ҚАДРИЯТ 

КУЁВ

Аянчли, аммо кўпчиликка сабоқ бўладиган бу воқеани ишхонамиз қоровули, бир умр заводда ишлаб, ҳозир нафақага чиққан Маъмуржоннинг оғзидан эшитдим.

Муаттар ҳид уфуриб турган хонага оҳорли костюм-шим кийган, оқ кўйлакка қора бўйинбоғ таққан, соқол-мўйлови йигитларникидек қиртишлаб олинган, эллик беш ёшларга бориб қолган басавлат одам кириб келди. Хонадаги оппоқ ўринда юзлари озғин, кўзлари чўкиб киртайган, қошу соқоллари оқарган бўлса-да, ўзига ярашиқли нуроний чол ётарди. Меҳмон бир зум хонага кўз югуртирди: ўнг томонга чўғдек гилам осилган, қуёшга қараган деразага гулли парда тутилган, деворда чолнинг салласи, яктаги, чопони ва белбоғи илиниб турибди. Нақшинкор хонтахта устига ёзилган дастурхон ноз-неъматга тўла. Меҳмон чолга яқинлашиб, ёнига тиз чўкди.

– Ассалому алайкум, дада, – дея унга қўл узатди.

Беморнинг нурсиз кўзлари уни яхши кўрмади. “Ким экан бу? – деб ўйлади у. – Ҳа, овозидан таниш, ўша бевафо ўғиллардан бири бўлса керак.   Нима қилсин, алик олсинми ё… Йўқ, йўқ, у бу уйга – куёвига меҳмон. Ким бўлса ҳам, меҳмонни ранжитиш одобдан бўлмас”. Чол истамайгина меҳмон томон бурилди ва эти қочган қўлини унга узатди.

– Ваалайкум ассалом, сенмисан, Абдусаттор, кел. Соғмисан, бола-чақаларинг омонми?

– Худога шукр, келинингиз салом айтиб юборди. Анча яхши бўлиб қолибсиз. Ҳали ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз.

– Раҳмат, айтганинг келсин.

Шу билан ўзоқ вақтдан буён кўришмаган ота-боланинг суҳбати узилди. Орага жимлик чўкди.

Маъмуржон иссиқ чой келтирди. У нон ушатар экан, қайноғасини дастурхонга таклиф қилди. Бир коса мастава кўтариб Санталатхон кириб келди.

“Мунча ҳам тилёғлама бўлиб кетган бу ўғил, –  дея хаёлидан ўтди чолнинг, – хотинини яхши кўрсатиб, салом айтди, дейди-я. Чол-кампирга қанча зуғум ўтказмади бу шаллақи келин. Бир коса овқатни раво кўрмасди бизга. Абдусаттор қонунни яхши билган суд раиси бўла туриб, хотинини изига сололмади-я! У-ку, майли, қолган уч келин-чи? Каттаси қаёққа юрса, кичиклари ҳам эргашадими? Наҳотки, пешонам шунчалар шўр бўлса? Тўрт ўғилдан, тўрт келиндан биронтасининг уйига сиғмадим-а! Ўлар пайтимда куёвникида ётибман. Балки кампирим тирик бўлганида бу кунларга тушмасмидим?

Шифтга қараб ўйланиб ётган чолнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Киприклари юмилган  эди, бир-икки томчи ёш юзига оқиб тушди.

– Дада, нега йиғлаяпсиз? Нима, овқатдан қийналдингизми? Ташвишланманг, бир қоп гуруч, етарли гўшт-ёғ, кийим-кечак олиб келдим, – деди ўғил.

Ўғилнинг сўнгги сўзлари чолни баттар ранжитди. “Ахир куёви Маъмуржон, қизи Санталатхон ўтиришибди. Анча ёшга бориб қолган, неварали бўлган бу ўғилда фаҳм-фаросат борми ўзи? Синглим, куёвим хафа бўлади демай, айтаётган гапини қаранг!” Акаси келганидан қувониб ўтирган Санталатхоннинг бир зумда авзойи ўзгарди. Бир-икки аччиқ сўз билан чақиб олгиси келди-ю, аммо бемор отасининг олдида ўзини тийди. Кўзлари ёшланган ҳолда ташқарига чиқиб кетди. Ота ҳаммасини фаҳмлаб турибди.

“Энди айтмасам бўлмайди, ўларим бор, ўсарим йўқ, умрим поёнига етиб турибди, – деб ўйлади чол. – Бор гапни ҳозир айтиб олмасам, армонда кетаман”. Ота инқиллаб, туриб ўтирмоқчи бўлганди, Маъмуржон даст туриб чолнинг қўлтиғидан суяди, орқасига иккита ёстиқ қўйди.

– Ўғлим, яна сени кўраманми, йўқми билмайман. Олиб келган нарсаларингни миннат қилма. Сенинг ҳеч нарсанг керак эмас менга. Келтирганларингни олиб кет, йўқса сендан жуда хафа бўламан. Мени рози бўлсин десанг, гапимни қайтарма. Ўзинг келибсан-у, овқатингни пеш қиласан-а! Икки йилдирки, шу синглинг билан куёвинг қараяпти, духтурларга кўрсатяпти, овқатдан ҳеч ўкситишгани йўқ, барака топгурлар. Билсанг, касалим оғир. Тўрт ўғилдан биронтанг ҳам асқотишмадинг. Ахир ота-она болани нимага боқади? Бунчалар бемеҳр бўлишмасанг? Тўқсон ёшимгача ишладим. Рўзғорни бекаму кўст тутдим. Сенлар бола-чақали, хатто неварали бўлишсанг, ҳам зориқиб ёнингларга бормадим. Боғ қилдим, мева-сабзавот ўстирдим. Нимаики топсам-ундирсам, сенларга, невараларимга илиндим. Сенларни райингга қараб ўқитдик, еб-ичишдан, кийим-кечакдан ўкситмадик. Биринг ҳуқуқшунос бўлсанг, яна биринг муҳандис, қурувчи, ҳайдовчи бўлдинг. Ўзларинг суйган қизларни олиб бердик. Ўша соппа-соғ, боғимда ишлаб юрган пайтларимда ҳам кам келишардинг. Бизга ҳеч нарсанг керак эмасди сенларнинг. Кўргим келиб, онангни бошлаб, топган-тутганимизни олиб, ўзимиз бориб юрдик уйларингга. Келинлар хуш кўрмасалар ҳам, сенларни, невараларимизни  соғинардик. Болаларинг ора йўлда қолишмасин деб, келинларни асло ёмонламадик. Охири, куним кенжа уканг Абдурашидга қолди. Шофёр эмасми, ишга эрта кетади, ярим тунда қайтади. Келин бўлса, эсига тушса хабар олади, бўлмаса йўқ. Қаттиқ нонни сувга ивитиб еб ётдим. “Овқат бермаяпти”, деб келинни ўғилга ёмонламадим. Сенлар-чи, “дадамнинг аҳволи қандай, оғриётган эди, хабар олайлик”, деган ўй хаёлларингга келмади”.

Чол ўзини тута олмади. Кўзларидан  дув-дув ёш қуйилиб келаверди, хонага сукунат чўкди. Абдусаттор бошини хам қилганча ўтирар, гоҳи-гоҳида рўмолчаси билан пешонасини артиб қўярди.  Чол йўтала-йўтала сўзида давом этди:

– Сенлар бор деб, синглинг хотиржам эди. Куёвим билан бир кун мени кўргани бориб, аҳволимга ачинишди. Ётган уйимдаги бадбўй ҳиддан одам нафас ололмасди. Мен ҳам ўрганиб қолган эканман. Шунда синглинг ғазаби қайнаб, ҳаммангни чақиртирди. “Дадамни олиб кетаман, мен келинларга ишониб юраверибман, ўзим қаратаман, оқ ювиб, оқ тарайман”, – деди. Мен сенларга қарадим. Ахир тўрт ўғлим туриб, куёвникига қандай бораман? Ўшанда тўртовингдан ҳам садо чиқмади. Мана, икки йилдирки, шу ердаман. Маъмуржон менга куёв эмас, сенлардан ҳам аълороқ ўғил бўлди.

– Қайноғам ўшанда ўзини отаси оёқларига  ташлаб йиғлади, – деди Маъмурбек  ўша воқеани эслар экан, – аммо қайнотам:

– Сенларга бошқа гапим йўқ, – деди қатъий қилиб. – Яхшиям, Маъмуржон билан қизим бор экан. Ўзим ўтирган ҳовлини синглингга қолдиряпман, мендан сўнг мерос талашиб, руҳимни безовта қилманглар, – деди.

Абдусаттор ака келтирган нарсаларини ноилож олиб кетди.

– Ўғли келиб кетгач, бир ҳафта ўтиб, чол омонатини топширди. Ўзим чиқармоқчи бўлдим. Ўғилларини чақиртирдик. Аммо тўрт ўғил, номус қилишди чоғи, отани туғилган жойига қўйдик. Ўғилларининг кўпи нуфузли лавозимларда ишлашади. Ота ўлгач, барча маросимларни жойида қилдилар. Бизга қолдирган ҳовли катта эди. Икки йилгача бормайман, деб туриб олдим. Аммо ҳовли-жой қаровсиз эди. Гоҳо болаларим билан бориб, экин-тикин қилиб, уйларини тартибга келтириб турдик. Бу йил кўчиб борамиз шекилли, – деди Маъмуржон.

Бир неча йил ўтгач Маъмуржонни Жалолобод бозорида учратиб қолдим. Қуюқ кўришдик.

– Ҳозир Ўзбекистон Қорасувидамиз. Чолнинг йўқлигини билинтирмаяпмиз, чироғи ёниқ. Мевалари пишяпти, экинларини йиғиб олаяпмиз, – деди у кўнгли тўлиб.

Айрим мулоҳазаларга бориб кишиларнинг  номларини ўзгартирдик. Истагимиз, Маъмуржон куёв каби саховатли, меҳрибон ва бағрикенг инсонлар орамизда кўп бўлсин. Ҳеч бир ота-она умрининг поёнида умид билан вояга етказган фарзандидан азият чекмасин. Кимки эзгуликка интилиб яшаса, Оллоҳ бундай инсонлардан марҳаматини  аямайди.

 

Мўйдинжон  Абдумажидов,

Бозорқўрғон шаҳри.

боғлиқ хабарлар