Ашраф Ғани қочди. Толиблар Афғонистонни тўла эгаллашди

Йигирма йил аввал Американинг ҳарбий гурзисидан хушини йўқотган толиблар аста-секин ўзига келиб, яна ҳокимиятни қўлга олишди.

Ўтган якшанба куни дунё одатдагидай дам олиб ётган пайтда давомий урушлардан бутун танаси пажмурда бўлган Афғонистонда “Толибон” билан ҳукумат қўшинлари ўртасидаги қонли тўқнашувлар ниҳоясига етди. Кечга яқин мамлакат пойтахти Кобул жангсиз таслим бўлди. Президент Ашраф Ғани мамлакатни ташлаб қочишга мажбур бўлди. Унинг Тожикистон томонга ўтиб кетгани тахмин қилинмоқда.

Шанба кунги ҳаракатлар натижасида толиблар бирин-кетин Афғонистоннинг йирик шаҳарлари бўлмиш Жалолобод ва Мозори Шарифни деярли жангсиз қўлга киритдилар. Ҳукумат қўшинлари қаршилик кўрсатиш бефойда ва беҳуда эканини тушунишди. Ўша куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондан 84 ҳарбийнинг паноҳ сўраб мамлакат чегарасидан ўтгани ва ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинганини маълум қилди. Улар орасидаги уч ярадорга тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Россиянинг айрим ахборот агентликлари тахминича, ҳарбийлар ичида Мозори Шариф мудофаасига раҳбарлик қилган Абдул Рашид Дўстум ҳам бор, бироқ расмий Ўзбекистон буни тасдиқламади. Афғонистондаги ягона маршал, ўзбек миллатига мансуб Абдул Рашид Дўстум мамлакатдаги кўзга кўринган сиёсатчилардан бири бўлиб, анчадан буён Афғонистон ҳукуматини қўллаб келаётган эди.

Тинч аҳолининг катта қисми мамлакатни ташлаб қоча бошлади

Ўзбекистон ва Афғонистон орасидаги чегаранинг умумий узунлиги 144 чақирим келади. Икки давлат ўртасида Совет даврида қурилган “Термиз-Ҳайратон” кўприги бор, бу ерда икки давлат ўртасидаги ягона чегарадан ўтиш пункти жойлашган.

БМТ Афғонистонда вазиятнинг издан чиққанини маълум қилди. Толиблар эса мамлакатнинг тўла эгаллангани ҳақида баёнот бердилар.

“Толибон”нинг расмий вакили Муҳаммад Наим “Ал жазира” телекомпанияси билан суҳбатда толибларнинг бошқа давлатлар билан тинч яшаш ниятида эканини, бошқа давлатлар ҳам Афғонистоннинг ишларига аралашмасликларига умид қилишини айтди. Наим Афғонистондаги барча фуқароларнинг, шу жумладан чет элликларнинг хавфсизлиги кафолатланиши ва мамлакатдаги барча сиёсий кучлар билан диалогга тайёр эканини билдирди. Сиёсатчи, шунингдек, аёллар ва турли озчиликларнинг ҳуқуқлари ҳам шариат талаблари доирасида таъминлашини маълум қилди.

Бундан буён Афғонистон Ислом Республикасида давлат бошқаруви шакли қанақа бўлишини толиблар яқинда эълон қилишлари кутилмоқда. Қандай бўлганда ҳам давлат тузуми тўла шариат асосида иш юритишига шубҳа йўқ.

Нонни “нанна” деган америкаликлар

АҚШ ҳукумати қўллаб келаётган Ашраф Ғани ҳукумати таслим бўлгач, Америка давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ маъмурияти Афғонистондаги аҳволга баҳо бериб, унинг келажагини башорат қилишда адашганини тан олди.

Президент Ашраф Ғани америкаликларнинг ишончини оқламади

“Бу факт. Кўриб турибмизки, ҳукумат кучлари мамлакатни сақлаб қола олмади. Ҳамма нарса биз кутгандан анча тез амалга ошди”, – деди у СНН телекомпаниясига.

Бир ой аввал президент Жо Байден Ғарб ҳарбийлари Афғонистонни ташлаб чиқиб кетишгач, толибларнинг ғалабаси муқаррар экани ҳақидаги фикрни инкор қилган эди. Толиблар 75 минг кишилик қуролли жангариларга эга бўлса, ҳукумат қўшинлари сони 300 минг кишидан иборат бўлган.

“Йигирма йил давомида биз Афғонистонга бир триллион доллардан ортиқ маблағ сарфладик, 300 минг афғон ҳарбийларини ўқитдик ва замонавий ускуналар билан таъминладик. Биз бу урушда минг одамимизни йўқотдик… Улар курашишлари керак. Улар толиблардан кўп”, – деган эди Байден ўтган ҳафтада.

Эслатиб ўтамиз, 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йорк шаҳрида амалга оширилган террорчилик хуруж баҳонасида АҚШ Афғонистонга жуда катта куч ташлаб, у ерда толиблар ҳокимиятини қулатган эди. Лекин толиблар курашдан воз кечмади. Шундан буён америкаликлар афғон ҳукуматига ёрдам бериб келаётган эди. Бу урушдан натижа чиқмаслигига ақли етган америкаликлар толиблар билан битим тузишга мажбур бўлишди.

Америкаликлар толибларнинг террорчи кучларни қўллаб-қувватламасликлари шарти билан ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишга рози бўлишди. Бу музокаралар охирига етмаган бўлса-да, АҚШ ўз қўшинларини тўла олиб чиқиб кетиш қароридан қайтмади.

Бу биринчи мағлубият эмас

Маълумки, собиқ Совет Иттифоқи ҳам “Афғонистонга ёрдам бериш” шиори остида 1979 йили у ерга ўз қўшинларини киритган. Қарийб ўн йил давом этган беъмани урушда минглаб аскарларини йўқотган Совет ҳукумати 1989 йили ўз қўшинларини у ердан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.

Шундан сўнг 2001 йили АҚШ катта ваҳима билан бу ерга кириб келганда Афғонистон бўйича мутахассислар бу қадамнинг Америка учун хайрли бўлмаслигини, афғон халқини куч билан, бунинг устига ўз ҳудудида енгиб бўлмаслигини айтишган. Афғонлар бу гапнинг айни ҳақиқат эканини яна бир карра исботладилар.

Қарийб 5000 йиллик тарихга эга бўлган Афғонистон турли империялар таркибида бўлиб келиб, 1919 йилда биринчи бор ўз мустақиллигини эълон қилган. Бунгача у Англия мустамлакаси эди. 1978 йилги Апрель инқилобидан кейин Афғонистон монархиядан республика давлат тузумига ўтган. СССР қўллови даврида бу ерда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда катта ўзгаришлар бўлди. Лекин…

Мамлакатдаги ўзаро урушлар гирдобига тортилиб, катта йўқотишларга учраган Совет армияси 1989 йили бу ерни ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Ўша эълон қилинмаган қарийб ўн йиллик урушда СССР 15 мингдан ортиқ ҳарбийларидан, жумладан беш генералидан ажраган. Умумий ҳисобда Совет Иттифоқи 10 йил давомида “афғон урушига” турли маълумотларга кўра 8 миллиард АҚШ долларигача маблағ сарфлаган. Америка эса 20 йил мобайнида 1 триллион доллардан кўпроқ пулини шамолга совургани айтилмоқда.

Хўш, мустақил тараққиёт йўлига тушган Марказий Осиё давлатларига қўшни бўлган бу ўлкада энди ҳаёт қандай кечади? Россия ва қатор давлатларда террорчилик ташкилоти деб тан олинган “Толибон” ҳокимияти яна қанча давом этади, уларнинг қўшни давлатлар билан муносабатлари қандай бўлади? Хуллас, савол кўп, жавобини эса фақат вақт кўрсатади.

Бобур Мирзоев, Оқбура, Бишкек

Расмлар BBC сайтидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг