ҚАДРИЯТ 

УМРИ ФАҚАТ ИБРАТ, НАМУНА…

1972 йилнинг баҳори. Биздан икки курс юқорида Аҳмаджон Мелибоев деган йигит энг олий стипендия олиб ўқишини эшитгандик. Ёзги сессия олдидан, муаллима опалардан бири ўша талабанинг биз билан учрашувини ташкил қилди. Бироқ аудиторияга кириб келган Аҳмаджон ака қандай китоблар ўқигани, нималар ёзгани ҳақида эмас, бутунлай бошқа мавзуда сўз очди, ҳар ишда ҳалоллик, ошкоралик лозимлиги хусусида гапирди. “Мана, масалан, мен курсимизда старостаман. Имтиҳон чоғи домланинг ёнига ўтирволиб, унга ёрдам берган бўлиб, “беш” баҳо ундириб кетмайман. Ҳамма қатори билет оламан, курсдошлар олдида ҳалол жавоб бераман. Айрим старосталар ё комсомол етакчилари бор, “ташкилотчи” сифатида аъло баҳо қўйдириб олишади. Ахир, ўқиш тугаганидан кейин билим керак-ку, бир умр ёлғон яшаб ўтмайсиз, ахир. Сизларга айтадиган гапим – ҳалолликни бугундан бошланг, кейин кеч бўлади, ғирромликка ўрганиб қоласизлар…”

(Аҳмаджон Мелибоев бу гапларни бизнинг “оқсоқол”га қарата айтяпти, деб ўйладик, чунки у айнан шу йўсинда “ўқир” эди. Афсуски, у йигитга бу пандлар кор қилмади, охир-оқибат, ғирромлик уни тақдирнинг не бир пучмоқларига улоқтириб ташлади.

Кейин билсам, Аҳмаджон ака старостамизни ҳали танимас, бояги гапни ҳаммамизга бир оға бўлиб айтган экан. Оға бўлибки, у киши дорилфунунга ўқишга киргунга қадар Ўш пединститутини битирган, армия хизматини ўтаб келган, хуллас, биздан неча кўйлакни кўп йиртган, турмушнинг паст-баландини кўрган, оилали одам экан).

Ўша гаплар бўлиб ўтганига, қаранг, роса эллик тўрт йил бўпти. Мен билган Аҳмаджон ака эса, ҳамон ўша-ўша. Нимагаки эришган, эришиб келаётган бўлса, ҳаммасини ҳалол меҳнати билан қўлга киритган.

Дарвоқе, Аҳмаджон ака Ўш пединститутини битирганини айтдим-ку. Икки юз чақирим наридаги овлоқ бир қишлоқдан келиб Ўшда ўқиётган дилкаш, самимий, билимдон, ҳазилвон бу талаба ҳаш-паш дегунча бу ерлик шоир-ёзувчилар, тенгқур тадбиркор йигитлар даврасининг марказидан ўрин олади, “ўзлариники” бўлиб кетади, қадрдон жўраларга айланишади. Ҳозир ҳам (ҳолбуки, орадан олтмиш йил ўтди) Ўшга борсам, тенгқурлари аввало Аҳмаджон акани сўрашади. Нимага десангиз, ҳар кимки бор, яхши гапнинг гадойи. Бўлади-ку, бир марта гаплашсангиз бир умрлик биродарингиз бўлиб қоладиган одамлар, Аҳмаджон ака шунақа хушсуҳбат.

Аҳмаджон ака Олабуқа туманининг Сафедбулон қишлоғидан. Янглишмасам, Турсунбой Адашбоев Тошкентда яшайдиган йигитларнинг бошини қовуштирадиган оқсоқол эди. Мен шоир оғамиз таклифи билан шу йиғинда бир-икки қатнашганман. Э, у давра! Ҳамма тенг, мақом-мартаба йўқ, суҳбат эса сиёсат ва спорт эмас, асосан она қишлоқларининг тарихи – ким бу ерда биринчи футбол командаси тузгани, масжиддан чиқиб келаётган нортуядай бир оқсоқол маст бўлволиб тармашган бир “каратист полвон”ни бошига бир муштлаб, қозиқ қоққандай қилиб ерга ўтқизиб қўйгани ҳақидаги бири-биридан ажабтовур ҳангомалар…

Тенг тенги билан деганларидай, Аҳмаджон аканинг ошна-оғайниси кўп, аммо дилёрар дўстлари саноқли. Улар орасида менинг билганим Анвар Обиджон билан Тоҳир Малик эди. Билсангиз, улар нафақат тенгдош, балки табиатларида ҳам ички яқинлик бор. Ўзаро ҳазил-ҳузуллари ҳам жуда ўзларибоп. Турсунбой аканинг айтишича, Анвар Обиджон жиддий қиёфада туриб, “Аҳмаджон, шу десангиз, кеча бир жойга меҳмонга борувдик, аммолекин дастурхон жуда-а сизбоп экан, афсуски, бўлмадингиз-да”, деб яхши давраларнинг гули бўладиган Аҳмаджон акани куйдираркан (аслида, кеча ҳеч қаёққа бормаган!). Тоҳир Малик эса тагдор ҳазиллари билан Мелибоевга пайрав қилар эди.

Энди бу биродарларнинг неча йиллар давомидаги суҳбатлари, уларда айтилган не бир ёмбидай гаплар фақат Аҳмаджон аканинг дил тубида қолди, агар фурсат топиб, ёзса, бизлар ҳам ошно бўлар эдик.

Аҳмаджон Мелибоев – энг аввало муаллиф. Ҳеч бир ёзгани изсиз кетмайди, шунчаки “қалам ҳаққи учун” қўлига қалам тутмайди. Мақолалари, китоблари – ёш қаламкашлар учун маҳорат қўлланмаси, сабоқ. Бунинг боиси, Аҳмаджон ака, Абдулла Қаҳҳор айтганидай, халқимизнинг тили учида турган нарсаларни топиб-топиб қаламга олади. Ёдингиздадир, қайсиям йили мамлакатимизда поезд вагонлари ойнасидан кўринадиган манзаралар киши кўнглини ғаш қилиши, бу эса охир-оқибатда, юртимизга келадиган туристлар оқимининг камайишига сабаб бўлиши мумкинлигини далиллаб чиққан эди. Публицистнинг бу қайди изсиз кетмади – ўша ойдан бошлаб ҳар бир вилоятдаги темир йўл бўйларида ободончилик ҳаракати бошланиб кетди, бир-икки йил ичида темир йўл бўйлаб саёҳат қилиш мароқли бўлиб қолди. Мана шу биргина мақоланинг ўзи айрим журналистларнинг ўн йиллик меҳнати натижасидан ортиқроқ наф берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Мелибоев домлада эса бундай мақолалар – юзлаб.

Бизда яхши журналистлар кам эмас. Сирасини айтганда, қалам тутмоқни ҳавас қилган одам уринаверса, қўли келишиб ҳам қолади. Аммо назаримда, муҳаррир бўлиш – бутунлай бошқа нарса. Фақат меҳнат эмас, зако ҳам керак бу ишга. Нимани чоп этиш-этмасликдан бошлаб, ўша чиқаётган нарсани, рандадан чиққан тахтани жилвир билан силлиқлаб, ярақлатиб, кўрган кўз қувонадиган қилиб тақдим этиш – санъат.

Менинг ўзим бунга кўп бор амин бўлганман. Йигирма йилча бўлиб қолди, “Руҳ сирлари” деган бир китоб ҳақида танқидий мақола ёзиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига, бош муҳаррир Аҳмаджон ака Мелибоевга олиб бордим. Ўзиям, 16 бетлик тақриз эди. Катта форматдаги беш юз бетдан кўпроқ китобга яраша-да. Аҳмаджон ака ўқиди, аммо нақ ярмини қисқартиб, саккиз бетини босишини айтди. Эсанкираб қолдим, ахир икки ойча меҳнат қилиб ёзгандим, наҳотки шунчалар бўш чиққан бўлса? Аҳмаджон ака эса тушунтирди: “Гапларингиз тўғри, маъқул, бироқ ўн олти бетлик мақола берсак, демак асар арзир эканки, шунча катта тақриз босилибди”, деган фикр туғилади. – Бўлмағур китобга шунча эътибор унинг пилигини кўтаради-ку?”

Ўйлаб қарасам, оқсоқол ҳақ.

Муҳаррир бўлмоқ оғир. Айниқса, ҳозирга бозор иқтисодияти даврида. Нашрга обуна ташвиши, яхши материал топиш, таҳририят теварагида ижодкорларни уюштириш, ҳар бир ходимнинг маоши… Ҳар бир чинакам муҳаррирнинг ўз муҳити, ўз ижодий мактаби бўлади. Шунақа муҳаррирлар бор: қаерга ишга ўтса, ўз “команда”сини олиб боради, шу даргоҳда неча йиллаб ишлаб келаётган ходимларни тумтарақай қилади. Баъзилари эса, бунинг акси, қаерга борса, туп қўйиб палак ёзиб кетаверади. Назаримда, Аҳмаджон ака кейинги тоифага мансуб. Абдулла Қаҳҳор “Одамнинг чиқити бўлмайди” деганидек, шу жамоада ҳар кимнинг қўлидан нима иш келишини яхши билиб олиб, уни ўстиришга ҳаракат қилади.

“Жаҳон адабиёти” журналида берилаётган ҳар бир материал деярли ҳар бир ходимнинг қўлидан ўтади. Таҳририятнинг ишини гуруч тозалашга ўхшатиш мумкин: кимдир тошини, кимдир курмагини теради, дегандай, биров кўк, бошқаси яшил ручка билан таҳрир қилади. Энг охирида навбат қизил қаламга – Аҳмаджон аканинг ўзига келади…

Бир китобхон сифатида мен Аҳмаджон Мелибоевни Иброҳим Раҳим, Асқад Мухтор, Аҳмаджон Мухторов, Эркин Воҳидов, Эркин Аъзам сингари энг яхши, энг таниқли ўзбек муҳаррирларидан бири, деб биламан.

Ўтган йили Аҳмаджон ака билан Андижон вилоятига “маърифат улашиб” лойиҳасида иштирок этиб қайтдик. Ана шу сафар давомида у кишининг эл орасида ўз ўрни бор воиз эканига гувоҳ бўлдим. Нотиқ сифатида жаранг-журунг гапларга эмас, фикрини мантиқ орқали етказишга мойиллиги, қолаверса, анжуманларда тушган хилма-хил саволларга ҳазил аралаштириб, даврани кулдирган ҳолда жуда жўяли жавоблар беришига ҳам қойил қолдик. У киши қатнашган анжуманда ҳар қанча асабий вазият бўлса, бирпасда юмшаб, барча якдил, ҳамфикр жамоага айланиб қолар экан…

Яна, қирғиз адабиёти бўйича бир мутахассис, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари сифатида айтар бўлсам, айтматовшунос олимлар, ижодкорлар ҳозир жуда кўп. Аҳмаджон ака эса бу ишни етмишинчи йиллар аввалида, талабалик чоғидан бошлаган эди – диплом иши ёзиш учун атайин Фрунзе шаҳрига бориб, адиб билан учрашган, публицистикасининг ўзига хосликларини тадқиқ этган. Бундан келиб чиқадики, у ўзбек айтматовшуносларнинг тўнғич бўғинига мансуб. Адиб публицистикасининг тадқиқотчиси сифатида бир неча китоби нашр этилган, ўнлаб мақолалари чиққан. Чинггиз оғанинг дуоси шарофати билан бугунги кунда Айтматов ўзи таъсис этган халқаро “Иссиқкўл форуми”нинг доимий қатнашчиси, Ўзбекистон Миллий университетидаги “Чинггиз Айтматов кабинети” мудири. Оғанинг бу борадаги кўп йиллик меҳнатлари изсиз кетмади – Халқаро Чинггиз Айтматов академиясининг академиги бўлди.

Аммо зуваласи пишиқ қорилган экан, ҳалиям сухсурдай. Бир эмас, икки бор “ковид”га чалинди, аммо ковидниям ковид бўлганига пушаймон едириб, умрининг саксонинчи баҳорида ўйнаб-кулиб юрибди.

Қирғизча айтганда, аманчылық.

Омон бўлинг, Аҳмаджон ака!

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар