ХИТОЙ ПОДШОҲИ МУҲАМАД АЛАЙҲИССАЛОМ ҲАҚИДА
ёки
ТУТАШМАГАН ТУТАШ ТАҚДИРЛАР
Биз ушбу мақолада бундан етти аср муқаддам Хитойда ёзилган “Юз сўз” деган бир шеърий асар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу шеър, руҳига кўра қасида бўлиб, уни 1368 йилдан 1398 йилгача – ўттиз йил Хитойга ҳукмдорлик қилган император Чжу Юаньчжан (1328-1398) ёзган. У ислом динига хайрихоҳ назар билан қараган Хитой ҳукмдори эди.
Шоёни ҳайратки, шу борада олиб борган озгина изланиш давомида Чжу Юаньчжан билан деярли тенгдош бўлган Амир Темур орасида жуда кўп муштаракликлар борлигини аниқладик. Чунончи:
- Иккови бир замонда яшашган. Амир Темур ундан атиги саккиз ёш кичик бўлган, иккови ҳам деярли тенг – етмиш йилдан умр кўришган.
- Чжу Юаньчжан ҳам, Амир Темур ҳам шоҳлар оиласидан чиқмаган: балки оддийроқ оила фарзанди эдилар. Иккови ҳам мардлик ва тадбиркорлик орқали нафақат мамлакат ҳукмдори бўлган, балки империя туза олишган. Чжу Юаньчжан асос солган Мин империяси 1368-1644 йилларда (276 йил) салтанат сурган бўлса, Темурийлар империяси (Бобурийлар билан қўшиб ҳисоблаганда) 1370-1857 йиларда (487 йил) ҳукмронлик қилган.
- Иккови ҳам сиёсий-ҳарбий ҳаракатини мамлакатни мўғул босқинчиларидан озод этишдан бошлаган.
- Чжу Юаньчжан мўғулларга қарши курашни “Қизил пешонабоғлилар” ҳаракатига қўшилган ҳолда бошлаган, Амир Темурнинг халқ орасида мўғул босқинчиларига қарши стихияли равишда келиб чиққан Сарбадорлар ҳаракатига қўшилиши ҳам шу тарзда юз берган.
- Чжу Юаньчжан “Қизил пешонабоғлилар” ҳаракати раҳбарлари билан ихтилоф келиб чиққач, уларни маҳв этган. Амир Темурнинг Сарбадорлар ҳаракати етакчилари билан муносабати ҳам шу йўсинда якун топган.
- Икковлари ҳам аёлманд одам бўлишган: Чжу Юаньчжаннинг тўртта асосий хотини ва кўплаб жориялари бор эди, 24 ўғил ва 16 қиз фарзанд кўрган. Амир Темурнинг эса ўн саккиз нафар хотини, йигирмата жорияси бўлган. Вояга етган фарзандлари сони эса тўққизта (тўрт ўғил, беш қиз).
- Ўхшашликлар кўлами шу қадарки, кичик бир деталь: Чжу Юаньчжан марказлашган ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун “почта бекати тизими”га катта эътибор берган. Почта бўлими нафақат фармонлар юбориш, балки кенг ҳудудларни назорат қилиш, амалдорларни турли ишлар билан ҳар томонга юбориш ва солиқларни етказиб бериш учун ҳам хизмат қилган, бу унинг мўғуллар ҳукмронлигидан кейин мамлакатни қайта қуриш сиёсатининг асосий жиҳати бўлган.
Амир Темурда ҳам шундай. Тарих манбаларида ёзилишича, “ўша пайтда бошбошдоқлик ва адолатсизликлар кучли бўлиб, бу ерлардан ўтиб-кетувчи савдогарлар ва ҳожилар қийинчиликка учрар, бу тартибсизликлар ташқи-иқтисодий ва дипломатик алоқаларнинг ривожига салбий таъсир кўрсатар эди. Амир Темур бу аҳволни таҳлил қилиб, ўша давр саҳнасини жуда яхши кўра олган ва йўлларнинг тинчлигини, уларнинг ишчанлигини таъминлашни, қуриш ва қайта таъмирлаш, ягона коммуникация тизимларининг хавфсизлигини кучайтиришга киришган”.
- Иккови ҳам мардлик ва довюракликка алоҳида эътибор беришган.
- Чжу Юаньчжан қўшинида миллати хитой, ўзи мусулмон бўлган ўнга яқин лашкарбоши хизмат қилар эди. Қолаверса, рафиқаси мусулмон оиласидан чиққан, унинг ўзи ҳам бир маҳал мусулмон исёнчилар гуруҳида қатнашган. Ўз замонасининг амиралмўмини бўлган Амир Темур эса, олимларнинг ёзишича, “фақат Қуръони Каримни ёдлабгина қолмай, балки унинг маъносини ҳам жуда яхши билар, бошқа илмларни ҳам пухта эгаллаган эди. Айниқса, фиқҳ илмида шуҳрат қозонган эди. Бу эса, ўз навбатида унинг обрўсига обрў қўшар, халқ оммасининг у кишига бўлган иззат, эҳтиромини яна ҳам орттирарди”.
- Чжу Юаньчжан шоир эди. Унинг “Юз сўз” қасидаси Оллоҳ таоло, ислом дини ва Муҳаммад алайҳиссалом мадҳига бағишланган. У мазкур қасидани Нанкин, Юньнан, Гуандун и Фуцзян шаҳарларида ўзи қурдирган масжидлар деворига ёзиб осиб қўйишни буюрган. Ҳукмдорнинг исломга мойиллиги кўп одамларнинг шу шаҳарларга кўчиб бориб яшаб қолишига сабаб бўлган. Ҳатто ҳозир ҳам Хитойдаги масжидларда Расулуллоҳга бағишланган ушбу қасида битилганини кўриш мумкин.
Амир Темур эса, гарчи шоир бўлмаса-да, шеъриятни жуда қадрлаган, кўп шеърий асарларини ёд билган ва ўзаро суҳбатларда мисолга келтиришга моҳир бўлган. “Темур Кўрагон – агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтқонча бор”, – деб таърифлайди Алишер Навоий уни. Тарихда энг кўп шоир ва бошқа санъат аҳллари айнан Амир Темур замонида яшаб ўтгани ҳам бежиз эмас.
* * *
… Буюк одамларнинг ҳеч бири бошқа бировга ўхшамайди, ҳар қайси нодир сиймо ўзига хос бўлади. Улар эҳтимол шуниси билан ҳам улуғдир. Бироқ турли замонларда, Ер юзининг бошқа-бошқа жойларида тақдири бир-бирига жуда ўхшаш шахслар учраб туришига ҳам бир мўъжиза. Чжу Юаньчжан билан Амир Темур ҳаётномасидаги муштарак жиҳатларни қаранг! Яна шуни ҳам айтиш керакки, камина тарихчи эмас, айниқса Чжу Юаньчжан ҳаётига оид Интернетдаги шу гаплардан бошқа маълумот қўлимда йўқ. Ким билади, бу икки ҳукмдорнинг умр йўлларида яна биз билмаган яна қанча монанд жиҳатлар бор экан?
Глобаллашиш давом этаркан, биз бир-биримизни яхшироқ англай берамиз. Ахир, бундан етти аср муқаддам, ғирт кофирлар юрти деб саналган Чин мамлакатида, бунинг устига, бирон дипломат ё шоир ҳам эмас, айнан буюк император – шаҳаншоҳнинг ўзи муқаддас ислом динини, сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссаломни мадҳ этиб, қасида битган бўлиши тушимизга ҳам кирмайдиган ҳайратланарли ҳодиса-ку!
Мана, “Юз сўз”нинг хитойча аслияти ва рус тилидаги насрий баёни:
| Хитойча аслияти | Рус тилидаги маъно таржимаси |
| 《百字讚》寫道:“乾坤初始,天籍注名。傳教大聖,降生西域。授受天經,三十部冊,普化眾生。億兆君師,萬聖領袖。協助天運,保庇國民。五時祈祐,默祝太平。存心真主,加志窮民。拯救患難,洞徹幽冥。超拔靈魂,脱離罪業。仁覆天下,道冠古今。降邪歸一,教名清真。穆罕默德,至貴聖人。”《百字讚》 | Вселенная началась с того, что на небесной табличке было записано его имя.
Великий мудрец, проповедующий религию, родился в западном царстве. Дарование и получение небесного Писания в тридцати частях, универсально преобразующее все сотворенные существа. Повелитель триллиона правителей, лидер десяти тысяч мудрецов. С помощью судьбы, защитницы сообщества. В каждой из пяти молитв он молча молит об их полном благополучии. Его сердце было обращено к Аллаху, помня о нуждающихся. Избавь их от невзгод в безопасное место, Знающий сокровенное. Возвышенный над каждой душой и духом, свободный от каких-либо порицаемых поступков. Милость ко всем мирам, чей путь является выдающимся на все времена. Отказ от духовного невежества; возвращение к Единому – это религия под названием ислам. Мухаммед – самый благородный мудрец. |
Янги Мин сулоласининг императори Хонбалиқ шаҳрини империянинг янги пойтахти деб эълон қилди. Бугунги кунда Хонбалиқ Пекин номи билан танилган. Чжу Юаньчжаннинг ҳукмронлиги кўп жиҳатдан инқилобий бўлган. У Хитойда янги ерларни обод қилди ва қишлоқ хўжалигини ривожлантирди, солиқларни камайтирди, коррупцияни бостирди ва янги адолатли қонунлар жорий қилди. Қул тутишни тақиқлаган ва зодагонларга тегишли ерларни камбағаллар орасида қайта тақсимлаган. Император Сицзин ва Нанжингда, жанубий Юннан, Фужиан ва Гуанчжоу ҳудудларида масжидлар қурди.
Чжу Юаньчжан ижод қилган қасиданинг ҳар бир мисраси тўрт сўз (иероглиф) ва тўрт бўғиндан иборат. Ҳатто ҳозир ҳам Хитойдаги айрим масжидларда Расулуллоҳга бағишланган ушбу қасида осиғлиқ туради.
Аслият бежиз “Юз сўз” дейилмаганидан келиб чиқиб, биз ҳам уни юз сўз билан тажассум қилишга, қолаверса, вазн (мутақориб) ҳамда қофия билан таъминлаган ҳолда, маснавий шаклига солиб ўгиришга уриндик.
ЮЗ СЎЗ
Лавҳи маҳфуз узра битилгач оти,
Холиқ яратмишдир бул коинотти.
Ҳазрати паямбар – келтирмишки дин,
Мағриб ўлкасида туғмиш онодин.
Ўттиз пора Китоб ангадир ваҳий,
Бирон сирдан ғофил эрмас даргаҳи.
Юз ўн тўрт минг набийни султонидир,
Беҳисоб валийни ҳукмронидир.
Халлоқи оламга эгиб бошини,
Илтижо айларди тўкиб ёшини.
Беш маҳал юкуниб ўқиркан намоз,
Баён айлаюрди дилда не ниёз.
Ҳожатмандлар арзин кўнглига тугиб,
Дуо қилар Оллоҳимга юкуниб:
“Ёраб, тилагимдан ўзингсан воқиф,
Мискинларни қўлла, ҳолига боқиб.
Жонлар сеникидир, кўнгиллар – тобе,
Раҳм қил аларга, этма итобе.
Ё раббул оламин, оламни асра,
Гунаҳкор, бенаво одамни асра.
Жаҳолатдан қочсак, Сенга етурмиз,
Исломинг бермасанг, қайга кетурмиз?”
Муҳаммад – подшоҳларнинг валийси,
Валийларнинг шоҳи, энг аввалийси…
Буюк олмон шоири Иоганн Гёте Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида, “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ямоқ яктагига ҳам арзимас экан… – деб ёзган эди. – Биз Европа миллатлари, маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (с.а.в) сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса ундан юқорироққа ўта олмайди”.
Эътиборингизга ҳавола этилган “Юз сўз” қасидасини таржима қилаётиб, унинг ҳар бир мисраи устида мушоҳада юритиб, “Император Чжу Юаньчжан ушбу қасидада Сарвари коинотга, Гётенинг таърифидан ҳам юксакроқ баҳо берган экан”, деган хулосага келдим.
Моҳи рамазон кунларидаги бундай сезимлар киши дилини хушнуд этади, албатта.
Зуҳриддин Исомиддинов
