Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари бош вазирлари яна учрашдилар

Бу сафар доимий учрашув иштирокчиларига икки давлат бош вазирлари кузатувчи сифатида ҳамсуҳбат бўлдилар.

Бугун, 20 август куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари ҳукумат бошлиқларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда кузатувчи сифатида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Орипов ҳамда видео боғланиш орқали Куба бош вазири Мануэль Марреро Крус ҳам иштирок этишди.

Учрашувда йигирма масала қаралиб, муҳокама натижаларига кўра 16 ҳужжат имзоланди. Улар асосан божхона хизматлари фаолиятининг уйғунлигини таъминлаш, божхона тўловлари бўйича масалалар, мамлакатлараро товар айирбошлашни кучайтириш ва бошқаларга тегишли.

Анжуман қатнашчилари билан Қирғизистон президенти Садир Жапаров учрашиб, ташкилот олдида турган энг долзарб масалалар хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Жумладан, коронавирусга қарши кураш, ташкилот доирасида қабул қилинган битимларнинг ижроси самарадорлигини ошириш, товар, хизмат кўрсатиш, капитал ва ишчи кучининг умумий бозорини шакллантиришни ниҳоясига етказиш кабилар ҳақида таклифларини баён қилди.

Қирғизистон бош вазири Улуқбек Марипов амалга оширилаётган кўплаб тадбирларга қарамай, товар, хизмат кўрсатиш, капитал ва ишчи кучининг давлатлараро ҳаракатланишида жиддий тўсиқлар сақланиб қолаётганига қатнашчиларнинг эътиборини қаратди. Бугунги кунда ташкилотга кирган давлатлар олдида турган пандемия, Афғонистондаги воқеалар билан боғлиқ хавфсизлик масалалари, иқтисодий ва бошқа муаммоларни биргаликда ҳаракат қилиш билан енгиш мумкинлигини айтди.

Бугунги кунда иқлим муаммолари ҳамда “яшил” иқтисодиёт дунёнинг деярли барча давлатларини ўйлантираётган асосий омил. Шуни ҳисобга олиб, Марипов келаси йилнинг ёзида Иссиқкўл бўйида Евроосиё экологик ва иқлим анжуманини ўтказишни таклиф қилди.

Анжуман давомида Улуқбек Марипов ўзининг россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин ва бошқалар билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Бу учрашувлар натижаларига кўра Россия билан Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш кўламини янада ошириш, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳақида келишиб олинди. Қозоғистонлик меҳмонлар билан учрашув натижаларига кўра, икки давлат ўртасидаги чегарага яқин ҳудудларда саноат марказларини очиш ҳақида битимга келинди. Марказларда икки мамлакат ва бошқа давлатлардан келган ишбилармонларга имтиёзлар берилиб, қўшма корхоналар очилишига ва уларнинг енгиллаштирилган шароитларда ишлашларига имкон тузиб берилади.

Ташкилот ишида кузатувчи сифатида иштирок этган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Орипов Марказий Осиё давлатларидаги мавжуд транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлигини айтди. Унинг айтишича, коронавирус билан боғлиқ чекловларнинг аста-секинлик билан олиб ташлана бошлаши натижасида ярим йил ичида Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан товар айирбошлаши 25 фоизга ўсган.

Хуллас, учрашувда аввалдан айтилиб келаётган бир қатор муаммолар хусусида яна бир бор гаплашилди. Афсуски, бугунги кунгача бундай музокаралардан кўзга кўринарли натижалар чиқмаяпти. Чегарадан товар олиб ўтиш, фуқароларнинг ҳаракатланишидаги масалалар аввалгидай ҳал бўлиш кунини кутиб ётишибди.

Бугун қўл қўйилган ҳужжатлар мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қанчалик таъсир қилади, буни албатта вақт кўрсатади.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг