Ўзбекистон-Қирғизистон ривожланиш фонди ҳақидаги битим кучга кирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров аталган битимни ратификациялаш ҳақидаги қонунга қўл қўйди.

Битим шартига кўра, фонд Қирғизистон иқтисодиётининг устивор йўналишларидаги лойиҳаларни молиялаштиради. Ҳужжат доирасида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, иқтисодни модернизация қилиш, икки томонлама ҳамкорликнинг барча имкониятларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.

Фонд маблағлари Қирғизистон ҳудудида экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ҳозирча фонд маблағлари қандай шартларда берилиши аниқ эмас.

Фонд халқаро ташкилот бўлиб, унга Ўзбекистон 50 миллион АҚШ доллари миқдорида устав капиталини киритади. Кейинчалик капитал кўламини 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бу келишим 2021 йилнинг 11 мартида президент Садир Жапаровнинг Тошкентга қилган расмий сафари чоғида имзоланган эди.

Бунгача Қирғизистон Германия билан ана шундай фонд тузиб, унинг устав капитали 1 млрд. АҚШ долларини тузиш керак эди. Лекин ҳалигача ваъда қилинган пулдан бир доллар ҳам келиб тушгани йўқ. Қозоғистоннинг 100 миллион доллар маблағ киритиш ваъдаси билан тузилган Қирғизистон-Қозоғистон ривожланиш фонди ҳам ишлаб кетмади.

Бугун Қирғизистонда Россия-Қирғизистон фонди ишлаб турибди. Фонддан пул олиш амалиёти мураккабликлари туфайли ва бошқа сабабларга кўра бу фондга тушган маблағ ҳам тўла ўзлаштирилмаяпти.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг