан яшаётганини ҳис этарди. Кадрларни билими, қобилиятига кўра танлар ва шунга яраша лавозимларга қўярди. Мен ҳам Аҳмаджон аканинг кадриман. Мактаб директорлигидан колхоз партия комитети секретарлигига ўтдим. Узоқ мажлислар ўтказишни ёқтирмасди. Йиғилишда масалани лўнда қўйиб, ким қандай вазифани бажаришини белгилаб қўярди ва айтилган муддатда ишни талаб қиларди. Раиснинг кичик блокноти бўлиб, хатто ҳар бир механизаторга эрталаб ишни топширар ва кечқурун қандай адо этилганини текшириб оларди. Аҳмаджон ака раислигида хўжаликда қорамоллар 1500 бошга, соғин сигирлар 450 бошга, қўйлар 15 минг бошга, йилқи 400 бошга етган. Ҳар юз совлиқдан 105 тадан қўзи, ҳар бир қўйдан 3,5-4 килодан жун олинган. Бешбодом, Айғирёл, Учэмчак участкаларида янги ерлар обод қилинган. Пахта ҳосилдорлиги гектарига 25 центнердан 38 центнергача кўтарилган. Пахтани машинада териш асосан Аҳмаджон ака раислигида жорий этилган. Хўжаликда 25 та терим агрегат, 100 дан зиёд чопиқ ва транспорт тракторлари, 50 га яқин автомашиналари бор эди. 12 та янги дала шийпони қуришда ҳам ўзи бош бўлди. Ҳар бир шийпон деҳқонларнинг чинакам дам олиш масканига айланганди. Шийпонларга телефон алоқаси етказилган, радиоузел ишлаб турган, телевизор, холодильник, кўчма магазинлар қўйилган. Алоҳида шийпонларда болалар боғчаси ишлаган, уларга марказий ошхонадан сут ва турли таомлар етказиб турилган. Колхозчиларга далага бориб қайтиш учун автобус ажратилганди. Сидқидил меҳнат қилганлар мукофотлар олишар, турли шаҳарларга саёҳатга бориб келишарди. Бу сингари қулайликларни айтаверсак, адо бўлмайди. Замонавий машина-трактор парки, омборлар, қатор дўконлар, болалар боғчалари, маданият уйи, чойхоналар, Ҳамза номли ўрта мактаб, механизациялашган сут-товар фермаси бинолари, қўйхоналар ва бошқалар айнан Аҳмаджон ака раислик қилган йиллари бунёд этилган. Замона ўзгариб, мен тилга олган биноларнинг кўпи хусусийлашди, бир қанчаси йўқ бўлди, мавжудларининг аҳволи жуда ўкинчли. Аммолекин, Аҳмаджон ака қишлоқ хўжалигининг зўр ташкилотчиси, бебаҳо фазилатлар эгаси эди.

Колхозчи Ҳабибулло Тўрақулов эса шундай деган эди:

– Аҳмаджон акадай раис ҳали-вери туғилмаса керак. У ҳар бир оиланинг мусибатига ҳам, қувончига ҳам шерик эди, далага борса бирон аския айтиб кўнгилни кўтарарди. Афсус, шум ажал  у кишини орамиздан олиб кетди.

– Аҳмаджон ака билан қарийб 25 йил бирга ишладим, – деган эди механизатор Худойберди Мамитов. – Бирон ёмон гапини эшитмаганман. Айтганки топшириғини юз фоиз бажариб қўйсам, елкамга уриб:”Яша,Чапаев, асил йигит экансан”, деб кўнглимни кўтарар эди. Бундан яна ғайратим ошиб, жўшиб ишлардим. Аҳмаджон аканинг жойи жаннатда бўлсин, деб ҳар намозимда дуо қиламан.

– Қайси йилдалиги хотирамда йўқ, пахта терими қизиб, мен ишлаган бригада ўн кунлик ғолиби бўлиб, пул мукофоти олди, – деган эди колхозчи Абдупатто Буваматов. – Шунда раис Аҳмаджон ака конвертда пул топшириб, бригада аъзоларини ютуқ билан табриклади. Чой ичаётганимда эгнимга қараб: “Абдупатто, дурустроқ кийинмайсанми?” деб қолди. Мен ҳам рост гапни айтдим. “Аҳмаджон ака, саккиз фарзандим бор, қўлим юпқароқ, улар ҳали ёш”. Шунда ёнидаги кассирга қараб: “Эртага менинг ҳисобимдан Абдупаттога икки минг сўм келтириб бер”, –  деди. У пайтда икки минг сўм – катта пул эди. Ишлаган одамни биларди ва қадрига етарди.

Аҳмаджон ака яхши кадрни қўлдан чиқаргиси келмас, мабодо у юқорироқ лавозимга кўтарилса, меҳнатлари зое кетмаганидан қувонарди. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам раис билан бир неча йил бирга ишлади. Унинг қандайдир сири ва салоҳияти бор эди. Ўтган асрнинг 60-йиллари ўртасида хўжаликда кутубхоначи ва клуб мудири эдим. Шу билан бирга комсомол ташкилотини ҳам бошқарардим. Ўқитувчи бўлишни орзу қилиб, Ўш педагогика институтига ўқишга кирдим. Сентябрь арафасида мактаб директори Умарали Асқаров мени ишга таклиф этди. Мен иккиландим, чунки раис рухсат бермаслиги мумкин эди. “Хижолат бўлма, раис билан ўзим гаплашаман”, – деди. Мактабга ўтганимни эшиттган раис: “Афсус, маданий ишлар анча жонланиб қолувди, яхши иш қилмабсан, Умар”, – дебди.

Йиллар ўтиб, институтни тамомладим. Бу пайтга келиб мактаб директори Умарали Асқаров колхоз партия комитети секретари бўлиб ишлаётганди. У мендан яна колхозга ўтиб ишлашимни ўтинди. Орадан бир йилча ўтмасдан, Ўш вилоят “Ленин йўли” газетаси муҳаррири Одилжон ака Обидов, мухбир бўлиб ишлашимни таклиф қилди. Мен яна колхоздан кетсам, раиснинг жаҳли чиқишини айтдим. Район партия комитети секретари Маматғози Эргашевга қўнғироқ қилиб, газетага сиздек кадрлар кераклигини айтаман. Раис унинг гапини икки қилмайди”, – деди Одилжон ака.

Эртаси куни ишни топшириш учун идорага кириб кетаётсам, рўпарамдан Аҳмаджон ака чиқиб қолди. Қулочини кенг ёзганича мен томон келар экан: “Мана, бизнинг колхоздан ҳам область газетасида ишлайдиган журналистлар чиқибди. Баракалла, Мўйдинжон, табриклайман, дея бағрига босди, – қани юр, янги мухбир билан бир чой ичайлик”.

Аҳмаджон аканинг катта қизи Дилоромхон Нишонбоева 2004 йили ҳаёт чоғида отаси Аҳмаджон ака ҳақида шундай деган эди:

-Дадам ҳаёт бўлганларида бу йил 80 ёшга тўлган бўларди. Афсуски, оғир дард дадамни 53 ёшида орамиздан олиб кетди. Ўшанда мен 25 ёшда, энг кичик укам 7 ёшда эди. Ўн фарзанднинг бундан кейинги тарбияси онамиз Қорияхон ая зиммасига тушди. Онам кеча-кундуз уриниб, бизни ўқитишга, эл қаторига қўшишга ҳаракат қилди. Жуфти ҳалолидан жудо бўлган онам дадамдан сўнг ўн йил яшади. Қанча оғир ва қийин бўлмасин, катталаримиз кичикларни қўллаб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаётдан ўз ўрнимизни топдик. Дадам билан бирга ишлаган одамлар бизга суянчиқ бўлишди. “Отангнинг яхшилигини кўрганмиз”, дейишиб, мушкулларимизни осон қилишди.

Афсуски, ота-онамиз бугунги яхши кунларни, фарзандлар камолини кўрмади. Илоҳим, иккаласининг ҳам жойлари жаннатда бўлсин.

От ўрнини той босади деганларидек Аҳмаджон ака ва Қорияхон аяларнинг ўн фарзандидан бири Ғайратжон Нишонбоев кўп йиллар Бозорқўрғон  қишлоқ ҳокимиятининг бошлиғи бўлиб ишлади. Қишлоқ муаммоларини ечишда куч-ғайратларини аямади. Фарзандлар ичида муаллимлар, шифокор, мухандис, тарбиячи, бухгалтер ва тижоратчи бор.

Аҳмаджон аканинг эл-юрт олдидаги хизматлари ҳаётлик пайтидаёқ муносиб тақдирланган. Икки марта “Ҳурмат белгиси”, “Меҳнат Қизил байроқ” орденлари, кўплаб медаллар билан мукофотланган. Қишлоқ, туман, вилоят кенгашларига депутат бўлган. Вафотидан кейин у қурдирган мактабга номи берилди. Қишлоқ кўчалардан бири ҳам унинг номи билан аталади.

Орамиздан кетган қадрдон сиймоларни эслаш, одамлар учун қилган савобли ишларини эслаб туриш тирикларнинг бурчи. Элим деб, юртим деб меҳнат қилган, одамлар ардоғидаги раисимиз Аҳмаджон ака Нишонбоев ҳам хотирлашга арзигулик фазилатлар соҳиби эди.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон  шаҳри.

боғлиқ хабарлар