АЙТМАТОВНИНГ ИСМИ
Ҳозирги замон туркий халқлар сўз санъатининг энг таниқли намояндаси, бениҳоя ёрқин сиймоси Ч.Айтматовдир. Адибнинг асарлари 128 мамлакатда 176 тилда, 100 миллиондан ортиқ нусхада босилиб чиққан. Шу уч кўрсаткичнинг ўзи унинг жаҳон адабиётида тутган ўрнини яққол далиллайди: дунёда бундай натижага эришган ижодкор жуда кам. Марказий Осиёда эса Айтматов асарлари энг кўп нусхада ўзбек тилида босилган, чунки бу минтақадаги туркий халқларнинг ярмидан кўпроғи ўзбеклардир.
Айтматов асарлари ўзбек дунёсига кириб келганига эса олтмиш йилдан ошди. Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев ва яна бир талай мутаржимлар улуғ адиб асарларини бизга тортиқ этишган. Яна бир қувончли томони – ўзбек айтматовшунослиги пайдо бўлди ва анча сезиларли илмий натижаларга эришдики, ўз вақтида буни ёзувчининг ўзи ҳам эътироф этган.
Лекин шунга ютуқлар олдида, адиб исмини ёзиш ва талаффуз қилишда бизда “кичкина” бир хатолик бор, назаримда. Бу от қирғизларда “Чыңгыз” деб (қозоқчада – “Шыңғыс”) деб ёзилади. Ана шу “ң” товуши ҳозирги имлода “нг” деб берилиши керак (таң – тонг; машинаң – машинанг). Бироқ руслар бу ҳарфни ўз тилида “нг” эмас, “н” деб беришади (Чыңгыз – Чингиз; Коңурбай – Конурбай). Қирғиз тилида “Чынғғыз” бўлган исм бизга русча шаклда ўтиб, Чингиз деб ёзиладиган бўлиб қолди, ҳатто кўплар ундаги икки унли ҳарфни ҳам “ы” ўрнига “и” деб талаффуз қилади.
Дарвоқе, бизда “и” ҳарфи “и”ни ҳам, “ы”ни ҳам ифодалаб келади: “киши”ни ҳам, “қилиқ” (қылық)ни ҳам “и” билан ёзамиз, имломиз шунақа. Шунинг учун исмдаги унли товушни “и” тарзида берилишига эътироз билдириш ножоиз. Бироқ қирғиз тилидаги “таң” сўзи ўзбек тилида “тонг”, “айтың” сўзи “айтинг” деб берилгани ҳолда, Айтматовнинг исмига келганда биз “ң”ни руслар каби “н” тарзида ёзиб келяпмиз ва бунинг таъсирида адиб исмини оғзаки тарзда ҳам “Чингиз” деб айтяпмиз. Бу “тенгсиз” деган калимани “тенсиз” деб битиш каби беўхшов, янглиш ифодадир.
“Ң” ҳарфини “н” қилиб ишлатишга яна мисол. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “манг” – “ма” (ол) сўзининг ҳурмат ва кўплик шакли деб берилган, бошқа маъноси келтирилмаган. Ҳолбуки, аксар ўзбек шеваларида қўйнинг миясига қурт тушса, “манг бўлиб қолибди”, дейилади. Чинггиз оғанинг асари шарофати билан ўнлаб тилларга кирган “маңқурт” деган сўзнинг ўзаги – ана ўша “манг”дир. Биз уни ҳам руслар “манкурт” деб ёзгани сабаб, “манқурт” деб олдик. Ҳолбуки, “мангқурт” тарзида ифодаласак, тўғри бўлар эди.
Абдулла Ориповнинг “Сен баҳорни соғинмадингми?” деган машҳур шеърида “Ўнгирларда сакрайди оҳу” деган бир мисра бор. Шоир тоғ дарасидаги чуқур жарликни “ўнгур” деб қўллаган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса бу тушунча уч шаклда берилган: “унгур” IV жилд, 288 бет), “ўнгир” (V жилд, 155 бет) ва “ўнқир” ва (V жилд, 156 бет).
Бу – луғатнинг фазилати эмас, нуқсони деб саналиши керак. Сўзнинг тўғри шакли қандайлигини аниқлаш учун қўшни туркий тилларга мурожаат қилсак, масалан, Чинггиз Айтматовнинг она тилида бу сўз “үңкүр” (унггур) деб айтилиб, шундай ёзилганини кўрамиз, ҳар турли “вариант” йўқ. Бунда ҳам “ң” акс этмай, битта “г” билан берилаётганини кўряпмиз. Уни “унггур” деб берсак, илмий жиҳатдан тўғри бўлар, талаффузи ҳам тўғри акс эттирилган бўлар эди. Ана ўшанда “ўнгур” жарликни эмас, асл маъноси – чопон этагини англатиб келади.
Биз “мангу” деб ёзсак-да, талаффузда “манггу” деймиз; “ман+гу” ё “маңу” деб айтмаймиз, айта олмаймиз ҳам. Бошқа туркий тилларда (масалан, қозоқчада, бу сўз “мәңгi” дейилади, яъни “ң”+”г” (нг+г) товушлари кетма-кетликда келади, битта “г” йўққа чиқарилмайди. Уни тушириб қолдириш “тонгги” (эрталабки) сўзини “тонги” (баҳор тонги) дея бузиш билан бир иш.
Хуллас, ўзбек имлоси борасида иш жуда кўп. Ҳадеб лотин алифбосини ислоҳ қила бериш билан ҳеч нарса тузалиб, мукаммаллашиб қолмайди.
2023 йил охирида Чинггиз Айтматов таваллудига 95 йил тўлади. Ўзбекистонда бу санага атаб ёзувчининг асарлари ўн жилдга жамланган ҳолда чоп этилаётир. Ушбу муаззам нашрда Айтматовнинг исмини, яна русча шаклда Чингиз деб эмас, Чинггиз дея, ота-онаси қўйгандай, улар чақиргандай қилиб ёзишни ўйлаб турибмиз. Шу пайтга қадар бизга “асос” бўлиб келган рус тилида эса исмлар имлоси палапартиш эканлигиги далил шуки, XIII асрдаги мўғул яғмосининг бошчиси Чингизхан эмас, Чингисхан деб ёзилади.
Бир пайтлар Навоий номи рус тилида “Али-Шир” деб битиларди, илмий манбаларда шу шакл қабул қилинганди. Кейинроқ у тузатилган. Илм хатоларни тузатиш орқали тараққий топади-да. Шу сингари, чорак аср аввал қирғизлар русчада миллат ва тил номи “киргиз” эмас, “кыргыз”, мамлакат эса Киргизия эмас, Кыргызстан бўлишини талаб қилиб чиқдилар ва бунга эришдилар. Биз эса рус имлосига эргаша-эргаша, ҳанузга қадар Ҳарри Поттерни – Гарри Поттер, Ҳолландияни – Голландия дея, “оға”ларга кўр-кўрона эргашиб, юзлаб сўзларни, киши ва жой номларини, ҳатто халқаро терминларни янглиш такрорлаяпмиз, тўғри ишдан ҳадиксирайверамиз.
Жумладан, Чинггиз Айтматов номини ҳам хато ёзиб келяпмиз.
… Бугун туркий дунёга интеграциялашув жуда долзарб бўлиб қолди. Бу улкан, кўлами кенг бир жараён. Сон-саноқсиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий тадбирлар билан бир қаторда лисоний ва адабий жиҳатдан ҳам тўғри илмий ёндашув ҳартомонлама уйғунлашишимизга туртки беради. Бунинг шарти эса тўғридан-тўғри, бевосита алоқага киришишдир. Унинг ўрнига, учинчи дунё воситасида мулоқот қиладиган бўлсак, юқорида кўрингани каби, хато ва янглиш талқинлар учрай бериши турган гап. Чинггиз Айтматовнинг номидан тортиб, романидаги бир персонаж – мангқуртга қадар, тўғри акс эттириш адиб асарларни теранроқ тушунишимизга йўл очади, унинг бадиий олами бизга нақадар яқинлигини яққолроқ ҳис этамиз, ана шу тарзда Чинггиз оғанинг маънавий дунёсига тобора яқинлаша борамиз.
Зуҳриддин Исомиддинов
