ҚАДРИЯТ 

САФЕДБУЛОН НИМА ДЕГАНИ?

Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида Сафедбулон қишлоғи бор. Фарғона водийсида ислом динининг таралишида катта ўрин тутган бу жой узоқ тарихга эга. Қишлоқ қабристонида ва масжид қошидаги музейда ўнлаб тош китобалар сақланиб қолган. Улар бу ерга ўн тўрт аср аввал келган ислом лашкарларининг ва шу ерда яшаган марҳумларнинг қабри устига қўйилган. Маълумки, китоба тош қўйиш жуда қадимий анъана, уларнинг ҳар бирида давр руҳи ҳам акс этади. Сафедбулондаги қабр тошлари эса, ёзув тури ва мазмуни жиҳатидан камида минг йилнинг нарисига оид.

Қишлоқда “Қирғинмачит” деган бир майдон бор. Айтишларича, шу жойдаги катта мачитда жума намози ўқиётган мўминлар устига мажусийлар пойлаб етиб келиб, ҳамма саждага бош қўйган вақтда ёпирилиб ҳужум қилиб, 2772 кишининг калласини олган эмиш. Ҳозирги мачит эса ундан юқорироқда – қишлоқнинг энг баланд жойида қурилган. Бу ердаги Шоҳ Фозил мақбараси ЮНЕСКО рўйхатига кирган.

Сафедбулон қишлоғи (уни Испидбулон ҳам дейишади, Совет даврида эса Гулистон деб ҳам аталган экан) катта қишлоқ, ҳозир унда етти мингга яқин киши истиқомат қилади. Бу қишлоқдан Турсунбой Адашбоев, Аҳмаджон Мелибоев, Одилжон Олимжонов, Аҳрор Аҳмедов каби шоирлар, ноширу олимлар, таниқли математиклар, тадбиркорлар чиққан. Қишлоқнинг ўтмиши ва бугунги куни ҳақида ўзбек, қирғиз тилларида ўнлаб китоблар бор.

Гарчи Сафедбулон аҳолиси деярли ўзбеклардан иборат бўлса-да, қўшни қишлоқларда қирғизлар ва тожиклар яшагани сабабли, яқин-яқинларгача шу ҳудуд аҳолиси уч тилли бўлган, чунки мактабда ўзбек, қирғиз ва тожик муаллимлар дарс беришган, олтмишинчи йилларгача ўз қишлоғидаги мактабда она тилида тўлиқсиз ўрта маълумот олган болалар қўшни қишлоққа қатнаб, у ердаги бошқа тилли мактабда ўқийверган.

Сафедбулон қишлоғи ҳақида, юқорида айтганимиздек, кўп китоблар битилган, юзлаб мақолалар чоп этилган. Уларнинг деярли ҳаммасида Булон исмли қоратанли чўри аёл қирғинда боши танасидан жудо қилинган мусулмонларнинг каллаларини сувда ювиб кафанлагани, шу эзгу амали эвазига бадани оқаргани, у сафед (оқ) Булонга айлангани ҳақидаги ривоят келтирилади. Булон исмли бу аёл маҳаллий аҳоли вакили бўлган эмиш.

Бу ривоят уч жиҳатига кўра асоссиз. Ислом дини оқтанли одам қоратанли одамдан афзал деб талқин этмайди; бадан оқлигининг қандайдир фазилати йўқ. Киши ўзгалардан терисининг ранги, бойлиги, насаби, ҳусни, куч-қувватига қараб эмас, имон-эътиқоди, тақвосига кўра афзал бўлиши мумкин. Қолаверса, қишлоқ номи шундан кейин ўзгариб, Сафедбулон бўлиб кетганида ҳам мантиқ йўқ. Ниҳоят, бу ерда авваллари қоратанли одамлар яшамагани ҳам ақлларга тайин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Сафедбулон қишлоғи номининг бошқа талқинини ҳам диққатингизга ҳавола этмоқчи эдик. Гарчи бир қишлоқнинг номи қандай пайдо бўлганини тадқиқ этиш ҳозирги олатасир бозор иқтисодияти даврида ғалатироқ туйилса-да, гап ватанимиз тарихи ҳақида бораётганини ёдга олсак, масала ойдинлашади.

Интернетда Сафедбулон топонимининг Оқбулоқ (сафед – оқ, булон – булоқ) деган талқини ҳам бор. Аммо бу ном ҳам ёйилмаган кўринади.

Бизнингча, хийла мантиқли, илмий жиҳатдан ҳам далилланадиган вариант – “Сафед булон” (сафед – оқ, булон – катта кийик, лось) деганидир.

Эътибор қилсангиз, туркий халқларда ҳайвон исмларидан келиб чиқиб қўйилган жой номлари кўп. Шу яқиндаги яна бир қишлоқ Олабуқа эканини (туман маркази) эсланг. Қирғизистонда Жетиўгуз (етти ҳўкиз), Оқбайтал довони, Олабайтал деган жой номлари бор. Ўшдаги Оқбура эса нортуя деганидир, шунингдек Туябўғиз, Отбоши, Қўчқор, Сусамир (сувсар) каби масканлар бор. Булар – мамлакат бўйича машҳур жойлар, аммо ҳар бир қишлоқда ҳам ҳайвон ном билан аталадиган объектлар бисёр.

Яна. Ўтмишда чорвадор бўлган туркий халқлар табиатга яқин бўлган, болаларини бўтам, қўзим, тойчоғим деб эркалатган. Жангари кишини хўроз, шер деб аташган, Арслонбек, Қоплонбой, Бургутали каби исмлар оз эмас. Ҳатто шу даражадаки, Кўппак деган киши исми ҳам ўнлаб учрайди; у замонларда бу одатий ҳол бўлган, ҳеч ким бундай исмидан уялиб юрмаган.

Булун деган ҳайвон (лось), гарчи ҳозир бизнинг юртларда учрамаса ҳам, шундай сўз борлигининг ўзи қадимда шу масканда айни тур жонивор яшаганининг далилидир. Чунончи, ҳозир Марказий Осиёда умуман арслон йўқ, аммо бир замонда яшаганки, боболар уни арслон деб номлаган. Ҳозир бу минтақада йўқ бошқа жониворлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.

Кези келганда қайд этайлик, туркий тилда бирқанча йиртқич ҳайвонлар “…лон” суффиксли сўзлар орқали ифодаланган: “арслон”, “сиртлон”, “қоплон”. Шунингдек, гарчи йиртқич бўлмаса ҳам кучли, инсонга тап тортмай даф қилувчи жониворлар ҳам ваҳшатига кўра шу тарзда аталган: “қулон”, “булон”. Бунга яна “илон”ни қўшиш мумкин. Чамаси, бобо турк тилида “қўрқинчли махлуқ” маъноси “лон” орқали ифодаланган бўлса керак.

Сафедбулон ва унинг атрофи қадимда тоғ этагидаги чакалакзор ўрмон эди, Поччаота сойи арчазор оралаб оққан. Ўрмон бепоён, сой эса катта бўлган (етмиш йилча аввал арча кесилса, сойда оқизиб қишлоққа етказилган). Яъни, бу ер булон каби йирик ҳайвонлар ҳам бемалол ризқини териб яшайдиган маскан бўлган. Одамлар кўпайгач, овлана бериб, булон қириб тугатилган (бу қишлоқда ҳозир ҳам овчи кўп, уларнинг аждоди овчи бўлган). Расмда кўриб турганингиз каби оқиш тусли булон илгари сероб эди, шундан келиб чиқиб, бу ҳудудни Сафедбулон деб аташган бўлса, эҳтимол.

Энди яна талқинга ўтсак. Сафед-ку, оқ ранг дегани, аммо турдош от ўлароқ, “булон” сўзи улкан кийикдан бошқа яна нимани англатган?

“Булон” сўзи “булунғ” сўзидан келиб чиқмаганмикин? Қадимги туркий тилда “булунғ” лойқа сув маъносида ҳам, чет, бурчак жой маъносида ҳам келган, булардан иккинчи маъно ҳозир ҳам ўзбек тилида бор (“Эй номард, булунғ-бурчакларда қочиб юрмай, олдимга кел”).

Самарқанд вилоятидаги Булунғур (туман) – лойқа сув маъносини англатади, чунки қишлоқ ёнидан Зарафшон дарёси бўтана бўлиб оқади. Аммо Булунғур катта йўл устида жойлашган, чет жой деган маъноси йўқ.

Сафедбулондаги Поччаота сойи эса тоғ дарёси, суви оппоқ, тиниқ. Демак, бу лойқа сув маъносини билдирмайди, дарё ҳам, қишлоқ ҳам “Сафедбулунғ” бўлмаган. Иккинчидан у чет, овлоқ жой ҳам эмас. Бинобарин, ихтиёримизда юқорида келтирилган оқ булон (сафед булон) маъноси қолади.

Ҳар киши ўттиз ё эллик йил аввалги ҳаётни эсласа, илгари ҳар турли қушлар, ҳайвонлар, бошқа жониворлар анча кўп бўлганини тан олади. Яқинларда сассиқпопишак, зарғалдоқ, қизилиштон, читтак, чуғурчуқ ва ҳоказо қушлар бисёр эди, ҳозир уларнинг отигина қолди, ҳатто мусича, чумчуқ ва қалдирғочлар ҳам жуда сийраклашди. Пахта даласи шийпонларига айиқ ўйнатувчилар “полвон” олиб бориб, ҳунар кўрсатишар эди. Ҳозир ўша айиқларнинг пўстаги ё тулупи ҳам қолмаган. Айиқ тугул, тулки ҳам йўқолди.

Бу – эллик йилнинг берисидаги ҳол. Уч юз йил, беш юз йил аввал эса даштлар минг хил жон-жониворларга, осмон эса анвойи қушларга тўла эди. Жумладан, чўлларда қулон (ёввойи эшак), ўрмонларда эса булон кўп бўлган.

Назаримизда, Сафедбулон қишлоғи (қадимда у ҳам кичик қишлоқ бўлган, албатта) атрофидаги арчазор ўрмонларда булон эмин-эркин яшаган, кўпайган, шундай ҳайвон кўп бўлгани учун бу жойи Сафедбулон деб аталган. Биз кўрмаган бўлсак, ёки ҳозир учрамаса, айни шу тур ҳайвон ёки қуш бу ерларда қадимда ҳам бўлган эмас, деб ҳукм чиқариб бўлмайди.

Далил сифатида яна бир маълумотни келтирсак. Бутун Марказий Осиёда, жумладан Қирғизистондаги тошга чекиб ясалган расмлар – пертроглифларда от, архар каби жониворлар билан бир қаторда булон тасвири ҳам кўп. Бу ҳам айни жонивор шу жойларда яшаганининг исботидир. Зеро ибтидоий давр одами ўзи кўрмаган ҳайвоннинг расмини тошга чекиб муҳрлаши имкондан хориж иш эди.

Ва ниҳоят, қадимда Ўрта Осиёда истиқомат қилган сўғдлар тилида лось – булон деб аталган, уларнинг авлоди бўлган ҳозирги тожиклар тилида ҳам лось – булондир.

Жалолобод вилоятининг файзли, обод бир гўшаси бўлмиш Сафедбулон қишлоғининг номи, бизнинг фикримизча, ана шу тарзда келиб чиққан.

Ўшда Бақақуриллоқ, Бешкапа, Қўштош, Бешкўприк сингари номининг маъноси ҳаммага аён жойлар бор. Аммо улар билан бирга Увом, Шаҳидтепа, Мўян, Бешбўйноқ, Подавон, Моди сингари ўнлаб масканлар номининг келиб чиқишини ўрганиш бизга тарихнинг ҳали очилмаган саҳифаларини намоён этади.

Ўшдан ташқари чиқар бўлсак, Ўзган, Қуршоб, Сузоқ, Шокаптар, Аравон, Боткен, Афлотун, Олой, Гулча, Новқат, Шалхама, Моси, Аравон, Сулукта Саричелак, Арслонбоб, Ғова, Попон каби юзлаб жой номлари бор; улардан ҳар бирининг келиб чиқиши махсус тадқиқотни талаб этади. Бу тадқиқотлар эса юртимиз ўтмишининг нақадар қадимийлигини далиллаб беради, ана шунда фарзандларимиз она тарих руҳидан узилмайди, ватанпарвар, юртпарвар, элпарвар бўлиб вояга етади, дунёқарашлари кенгаяди, мангқуртлик, бугунги куни билангина яшаш ҳисси камайиб, инсоний фазилатлари ортади.

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар