ҚАДРИЯТ 

ИККИ КУНДА ИККИ ТЎЙ

Шу ҳафтанинг икки кунида, аниқроғи, биринчи ва тўртинчи апрель саналарида Марказий Осиёнинг бош шаҳри – Тошкентда қирғиз халқи ҳаёти ва адабиётига бағишланган икки йирик анжуман бўлиб ўтди. Булардан биринчиси Ўзбек миллий академик драма театрида Т.Абдумўминов номидаги Қирғиз миллий акдемик драма театри меҳмонда бўлиб, таниқли адиб Қайрат Иманалиевнинг “Охирги хат” пьесасини намойиш қилингани, иккинчиси – Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси бугун Қирғизистонда оммавий нишонланадиган “Оқ қалпоқ куни” байрам қилингани бўлди.

Қайрат Иманалиевнинг асари, жанр жиҳатидан драма, аммо руҳига кўра уни трагедия деса бўлади. Унда Чинггиз Айтматовнинг отаси Тўрақул Айтматов ҳамда онаси Наима Айтматованинг бахтли бошланган, аммо фожиали равишда якун топган оғир қисмати ҳақида ҳикоя қилинади. Асар ўзбек саҳнасида қирғиз тилида ўйналди. Зални лиқ тўлдириб ўтирган ихлосмандлар асарнинг бутун руҳи ва мазмунини таржимонсиз ҳам тўла тушуниб, ҳис этиб, кўзларида ёш билан мириқиб томоша қилишди.

Тўрақул Айтматовнинг давлат арбоби сифатида фаолияти бундан 102 йил аввал, 1924 йил бу ерда таълим олаётган қирғиз зиёлиларининг илк вакиллари сафида айнан Тошкентда бошланган эди. Наима Ҳамзаевнанинг ҳам оилавий ришталари Тошкентга боғлангани кўпчиликка маълум. Таъбир жоиз бўлса, уларнинг қиёфа-образлари биринчи марта саҳна орқали уларнинг ёшлик дамларини ёдга соладиган ўша қадрдон шаҳарда юзлаб санъат ихлосмандлари кўз ўнгида намоён бўлди.

Оддий томошабинларгина эмас, санъат намояндалари, жумладан театрда биз билан ёнма-ён ўтирган Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокированинг эътирофига кўра ҳам, драма ниҳоятда баланд савияда ўйналди. Халқ ундан мутаассир бўлиб, икки самимий қалб эгасининг тақдирларига кўз ёши тўкиб, шу аснода дилидаги кундалик ташвиш-ғуборлари ювилиб ташқарига чиқди. Ҳар бир томошабин қардош эл санъат усталарининг юксак маҳоратига тан берди.

Кези келганда, бир истак сифатида қайд қилиб ўтсак: Қайрат Иманалиев олиб чиққан бу мавзу биз учун асло бегона эмас. Абдулла Қодирийнинг, Чўлпоннинг, Ўсмон Носирнинг ҳаётидаги фожиалар, ундан аввалроқ Ҳамзанинг, Беҳбудийнинг ҳаёти, умрининг ниҳояси қайси драмага мавзу бўлмас экан? Бироқ ҳали-ҳозирча бу мунаввар сиймолар ҳақида қандайдир “ҳужжатли” фильмлар тайёрланяпти, одамлар уни бугун кўриб, эртасигаёқ унутиб ҳам юборяпти. Чунки улар ҳақиқий санъат асари даражасида бўлмай, мўмай гонорар тариқасида давлатнинг, халқнинг пулини совуриш ҳисобига юзага чиқяпти. Ўнлаб тарихий шахслар ҳаёти ҳақида қарийб бир хил асарларнинг бизга нима кераги бор, шуни тушуна олмайман.

“Оқ қалпоқ куни”га келсак, қирғиз биродарларимизга тан бериш керак: улар ўз миллий кийимидан уялишмайди. Бизга ўхшаб, бошқалар кўзига “маданий” бўлиб кўринишга уринишмайди. Энг катта давлат арбоблари ҳам, оқ қалпоғи бошида, ғурур билан анжуманлар ўтказишади.

Шу ўринда бир мучал аввалги бир воқеа ёдимга тушди. 2014 йилда қирғиз шоири Тўқтағулнинг шеърлари олти туркий давлат тилида алоҳида-алоҳида нашр қилинди. Мени ҳам, оқиннинг ирларини ўзбек тилига таржима қилган киши сифатида Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрига – китоб тақдимотига чақиришди. Адиб шеърларини ўз она тилига ўгирган беш киши: туркман, озарбойжон, қозоқ, ўзбек ва турк таржимони кетиб боряпмиз. Қозоқ таржимони Темирхон Тебегенов қора бахмал чопон, яшил тагли қозоқ қалпоғини кийиб олган. Қаерга борсак, ҳамманинг кўзи Темирхон оғада – бошқаларимизга биров қарамади ҳам. Ўшанда ўйладим, дўппи кийиб, беқасамми, банорасми чопон кийиб келмайманми, деб. Уёғини сўрасангиз,  ўзбек либоси баридан кўркам, сипо, улуғвор, ярашиқли-ку? Нега киймаймиз?

Ўз миллий либосидан хижолат тортадиган эл қандай халқ бўлади?

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Ўн беш йилча аввал телевидениеда бир кўрсатувни олиб боришимни сўрашди. Ҳар ҳафтада бир-икки эфирга чиқиш белгиланган. Икки-уч суҳбатдан сўнг, бир куни, нимаям бўлиб дўппи кийиб борибман, денг. Камералар тайёрлангач, режиссёр йигит, “домла, бошлаяпмиз, дўппингизни ечиб қўйинг”, деб илтимос қилди. “Нега?” “Энди, мумкин эмас-да, ўзингиз тушунасиз…”

Билсангиз, бу “қадим ўтган замонда” эмас, истиқлол замонида, ундан ҳам ўн беш йиллар ўтганидан кейинги ҳолат. Ана шундай пайтда ўз миллий кийимини ғурур билан, фахр билан киядиган эл вакили бўлмаганингга афсус ер экансан, киши.

Майли, у кунлар ўтди.

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида бугун нишонланган “Оқ қалпоқ” куни эса ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик байрамига айланиб кетди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев, Қирғизистоннинг Тошкентдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшанқул Чотонов, Ўзбекистон қирғиз миллий-маданий маркази раиси Раҳматулла Жабборов ва бошқалар ушбу кун билан иштирокчиларни муборакбод қилишди, қирғиз ҳамда ўзбек тилларида куй-қўшиқлар янгради.

Бундай байрамларнинг эмин-эркин ўтказилиши, унда турли милат вакилларининг иштирок этиши мамлакатдаги ҳар турли элатлар ўртасида дўстлик туйғуларини кучайтириши шубҳасиз. Мана шуниси қувонарли, албатта.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар