ҚАДРИЯТ 

“ТАФСИРИ ЖАЛОЛАЙН” – ЎЗБЕК ТИЛИДА

Ҳа, азиз китобхон, Ислом оламида анчагина машҳур бўлган ва “Тафсири Жалолайн” деб ном олган Қуръони Карим тафсири ўзбек тилига арабчадан таржима қилиниб, уч жилдлик китоб шаклида Бишкек шаҳрида нашр қилинди. Бу таржима лойиҳаси раҳбари –сиёсатшунослик фанлари доктори, милиция генерал-майори Алишер Аҳмедович Собиров, таржимон эса ўшлик таниқли исломий олим Тешаев Халилуллоҳ Эсонбой ўғлидир.

Таржима ҳомийларнинг молиявий кўмаги билан чоп этилди. Оллоҳ дин ривожи йўлидаги бу эҳсонларни ҳусни қабул айлаб, уларга беҳисоб ажр ва савоблар ато этсин!

“Тафсири Жалолайн” таржимаси жилдларининг ҳар бирига батафсил “Сўзбоши” илова этилган. Уларда, жумладан Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф домла Қуръони Каримни тафсир қилиб, унга “Тафсири ҳилол” деб ном берганлиги, яна бир тафсири тафсири қирғизистонлик таниқли олим Шайх Алоуддин Мансур қаламига мансублиги, Шайх Шомуҳаммад Шоюнус устоз ҳам Қуръони Каримнинг 30-жузини тафсир қилгани каби маълумотлар берилган.

Пировардида ушбу таржима муаллифи ҳам Қуръони Каримнинг энг қисқа, мухтасар, содда ва тушунарли тафсири сифатида эътироф этилган “Тафсири Жалолайн” таржимасидан толиби илмларга, ўқиган мусулмонларга манфаат етса, Оллоҳнинг ажр-савобларидан умидворлигини изҳор қилади.

Тафсир муаллифлари – икки Жалолиддин ҳақида ҳам мухтасар маълумот берилган. Чунончи, Жалолиддин Абу Абдуллоҳ ибн Шаҳобуддин Аҳмад ибн Камолиддин Қоҳиранинг ғарб томонидаги катта маҳалладан бўлгани учун Муҳаллий нисбати берилган. У ҳижрий 791 (мелодий 1386) йил Қоҳирада туғилган. Имом Жалолиддин Муҳаллий ҳақиқий аллома, ўткир зеҳнли, зийрак, заковатли, кучли фаҳмга эга зот бўлган.

Жалолиддин Муҳаллий поёнига етказишга умри етмай қолган тафсирни шогирди Жалолиддин Абу Фазл – Абдурраҳмон ибн Аллома Камолиддин Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқ ас-Суютий. У зот Мисрнинг Суют шаҳрида ҳижрий 849 йили дунёга келади ва ўша шаҳарда ўсиб улғаяди.

Жалолиддин Суютий беш юздан ортиқ асар ёзган. Бу китоблар у ҳаётлик давридаёқ Ҳижоз, Шом, Ҳалаб, Рум, Мағриб ва Яман диёрларидаги мусулмонлар қўлига етиб борган.

Муҳаллий ва Суютийларнинг тафсири бошқа тафсирлар орасида мухтасар, осон ва енгил, одамлар орасида мухлислари кўп бўлган тафсирдир. Икки муфассир уни ёзишда кўп китоблардан фойдаланганлар. Муҳаллий Қуръони Каримни  Фотиҳа сурасидан то Каҳф сурасигача, Суютий эса Каҳф сурасидан то Нос сурасигача тафсир қилган. Китоб икки Жалолиддин тафсир қилгани учун “Тафсири Жалолайн” (Икки Жалол тафсири) деб номланган.

Ва ниҳоят, мутаржимнинг Оллоҳга ҳамду санолари, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлари, дуо-илтижолари, ўқигувчига илтимосларидан сўнг, “Тафсири Жалолайн” таржимасига ўтилади.

Тафсир ва таржиманинг ўзига хос муҳим фазилатларидан бири шундаки, муфассирлар Қуръони Карим оятлари калималари ва тафсир учун ўзлари киритган сўзларни ранг билан ажратганлар. Мутаржим ҳам ушбу услубни сақлаган. Яъни, тафсир таржимасида Қуръон оятларини тўқ қора рангда, тафсир ва изоҳда ишлатилган сўзларни оч қора рангда, баъзиларини қавс ичида  берилган.  Натижада ўқувчини Қуръон оятларининг сўзма-сўз таржимаси ҳамда унинг тафсири билан бир ўринда таниша олади. “Бақара” сурасининг қуйидаги оятлари тафсири таржимасига эътибор қилинг:

“4. (Тақводор зотлар) Сизга туширилган нарсага – Қуръонга ҳамда Сиздан илгари туширилган Таврот, Инжил ва улардан бошқа китобларга ҳам иймон келтирадилар. Шунингдек, улар Охират Кунига аниқ ишонадилар, яъни Уни аниқ бўлади, деб биладилар.

6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб ва уларга ўхшаган кофирларни (Охират азобидан) қўрқитасизми ёки қўрқитмайсизми, уларга барибирдир, улар иймон келтирмайдилар. Оллоҳ уларнинг иймон келтирмаслигини билганидан шуни айтмоқда”.

Ҳақиқатда ҳам, қисқа, содда, тушунарли, мухтасар тафсир ва таржима! Бундай таржима ва тафсир услуби таниқли исломий олим Шайх Алоуддин Мансур қаламига мансуб Қуръони Каримнинг ўзбекча изоҳли таржимасида (Қорасув шаҳри, 2004) ҳам мавжуд.

Устоз Халилуллоҳ Эсонбой ўғлининг уч жилдли “Тафсири Жалолайн” таржимаси” китоби ҳозирда Ўш шаҳри ва унинг яқинидаги масжид ва мадрасаларда фан сифатида киритилиб ўқитилмоқда. Хусусан, Қорасув шаҳридаги Апиза эне номидаги ислом олий институтида Халилуллоҳ домла, Ўш шаҳрининг Жийдалик мавзеидаги мадрасада таниқли исломий олим Абдуллоҳ домла, Имомота мавзеидаги “Имомота” жоме масжиди имом хатиби Юсуфхон домла каби устозлар талабаларга Қуръони Карим тафсирини ўқитишда “Тафсири Жалолайн” таржимасидан фойдаланишни бошлаб юбордилар. Шунингдек, Қуръони Карим оятлари маъно-мазмунини билишга интилган биздай ўқувчиларга ҳам мутаржим устоз “Тафсири Жалолайн” таржимаси асосида дарс ўтмоқда. Оллоҳ у кишидан рози бўлсин!

Юртимизнинг етук исломий олимларидан бири Устоз Халилуллоҳ Эсонбой ўғли ҳар куни ислом динининг ҳанафий мазҳаби тарғиботи, толиби илмларга сабоқ бериш, исломий китоблар таълифи ва таржимаси билан машғул. Ушбу кунларда домла “Қуръони Карим суралари ва оятларининг фазилатлари ҳамда ҳикматлари” номли янги китоб таълифи устида ишлаяпти.

Устозни “Тафсири Жалолайн” таржимаси” китоби нашри билан китобхонлар номидан муборакбод қилиб, у кишига сиҳат-саломатлик, куч-қувват, янги ижодий ютуқлар тилаймиз.

Устоз Халилуллоҳ Эсонбой домла таълиф ва таржима қилган китоблар

Саидакбар Махсумхонов,
филология фанлари номзоди

боғлиқ хабарлар