ҚАДРИЯТ 

УНУТИЛМАС ОДАМЛАР

Журналист сифатида ўзим билан ёнма-ён, елкама-елка ишлаган, аммо орамиздан бевақт ўтиб кетган ҳамкасблар сиймосини, гарчи уларни доимо хотирлаб, ёдда сақлаб юрсак-да, эл-юртга қилган савобли ишларини яна бир карра қайд этишни инсонийлик бурчим, деб биламан.

Ўсканбой Матқосимовнинг номини ҳали газетада ишламаган йилларим мабуот саҳифаларида тез-тез учратардим. У ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ўш область “Ленин йўли” газетасида, ундан илгарироқ Ўш райони газетасида ҳам ишлаган экан. Ўсканбойда ёшлигидан бу ишга туғма истеъдод бўлган десам, хато бўлмас. У биз билан тенгқур эди. Кейинчалик, саксонинчи йиллар охирларида мен ҳам, у ҳам Бозорқўрғон тумани халқ таълими бўлимида методист бўлиб ишладик. Ундаги журналистикага бўлган лаёқатга ҳавасим келарди. Қандай топшириқ берилмасин, уни бекаму кўст адо этиш билан бирга, қайси билим даргоҳига борса, газетабоп мақола тайёрлаб, журналистликка бўлган садоқати ва меҳрини кўрсатар эди.

1991 йили Жалолобод вилояти ташкил этилгач, ўзбек тилида вилоят газетасини очиш ҳаракатига тушдик. Ўсканбой ҳам “Жалолобод тонги”нинг ташкилотчиларидан бири бўлди. У журналистлик касбини ардоқлар, қайси соҳа бўлмасин, уни мутахассисдан ҳам зиёда ўрганиб, мазмунли мақолалар тайёрлар, топшириқларни муҳаррир айтганидан ҳам зиёда қилиб адо этарди. Гоҳо, навбатдаги сонга мақола етишмай қолса, дарҳол ёндафтарини олиб, керакли мавзуда янгилик тайёрлаб берарди.

Ўсканбой ишлашнигина эмас, мириқиб дам олишни ҳам хуш кўрарди, айниқса, кўнгилга яқин улфатлар билан ёзилишни, меҳмон кутишни жуда яхши кўрарди. Унинг Сайдиқум қишлоғидаги уйида кўп меҳмон бўлганмиз. Умр йўлдоши Тожихон жуда меҳмондўст аёл эди, дастурхонлари ҳамиша бу икки инсоннинг бағрикенглигидан, меҳмоннавозлигидан  дарак берарди.

Ўсканбой ва Тожихон ўн нафар ўғил-қизни қаторга қўшишди. Ҳамкасбимиз ҳаётининг сўнгги йилларида “Худо яна бир набира берса, жами  40тага етади”, деб қувониб юрарди. Пайғамбар ёшига етганда дўстимизнинг юраги безовта қилиб даволаниб юрди, ҳасталанса ҳам ижод қилишдан тўхтамади. Ҳаж зиёратига бориб, Каъбатуллоҳни тавоф қилиб қайтган дўстимиз Ўсканбойнинг юраги 63 ёшида уришдан тўхтади. Ҳозиржавоб ва сермаҳсул  журналист дўстимиздан ўзимиз кутмаган ҳолда  айрилиб қолдик.

Усмон Рожиддинов билан эса Ўш вилоят “Ленин йўли” газетасида бирга ишлаб юрган кезларимиз танишганман. Усмонжон илгари Фарғона вилояти газеталарида ҳам ишлаб юрган, кейир эса она шаҳри Жалолободга келиб қолган эди. У биздан кўра анча тажрибали, журналистика соҳасини пухта эгаллаган, билимдон инсон эди. Жалолобод Ўшдан ажралиб алоҳида вилоят бўлгач, ғазал мулки султони Алишер Навоийнинг 550 йиллик юбилейини ташкил этишда фаоллик кўрсатди ва ўша 1991 йили маслакдошлар билан биргаликда вилоят ўзбек миллий-маданий марказини тузиб, унга раҳбарлик қилди. Кейинчалик яна журналистлик фаолиятини давом эттириб, “Жалолобод тонги” газетасида мухбир бўлиб ишлай бошлади.

Усмонжон тарихни чуқур билар, ўзбекларнинг келиб чиқиш тарихидан яхши хабардор эди. Унинг шу мавзудаги мақолалари газетамизда чоп этилиб, мухлислар олқишини олди. Корхоналар хусусийлашгач, улардаги иқтисодий аҳвол, ишлаб чиқариш жараёни Усмонжонни сира қониқтирмади. Шу боис бу йўналишда танқидий мақолалари билан газетамиз мавқеини ошириб келди. Унинг ўзигагина тегишли бўлган фазилатларидан бири – бировдан ёрдам сўрамас, аммо ким мурожаат қилса, маслаҳатини аямасди. Бора-бора унда ҳикоя, ғазал ва шеърлар ижод қилиш истеъдоди шаклланиб, қатор асарлари билан газетхонлар назарига тушди.

Усмонжон умрининг сўнгги йилларида яна Фарғонага, илгариги жамоаси, дўстлари ҳузурига ошиқди. Фарғонадан уй олиб, ўша жойдаги тармоқ газеталаридан бирида ишлай бошлади. Ҳар йили у Жалолободга келар ва таҳририятимизга кириб, биз билан ҳамсуҳбат бўлиб яйраб кетар эди.

Фарғонада яшаб, ишлаб юрган Усмонжонни танҳолик чарчатиб, юракка ўз ҳукмини ўтказганми, бу энди Оллоҳга аён. У ўша ерда хасталаниб, кутилмаганда ҳаётдан кўз юмди. Усмонжонни она шаҳри Жалолободга олиб келишиб дафн этишди. Газетамизнинг ташкил этилгандан буёнги сонларини варақлар эканмиз, уларда “У.Рожиддинов” имзоси билан чиққан мақола, очерк, ҳикоя ва шеърларни ўқиймиз. Демак, дўстимиз номи тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди. Келажак авлодлар ҳам унинг номини ардоқлаб юришларига ишонамиз.

Ҳабибулло Аҳмаджоновнинг эса касби муаллимлик бўлиб, ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутаҳассис эди. Иттифоқ даврида у “Ленин йўли” газетасида бир қанча вақт корректорлик қилди. Аммо оилавий шароити туфайли у ерда кўп ишлай олмай, Сузоққа қайтиб муаллимлик қила бошлади. Тажрибали ва билимдон муаллим сифатида назарга тушди ва туман халқ таълими бўлимига методист бўлиб ишга ўтди. У туман ўқитувчиларидан методик ёрдамини аямади, турли семинару суҳбатлар ташкил этиб, ўзбек тили ва адабиёти дарслари савиясини оширишга катта ҳисса қўшди. Аммо 1993 йилга келиб методистлар сони кескин қисқартирилди. Шунда у ҳеч иккиланмай журналистикага бўлган иштиёқи туфайли “Жалолобод тонги” газетасига ишга ўтди. Ҳабибулло шоир ҳам эди. Унинг қатор шеърлари вилоят газеталарида босилиб келган.

Бу инсоннинг одамийлик фазилатлари ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Ҳабибулло жуда камтар, кибр-ҳавони билмаган, ўзидан ёшроқ одамлар ҳам илтимос қилиб иш буюрса, хўп деб кетаверадиган ювош-мўмин инсон эди. Ёзганларини дарҳол муҳаррирга кўрсатмас, газетада ишлаган тажрибали журналистлар назаридан ўтказгачгина таҳрир учун топширар эди. Мақола ва хабарлари анча силлиқ, ўқишли ёзилган бўлса-да, ўзининг кўнгли тўлмасди. Мен ҳам бир неча бор ёзганларини кўздан ўтказиб, яхши томонлари кўплигини айтиб, айрим ҳолатлардагина маслаҳатлар берардим. Муҳаррир қандай топшириқ берса, ҳеч кечиктирмай бажаришга киришарди. У газетага мақола ёзиш билан бирга босмадан янги чиққан газетани мактабларга, хўжалик ва корхоналарга етказиб берарди. Тандирдан узилган нондай, ҳали совиб улгурмаган газетани олган мухлислар Ҳабибуллога олқиш айтишарди.

Хушмуомала, камтар, сахий, беғараз, софдил ва қаноатли Ҳабибулло дўстимизни ҳеч қачон унутмаймиз. Ҳабибулло ёзган шеърлар ҳам анча. Унинг шеърлари китоб қилиб чиқарилса, хотирасини эъзозлашга катта ҳисса бўлиб қўшиларди. Бу борада Ҳабибуллонинг яқинлари, сузоқлик ҳимматли инсонлар ташаббус кўтарсалар, савобли ишга қўл урган бўлардилар.

Яна бир эслашга лойиқ, хотирлашга муносиб укаларимиздан бири Зиё Муҳаммад, яъни Зиёҳиддин Мамажоновдир. Бу йигитдаги шижоат, дадиллик, довюраклик каби фазилатларга ҳамманинг ҳавас келарди. У чинакам миллат жонкуяри эди. Зиёҳиддин ўт-олов йигит эди. У, айниқса, соҳибқирон Амир Темурнинг руҳини шод этишга катта ҳисса қўшди. Ахир Францияга от-аравада боришга ҳар ким ҳам журъат этавермайди. Бугунгидек ҳар бир давлат чегараларини тўсиб, божхоналарни қуриб олган бир пайтда бу жасоратли инсон ишбилармонларни Франция сафарига маблағ ажратишга кўндирди. Қийинчиликларга қарамасдан, Европа мамлакатлари оша Парижга бориб келди ва миллатдошлари олдида берган ваъдасининг устидан чиқди.

Зиёҳиддиннинг юраги булоқдек жўшиб турарди. Шеърларида ўзлигимизни топиш ғояси ўрин олганди. Юракдан ёзилган шеърлар қалбларда узоқ сақланади. Унинг газетамиз саҳифаларида чиққан шеърлари ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Зиёҳиддин таҳририятимизга тез-тез ташриф буюрар, ёзганларини кўрсатиб, маслаҳат оларди, янги мавзуларда мақолалар тайёрларди. Унинг Францияга қилинган саёҳатдан олинган таассуротлари газетамизда пешма-пеш босилиган. Ўткир қалам соҳибини Қирғизистон Журналистлар уюшмасига аъзо қилиб олган эдик. Зиёҳиддин қўрсликни, қўполликни ёқтирмас, такаббур, таъмагир, иккиюзламачи одамларни асло хуш кўрмасди. Унинг келажакдаги орзу-умидлари бир олам эди. Эндиги мақсади Афғонистон, Покистон, Ҳиндистондаги Бобур қадамжолари ва Алишер Навоий яшаган жойларни зиёрат қилиш, юртдошларимизга улар ҳақида янги маълумотларни олиб келиш эди. Афсуски, унинг булоқдек жўш урган юраги тўсатдан урмай қолди. Унинг сиймосида биз миллат жонкуяридан, ҳақиқий курашчидан айрилиб қолдик.

Ундан бизга хотира бўлиб оташин шеърлари, саёҳатномалари қолди. Сузоқликларгина эмас, бутун вилоятимиз миллатпарварлари бу шоирдан қолган асарларнинг алоҳида китоб қилиб чиқарилишини хоҳлайдилар. Бундай савобли ва хайрли ишга қўл урадиган саховат эгаларининг албатта топилишига имонимиз комил.

Бу ёруғ дунёдан ўтган ижодкор дўстларимизни Оллоҳ раҳмат қилсин!

Дўстларим Ўсканбой, Ҳабибулло, Усмонжон, шоир укам Зиёҳиддин! Кўксимдан тўкилаётган ушбу дардларим сизларга етиб борармикин?

 

Усмонжон, Ҳабибий, Ўсканбой ҳожи,

Зиё Муҳаммаддир ҳаммадан ёши.

Яшашга етмади юрак бардоши,

Бевақт бу ҳаётдан кетган дўстларим.

 

Интилиб, ҳаётдан топдилар ўрин,

Жўш уриб илҳоми, тинмай туну кун.

Қоғозга тўкишди юракда борин,

Ижод завқ-шавқини тотган дўстларим.

 

Тутган қаламингиз унсиз йиғлайди,

Ўтирган хонангиз бўш ҳувиллайди.

Мухлислар, қани деб сизни сўрайди,

Эзгулик йўлини тутган дўстларим.

 

Ўйлайман, ўйимнинг йўқ интиҳоси,

Наҳот топилмаса юрак давоси?

Бормикин ёлғончи дунё вафоси,

Орзу-ҳавас кўрмай ўтган дўстларим.

 

Ҳар баҳор қабрингиз гулга бурканар,

Лолалар силкиниб сизни эслатар.

Тириксиз, ёддасиз то рўзи маҳшар,

Абадий уйқуда ётган дўстларим.

 

Мўйдинжон  Абдумажидов,

Бозорқўрғон.

боғлиқ хабарлар