ҚАДРИЯТ 

Ўзганлик Сулаймон қори

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари арафасида Ўзганлик Сулаймон қори исмли фозил ва олим зот Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига ишга таклиф қилинди. Мамлакатда Қуръон таълимининг ночорлигини ҳис қилган Сулаймонқори Тошкентлик мулла Абдураҳмон хонадонида қорилар тайёрлайдиган мактабга асос солди. Мактабда болалар Қуръон қироатидан таҳсил олишар, ҳафтанинг пайшанба кунлари эса илм аҳллари тўпланиб, Қуръон ва тафсир ўрганишарди.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний назорати бошқармасида маъсул ходим, Тошкентдаги «Бароқхон» мадрасаси мударриси, мураттаб қори Мулла Сулаймонқори Ҳамидхўжа эшон ўғли 1905 йилда Қорасув қишлоғида туғилган, лекин умрининг талай йилларини Ўзганда ўтказган.

Ўзганда IX асрда қурилган «Султоним» мақбараси.

Сулаймонқори билимли ва нуфузли оилада вояга етган. Унинг отаси Ҳамидхўжа эшон пахта заводи эгаси бўлиб, ўз даврининг саховатли ва ҳурматли бойларидан саналган. Оилада тўрт ўғил фарзанд бўлиб, Сулаймонқори уларнинг иккинчиси эди. У илк таълим ва тарбияни аввало ўз отасидан олган.

Сулаймонқорининг ҳаётида муҳим бурилиш унинг болалик йилларида юз берган. Олти-етти ёшлар чоғида бефарзанд аммаси уни ўзи билан Қашқарга олиб кетиб, фарзанд қилиб олади. Шу ерда у илм йўлига жиддий киришади. Ўн икки ёшига етганида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиб, қори даражасига эришади. Кейинчалик Қашқардаги Афанди махдум мадрасасида таҳсил олади. Мадрасада ўқиб юрган даврларида кейинчалик Тошкентда яшаб қолган Абдулазиз қори Маҳмудов билан бирга сабоқ олган.

1928 йилда Сулаймонқори дастлаб Ўзганга, кейин Қорасувга қайтади ва шу йили оила қуради. Аммо турмуш тақозоси билан 1933 йилда яна Қашқарга йўл олади. Орадан йиллар ўтиб, 1947 йилда она юрти Ўзганга қайтиб келади.Ўзганда муқим яшаб қолиш ниятида бўлган Сулаймонқори, кейинчалик айрим сабабларга кўра оиласи билан Марғилон шаҳрига кўчиб ўтади.

1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этилиб, масжид ва мадрасалар фаолияти қайта тиклана бошлади. Ана шу даврда Сулаймон қори ҳам диний хизматда фаол иштирок этади. У 1954–1957 йилларда Марғилон шаҳридаги Сойбўйи масжидида имом-хатиб вазифасида хизмат қилади.

1958 йилда эса у машҳур уламолардан бўлган муфтий Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохоннинг таклифи билан Tошкент шаҳрига кўчиб келади ва Бароқхон мадрасасида мударрислик қила бошлайди. Мадраса фаолияти ҳақида сақланиб қолган ҳужжатларда Сулаймонхўжа Ҳамидхўжаев юқори малакали диний муаллим экани алоҳида таъкидланган. У мадрасага келганидан кейин талабаларни ўқитиш ва уларнинг билим савиясини оширишда сезиларли ўзгаришлар кузатилгани қайд этилган. Унинг шогирдлари кейинчалик Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва вилоятларида, шунингдек Қирғизистон ва Тожикистонда фаолият юритган кўплаб дин арбоблари сафидан жой олган.

1960-1967 йилларда Сулаймонқори Тошкент шаҳрининг Эскижўва ҳудудидаги Сарихумдон маҳалласида яшаб, шу ердаги масжидда имомлик вазифасини бажаради. У фақат мураттаб қори бўлибгина қолмай, мингдан ортиқ ҳадисни ҳам ёд билган. Шунингдек, машҳур шоир Саъдийнинг “Гулистон” асарини ҳам ёд олгани айтилади. Сулаймон қори араб, форс, хитой, дунгон, уйғур ва рус тилларида бемалол мулоқот қила олган билимдон шахс эди.

1961 йилда Мирараб мадрасаси ва Бароқхон мадрасаси бирлаштирилгач, Сулаймонқори диний назорат қошидаги кутубхонада иш бошлайди. Кутубхонада фаолият юритган йилларида у “Унвонул баён” ва “Арабуд дунё” каби асарларни таржима қилади. Шу билан бирга, баъзан шеър ёзишни ҳам машқ қилиб турган.

Аждодларимиз тарихига назар ташласак, илмга бутун ҳаётини бағишлаган зотлар жуда кўп бўлганини кўрамиз. Уларнинг диний ва дунёвий илмга қўшган ҳиссаси бебаҳо мерос сифатида қадрланади. Бу ҳақда буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳам таъкидлаб, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, деб инсоннинг дунё ва охиратини обод қилиш йўли илм излашдан ўтишини уқтирган.

Қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиқса, билингки, бу ўша халқнинг ўша илмга муҳаббати зиёдалигидан бўлади. Бунга Ўзганда яшаб ўтган Сулаймонқори мисол бўла олади.

Ўзбекистоннинг турли вилоят ва шаҳарлари, айниқса Фарғона водийсининг Марғилон, Андижон, Ўш, Ўзганд, Новқат, Аравон ва Қорасув худудларида кўп асрлик диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, бебаҳо диний меросимизни ўрганиш, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашга бевосита хизматлари синган фазилатли уламо – Сулаймонқори ўзидан кўплаган солиҳ шогирдлар қолдириб ўтди.

Замонасининг таниқли уламоси Сулаймон қори Ҳамидхўжаев 1968 йилда Тошкентда вафот этган. Жанозасини Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ўқиган. Тошкентдаги «Шайх Зайниддин бобо» (Кўкча) қабристонига дафн этилган.

 

Одилжон Дадажонов

 

боғлиқ хабарлар