ҚАДРИЯТ Юртимиз алломалари 

НАБИЖОН НАЗИРОВ

Набижон Назиров нафақат ўз даврининг етук тадқиқотчиси, балки қишлоқ хўжалиги биологиясида янги илмий мактабга асос солган йирик олим, биология фанлари доктори, профессор, Бутуниттифоқ Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзоси эди.

Атоқли биолог олим Набижон Назиров 1931 йил Ўш шаҳрига ёндош Наримон қишлоғида туғилди. Бу ҳудуд турмуши ер билан боғлиқ ҳаёт тарзи устувор бўлган замин эди. Кейинчалик олимнинг бутун илмий фаолияти айнан ер, ўсимлик ва ҳосилдорлик масалаларига бағишлангани тасодиф эмас. У 1953 йили Тошкент давлат университетини тамомлаб, биология соҳаси мутахассиси сифатида илмий фаолиятга қадам қўйди – Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар физиологияси институтида кичик илмий ходим сифатида иш бошлади. 1957 йилдан эса у ўз тақдирини Экспериментал ўсимликлар биологияси институти билан боғлади.

Бу даргоҳда у катта илмий ходим, кейинчалик эса ўсимликлар радиацион биологияси лабораториясининг мудири сифатида қарийб ўттиз йилга яқин самарали фаолият юритди. Лаборатория унинг қўлида оддий тадқиқот бўлими эмас, балки янги ғоялар туғиладиган, ёш олимлар камол топадиган илмий мактабка айланди.

Олим ионловчи радиациянинг ғўза ўсимлигига таъсирини ўрганиш соҳасида илк тадқиқотларни амалга оширди. У радиацияни хавф сифатида эмас, балки селекция учун имконият сифатида кўра олган олимлардан эди. Унинг раҳбарлиги ва бевосита иштироки билан 20 дан ортиқ янги ғўза линиялари ва навлари яратилди; серҳосил ва тезпишар АН-Каттақўрғон, вильт касаллигига чидамли АН-401, барги табиий равишда тўкиладиган АН-402 каби навлар амалиётга жорий этилди.

Олим, пахтанинг эрта пишиши билан унинг радиацияга барқарорлиги ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд деган муҳим илмий қонуниятни исботлади. Шу асосда у радио-мутантлар тўпламини яратиб, селекция илмига янги йўналиш киритди.

Набижон Назировнинг илмий салоҳияти давлат ва жамоатчилик томонидан юксак баҳоланган. У биология фанлари доктори (1968), профессор (1970), Бутуниттифоқ Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзоси (1970), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, “Ҳурмат белгиси” ордени соҳиби каби юксак унвон ва мукофотларга сазовор бўлган. Бу унвонлар унинг илмий изланишлари кенг қамровли, натижалари эса амалиёт учун ғоят муҳим бўлганини тасдиқлайди.

Профессор Набижон Назиров нафақат аъло даражадаги илмий тадқиқотчи, балки буюк устоз ва раҳбар сифатида ҳам ўзидан ўчмас хотира қолдирди. Илмга бўлган чуқур меҳри ва фидойилиги нафақат ўз илмий ишларида, балки ёш кадрларни тарбиялашда ҳам намоён бўлди.

Набижон Назиров устоз сифатида ҳар бир шогирдини мустақил фикрлашга, изланишга ва фанга садоқат билан ёндошишга ундарди. У ёш олимларга билим бериш билан чекланмай, улардан ҳар бирининг илмий истиқболини диққат билан кузатиб борди, муаммоларини ҳал этишда ёрдам берди, илмий лойиҳаларини бошқарди. Унинг раҳбарлигида тайёрланган фан номзодлари ва докторлар нафақат Ўзбекистонда, балки ундан ташқарида ҳам эътироф этилган мутахассислар бўлиб етишди.

Профессор Назировнинг илмий фаолиятидаги асосий принциплардан бири — илмга садоқат ва масъулият ҳиссини юксак тутиш эди. У жамият ва давлат манфаатларини шахсий манфаатидан устун қўйган, илмий изланишларнинг амалиётга татбиқ этилишини биринчи вазифа деб биларди. Шунинг учун ҳам унинг илмий ишлари нафақат лабораторияда, балки деҳқон хўжаликларида, далада ҳам катта қўллаб-қувватлашга сазовор бўлди. Алломанинг бу фидойилиги ва масъулияти ўша даврда юксак эътироф этилиб, Набижон Назировга “Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби” деган буюк унвон берилди. Бу унвон нафақат илмий ютуқларга, балки устозлик ва жамиятга хизматга ҳам берилган энг муносиб баҳо эди.

Набижон Назировнинг устозлик мактаби ва илмий мероси бугунги кунда ҳам узлуксиз давом этмоқда. Унга шогирд бўлган олимлар ва тадқиқотчилар домланинг илмий ғояларини ҳаётга татбиқ этаётгани, қадр-қимматини мустаҳкамлаётгани – унинг ҳақиқий меросидир. Шу боис, профессор Назиров нафақат илм оламида, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам зўр обрў ва ҳурматга сазовор бўлган шахс сифатида ёдга олинади.Унинг ҳаёти ва фаолияти — бу илмга садоқат, жавобгарлик ва ватандошлик ғояларининг ёрқин намунаси бўлиб, замонавий олим ва ёш авлод учун баркамол фаолият намунасидир.

Биология фанлари доктори, профессор Набижон Назиров 1987 йил 7 июль куни, 56 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. Гарчи умри қисқа бўлса ҳам, илмий мероси кенг ва бардавом бўлди.

Бугун унинг номи қишлоқ хўжалиги биологияси тарихида фундаментал тадқиқотчи ва фанга бутун умрини бағишлаган арбоб сифатида эътироф этилади.

 

Одилжон Дадажонов

 

боғлиқ хабарлар