ҚАДРИЯТ 

НАМОЗЛИК  ТОШГА  САЁҲАТ

Меҳр кўзда деганларидек, бирга ўсган, бирга ўқиган дўсту тенгдошлар билан ширин муомалада, меҳр-муҳаббатли бўлмоқ, тез-тез учрашиб ёзилиб суҳбатлашиш дўстлик ипларини мустаҳкамлайди. Мактабни битирганимизга кўп йиллар бўлса-да, ой сайин учрашиб, қалб чарчоқларини ёзамиз. Ҳар йил ёз фаслида бирон баҳаво масканда дам олиш одатга айланган. Бир неча йиллар аввал Арслонбобда дам олиб, машҳур Намозлик тошга саёҳат қилган эдик. Ўша унутилмас хотирани муштарийлар ҳукмига ҳавола этмоқдаман.

“Мерседес” автобуси бизни Арслонбобнинг ғарбида жойлашган собиқ “Машиностроитель” лагерига олиб борди. Билсак, бу лагерни шу қишлоқлик ишбилармон Баҳодиржон Пармонов бир неча йил аввал хусусийлаштириб, дам олиш масканига айлантирибди. Атроф қалин ёнғоқзор, бир ёнида шарқираган зилол тоғ сойи, юқорида оппоқ қор буркаган осмонўпар чўққи. Ҳаво мусаффо, салқин. Бизни илиқ кутиб олган Баҳодиржон дарҳол сой соҳилидаги кўм-кўк ўтлар устига жой тайёрлади. У жуда сахий, меҳмондўст инсон экан. Дам олишимиз учун бир зумда ҳамма нарсани муҳайё этди.

Баъзилар дам олиш – салқин жойда мазали таомларни тановул қилиб, карта ўйнаш деб тушунади. Ўйлаганимдек, тушликдан сўнг кимдир карта ўйнашга, кимдир соя жойда ухлашга тушди. Уларнинг бу одати менга хуш келмади. Шундай баҳаво жойга келгач, унинг дилтортар жойларини томоша қилишга нима етсин! Сой ёқалаб ўрмон ичкарисига йўл олдим, мафтункор жойларни суратга туширдим, сойнинг муздек сувида ювиндим. Кун бўйи ибодатларни бажо келтиргач, оппоқ чойшаблар тўшалган ўринларда мириқиб ухладик. Биринчи кун узоқроққа  саёҳат қилишнинг имкони бўлмади.

Иккинчи кун тонг ёришмай уйғондик. Бомдод намозидан сўнг табиат гўзаллигини томоша қилдик. Бу маскан танга ором берувчи соф ҳавоси, гўзал табиати билан кишини мафтун этади. Айниқса, тонг ота бошлаган, уфқ юзи қизараётган, майсалар баргида биллур томчилар гужғон ўйнаган дамларда бу ерларни томоша қилиб тўймайди одам. Тоза ва салқин ҳаво димоққа урилиб, турли гиёҳларга бой тоғ ёнбағирлари, ям-яшил дарахтлар, кўзни қувонтирувчи бахмал далалар дилларга ҳузур бағишлайди.

Арслонбоб нафақат гўзал маскан, балки азиз аждодларимиз қадамлари етган зиёратгоҳ ҳам. Ҳар борганимда сир-синоатларга бой бу тоғ қишлоғининг бирон муқаддас саналган жойини кўриб, табиат сулувлигидан завқ оламан ҳамда ўтмишимиз ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўламан.

Бу гал ҳам синфдошларга: “Бугун кечгача бирон жойга саёҳат қилайлик”, – дедим. “Биз бу жойга жонни қийнагани келмадик, сой бўйидан нарига жилмаймиз”, – деган гапни қилишди улар. Ўн бир кишидан кишидан беш нафари – Ботиржон, Нуриддинбой, Солижон, Ғуломжон ва мен Намозлик тошга чиқиб келмоқчи бўлди. Эҳтиёт шарт, иккита нон олиб сафарга отландик. Жилғадан оқаётган кичик сой соҳилини ёқалаб оқ ўркачли тоғ томонни кўзлаб юқорига кўтарила бошладик. Тоғ йўли текис ва равон эмас. Гоҳ тик, гоҳ ётиқроқ ўрмонзорлардаги  бир оёқ аранг сиғадиган йўлдан юриш ва тинмай юқорига кўтарилиш осон эмас экан. Бир чақиримча юрганимизда Нуриддинбой ва Ботиржон қийинчиликка бардош беролмай, “У ёғига боролмаймиз”, – деб ортда қолишди. Айтилган сўз – отилган ўқ, дея қолганимиз қийналсак-да, тобора юқорига интила бошладик. Чарчасак, гоҳ кўм-кўк майсаларда, гоҳ арчалар остида ўтириб, қушлар навосини тинглаб ором олдик. Қияликдаги қўй-эчкилар юрган йўл гоҳ йўқолиб қолади, гоҳ жарликка тақалади. Шунда адашмадикми, дея олдинга бораётган йўл бошловчимиз Ғуломжонни койий бошлаймиз. У эса тоғ чўққисига қараб: “Юраверинглар, хўв ўша оппоқ қорли тоғ остига борамиз”, – деб эчкидек сакраб, ўт-ўланлар оралаб кетиб қолади. Солижон икковимиз “биз ҳам сендан кам эмасмиз” дегандай, жонимиз қийналса-да олдинга интиламиз. Тик қияликда гоҳо бағримизни ерга бериб эмаклаб чиқишга тўғри келади.

Мабодо оёқни бироз нобопроқ қўйсангиз борми, майда тош сирғаниб, 200-300 метрли пастликка юмалаб кетишингиз ҳеч гап эмас. Биз юрган йўлларда арслонбобликлар ўйнаб босишлари мумкин. Аммо кўникмаган одам учун тоғ йўли азоб ва машаққат экан. Юқорига интилиш одамдан куч ҳамда  иродани талаб қилади. Оёқларимиз толиқиб, юрак уриш кучайса-да, “Намозлик” тошни яна бир бор кўриш, зиёрат қилиш орзуси бизга куч-ғайрат бағишларди. Шу ниятда, қийналсак ҳам олдинга интилавердик.

Баҳодиржоннинг айтишича, Арслонбобдан то Намозлик тошгача пиёда тўрт-беш соат юрилади. Ниҳоят, тўрт соатча юриб, баланд адирликлардан ўтиб, тоғ пойига етдик. Олисдан Намозлик тош кўзга ташланди. Тоғ пойида чўпон қўрасига дуч келдик. Бизга икки йигит пешвоз чиқди. Ўзларини Сойибжон ва Муҳиддин деб таништирган бу йигитлар сигир ва бузоқларини Намозлик тош ортига – икки тоғ оралигидаги кўм-кўк яйловга ҳайдаб кетаётган эканлар. Шундоқ тоғ пойида эса Каримжон деган йигит ҳамқишлоқларининг қўйларини боқар экан. Бутун умри чўпонлик билан ўтибди. Каримжон ва оиласи бизни илиқ кутиб дастурхон ёзди, қатиқ ва қимиз билан меҳмон қилди. Аёли Ҳамидахон косаларда қатиқ узатар экан, “қайтишда албатта кириб ўтинглар, чой дамлаб тураман”, дея илтимос қилди. Аёлга миннатдорчилик билдириб, йўлда давом этдик.

Икки тоғ оралиғида бир одам юрадиган майда тош қалашиб ётган йўл бор. Яхшиямки, ҳаво очиқ, агар ёмғир ёғса, бу йўлда сел бўлиб оқиб тошу қумларни пастга оқизади. Бир чақиримча юргач, ўнг томонга бурилиб, тик қияликдан яна юқорига кўтарила бошладик. Аслида юқорига йўл йўқ. Ўт-ўланларни ушлаб, ҳансираган ҳолда қиялаб кетавердик. Айтилгандай, беш соатда Намозлик тошга етиб келдик. Юқори анча текис, тош аралаш тупроқ. Шу ерда чўпон Турсунбой мол-қўй боқар экан. Қизи зиёратчиларга мунтазам қатиқ, қимиз келтириб турибди. Биз етиб келганимизга шукур айтиб, Намозлик тошни томоша қила бошладик. Бу ерга мактабни тамомлаб қолхозда табелчилик қилган йилларим қолхозчи қизларни олиб келувдим. Ўшанда тош ётиқроқ турарди. Ҳозир пастга энгашиб қолгандек туюлди. Арслонбоблик  ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, раҳматлик Ниёзали Мирзаалиев билан кўп суҳбатлашганмиз. У Намозлик тош ҳақида ҳикоя қилиб бергани ҳамон ёдимда. Ривоят қилишларича, Ҳазрат Арслонбобо ота бу ерга икки бор ташриф буюрган. Биринчи ташрифида Оллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга умматлари учун бир боғ барпо қилишни фаришта Жаброил алайҳиссаломга буюради. Оллоҳнинг буйруғи билан Жаброил (а.с.) жаннатдан дов-дарахт, гулу райҳонлар уруғларини олиб, 400 туяга юклаб Оллоҳнинг ҳабибига келтиради. Пайғамбаримиз айтади: “Эй биродар Жаброил, бу уруғларни машриққа еткургил, у тарафда бир кўҳи Баро бордир. Ана шу уруғлар, дарахт данаклари шу Арслонбобга келтириб сочилади. Боғнинг номи Боғчаи Муҳаммад бўлади. Жаброил айтди: “Бу боққа кимни боғбон қиламиз?”. Пайғамбаримиз айтди: “Бу боғимга Арслонбобо отани боғбон қилдим”. Арслонбобо ота бу ерда барпо бўлган боғни кўп йиллар парваришлади.

Ривоят қилишларича, Арслонбобо отанинг бу жойларга иккинчи бор келишига қуйидаги вокеа сабаб бўлган. “Пайғамбаримиз саҳобалари билан хурмо еб суҳбатлашиб ўтирганларида уларга қараб: “Қай бирингиз ушбу омонатимни келгуси юртдошларингизга еткургайсиз?” – деб сўради. Бу вазифани бажаришни саҳобалардан бири Арслонбобо  ўз зиммасига олишини билдирибди. Унга пайғамбаримиз бир ҳурмо бериб: “Аҳмад исмли бир бола дунёга келади, сиз албатта уни излаб топинг ва мана шу ҳурмони беринг, у умматимдан ислом динининг қувватлантирувчи энг етук кишиси бўлади”, – деган экан. Ҳазрат пайғамбарнинг дуои баракоти билан Арслонбобо ота 350 йил умр кўрган эканлар. Арслонбобо ота Туркистонга келиб, 7 ёшли Аҳмад исмли болага тили остида сақлаган ҳурмони беради. Бу бола кейинчалик Аҳмад Яссавий номи билан яссавия тариқатининг асосчиси, машҳур шоир, файласуф суфий, ислом тарғиботчиси бўлиб етишди.

Шундан сўнг Арслонбобо ота Пойтуққа келаркан, йўлларда ғайридинлар билан саҳоблар ўртасида уруш бўлади. Ҳозирги Новкентдаги Шайдон қишлоғи яқинида ғайридинлар ва саҳобалар ўртасида қонли жанг бўлади, кўплари шаҳид кетади. Шаҳидмайдон кейинчалик эл оғзида Шайдон бўлиб қолади. Арслонбобо ота қолган саҳобаларни олиб Бобош тоғи томонга, ундаги Намозлик тошга яширинади.

Тоғ ёнбағрида жойлашган тошнинг оғирлиги тахминан 500 тоннача келса керак, тепаси ясси, баланлиги 15 метр чамасида. Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари тош устига чиқиш учун ёғочдан нарвон қўйлган эди. Янги аср бошларида темирдан қилинган нарвон қўйилибди. Тош худди ерга санчиб қўйилгандай туради. Одамларнинг айтишича, Ҳақ таоло Арслонбобога  атайин намоз ўқийдиган жой қилиб берганмиш. Арслонбобо боғларини қараб, суғориб бўлгач, худди шу ерга келиб тош устида намоз ўқиган, дейишади ривоятда. Ҳайратланарли жойи шундаки, худди шу ерда тошлар орасидан водопровод жўмрагидек миқдорда тип-тиниқ, муздек булоқ суви чиқиб туради. Арслонбобо ота шу сувда таҳорат қилган ва ичган экан. Намозлик тошнинг тепаси ҳам ғаройиб тарзда яп-ясси. Арслонбобо шу тош устига чиқиб ибодат қилган, дейдилар. Ғайридинлар Арслонбобони  фақат намоз ўқиётганда – бутун вужуди эриб турган пайтда отиб ўлдиришган. Бошқа пайтда унга ўқ ўтмас экан.

Биз ҳам шу булоқ сувида таҳорат олиб, Арслонбобо намоз ўқиган жойда ибодат қилдик. Унга атаб дуои фотиҳалар қилдик. Кимки яхши ниятни қалбига жо қилиб интилса, албатта муродига етар экан. Қайтишда тоғдан тушишни ўйлаб хижолат чекиб турувдик, чиқишда ҳамроҳ бўлган Сойибжон ва Муҳиддин деган йигитлар қўлларимиздан ушлаганча пастроққа, текисроқ жойга тушириб қўйишди. Оллоҳ уларни бизга шерик қилиб қўйганига шукроналар айтдик.

Арслонбобо қишлоқ марказига дафн этлган. Унинг рамзий мақбараси ёнида Лочинбобо ва Қарғабобо азизларнинг ҳам қабри бор. Арслонбобонинг  кун ботиш тарафидаги Ўзбекғова қишлоғида Ҳазрати Довут алайҳиссалом қабри бор, дейдилар. Уларни зиёрат қилишнинг савобу ажри кўп, дейдилар.

Кекса бўлсак ҳам, куч-қувватдан қолмай, машаққатли тоғ йўлини босиб, азизларнинг қадамжоларини зиёрат қилганимиздан, улар ҳақида озми-кўпми тасаввур олиб, дўстларимизга сўзлаб берганимиздан жуда бахтиёр эдик.

Намозлик тошга чиққунча ва тушгунча бизга ҳамроҳ бўлган Сойибжон ва Муҳиддинга, чўпон Каримжон Баҳромовга, аёли Ҳамидахонга чин дилдан миннатдорчилик айтиб дуолар қилдик.

Уч синфдош энди бошқа йўллар билан пастликка йўл олдик. Кетишда беш соат йўл юрсак, қайтишда уч соатда Баҳодиржоннинг оромгоҳига етиб келибмиз. Биз, ҳарчанд жисмонан қийналсак ҳам, маънавий озиқ олдик. Йўлда чўпон қўраларида тўхтаб бироз тин олганимизда Турғунбой, Низомиддин деган арслонбоблик йигитлар бизга пешвоз чиқиб қатиқ, қимиз, нон билан меҳмон қилишди. Уларнинг сахийлиги, одамларга меҳрибонлиги бизни ниҳоятда қувонтирди, ҳақларига дуолар қилдик.

Арслонбобда икки кун мириқиб дам олиб қайтдик. Қанча меҳмон келса-да, уларни бағрикенглик билан кутиб олаётган ва илтифот кўрсатаётган арслонбоблик юртдошларимизга таҳсинлар айтдик.

 

Мўйдинжон  Абдумажидов,

Бозорқўрғон.

боғлиқ хабарлар