ЎШ ГУЗАРЛАРИ:КЕЧА ВА БУГУН

Ўшда номлари шаҳар хариталарида ҳам, расмий топонимикада ҳам топилмайдиган жойлар жуда кўп.

Шаҳримиздаги расмий ва норасмий жой номлари ўзбек, қирғиз, форс, араб, рус, хитой ва бошқа тиллардан келган сўзлардан иборат.

Ўш Грензаводи ҳам яхши мисол. “Кеча мен Сойгузар орқали ўтдим” дейдиган кишини топиш мушкул.

Ҳозирги Ўш вилоят касалхонасига туташ шимоли-шарқий ҳудуднинг тарихи жуда қизиқарли. Бу жойлар “Қирариқ” гузари деб аталади. Яқин йилларда барпо этилган “АРКА” меъморий мажмуаси қурилгандан сўнг унинг номи халқ орасида аста-секин йўқолиб бораётгандек. Ушбу мақолада ҳозирги авлод учун “Қирариқ” ва “Увомбўйи” гузарлари икки алоҳида ҳудуд эканлигини тушунтириш, шунингдек, бир вақтлар мавжуд бўлиб, бугун фақат номи хотиралардагина сақланиб қолган “Қирариқ” гузари ҳамда ҳанузгача мавжуд “Увомбўйи” гузари ҳақида маълумот берамиз.

Қирариқ гузари

Шаҳарнинг кунчиқар томонда, Ўш-Помир йўли бошланишидаги ҳудудни маҳаллий аҳоли “Қирариқ” деб атайди. Қирариқ  –  “қирдаги ариқ” (қирда оқувчи ариқ) дегани. Шу сабабли гузар “Қирариқ” деб аталган. Илгари бу ариқ маҳалла орқали оқиб ўтиб, боғлар ва хонадонларни суғорган.

Ўтган асрнинг 70-йилларининг ўрталаригача бу жойда катта гузар бўлиб, икки қаватли, узунлиги ўттиз, эни ўн қадамли, олди айвон, шифтлари баланд чойхона бўлган. Қирариқ гузарида, бундан ташқари, Сельмаг, ошхона, сартарошхона, шахсий ҳовлилар мавжуд эди.

Бироқ вақт ўтиши билан катта ўзгаришлар рўй берди: магистрал йўл қуришда Қирариқ гузарининг баланд қисми кесиб туширилиб, бу қадимий гузардан деярли из қолмади. 1980-йиллар охирига келиб ариқ суви ҳам тўхтади. Лекин ҳаёт тўхтамади. “Қирариқ” гузари бузиб ташланганидан сўнг, у ердаги одамлар тирикчилик учун “Увомбўйи” гузарига ё шаҳарнинг бошқа ҳудудларига кўчиб ўтиб, ишлай бошлади.

Қирариқ чегарасидан бироз нарида автокорхоналар жойлашган эди. 1960 йиллар охиридан бу ерда 2902 автоколонна ва Автотаъмирлаш заводи ишга туширилиб, ГAЗ-51, ГAЗ-52 юк машиналари ва ПAЗ автобуслари, бошқа юк машиналари капитал таъмирланган. Завод қошида шина таъмирлаш устахонаси бўлган. У 1990 йиллар ўрталаригача фаолият юритган.

Бугунги кунда автотаъмирлаш заводида юк машиналари, дизель двигателлари таъмирланади, газ ускуналари ўрнатилади ва ҳоказо. Собиқ 2902 автоколонна эса эҳтиёт қисмлар бозори, устахоналар ва шахсий уй-жой қуриш учун бериб юборилган.

Бугунги кунда ҳам агар ушбу ҳудуд аҳолисидан қаерда яшашини сўрасангиз, улар ҳануз “Қирариқданман” деб жавоб беришади.

Энди унга ёндош, 300-350 метрлар ғарбдаги Увомбўйига йўл оламиз.

УВОМБЎЙИ ГУЗАРИ

Ўшликлар учун “Мен Увомбўйида яшайман” ибораси тушунарли. Бу сўзни эшитган ҳар бир ўшлик шаҳарнинг қайси қисми назарда тутилаётганини дарҳол англайди. Бир қарашда бу гўшада диққатга сазовор жойлар кўринмаса-да, у ўзига хос тарих ва муҳитга эга.

Қирариқдан сал ғарб томон, ундан пастроқ жойда Увомбўйи гузари жойлашган. Гузар марказида жанубдан шимолга қараб канал оқиб ўтади. Бу гузарнинг номи сув тизими билан боғлиқ. “Увом(н)” ёки “увам(н)” сўзи хитой тилида “тезоқар” маъносини англатади, деган тахмин бор.

Гузар марказидан маҳаллаларга кирганда, шаҳарнинг бошқа қадимий қисмларига хос эски уйлару эгри-бугри кўчалар кўзга ташланган. Бу манзара Увомбўйининг кўҳна тарихи ва асрлар давомида шаклланган маҳалла ҳаётидан дарак беради.

Ўша кунлар орқада қолди. 1976 йилда эски қабристон, мевали боғлар ва пастқам уйлар ўрнида — ҳозирги Шавкат Раҳмон, Этикчи ва Юқори Увом кўчалари кесишган ҳудудда янги тўрт қаватли Ўш вилоят шифохонаси қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Увомбўйи гузари марказида 2020 йилгача чойхона ва эски “Сельмаг” дўкони фаолият кўрсатиб келган. Кейинчалик бу жойда ўн икки қаватли бино қурилиб, Увомбўйига ўзига хос кўрк бағишлаб турган “Селмаг” — кейинчалик “Чўлпоной” деб ном олган озиқ-овқат магазини йўқолди.

Бу дўкон Брежнев даврига хос совет меъморчилиги услубида қурилган бўлиб, “брежневка”ларга хос бадиий ишлов ва меъморий нақшинлик билан ажралиб турарди. Унинг тепасидаги чиройли “Чўлпоной” ёзуви ҳамда саккиз тўлқинли шифер том ўша йилларнинг ўзига хос рамзи эди. Бугун эса бу тарихий белгилардан асар ҳам қолмаган.

***

Шу ўринда Сарвар Усмоннинг “Менинг Шавкат Раҳмон акам” эссесида “Қирариқ” маҳалласига берилган таърифдан иқтибос келтираман.

Йўлга чиққан ҳар бир ҳайдовчи Қирариқ гузарда бир тўхтаб, чой ичмаса, чойни ичиб бўлиб, Худодан ўзига оқ йўл тилаб дуо қилмаса, йўли унмасди, қайтиб келгунича кўнгли кир бўларди.

Икки қаватли, узуни ўттиз, эни ўн қадамли, олди айвон, шифтлари баланд чойхона, чойхона олди гулзор – атиргуллар экилган, гулзор билан Помир йўли ўртасидаги сайхонликни чиройли темир панжара ажратиб туради, панжара ортига пишиқчилик пайтида деҳқонлар қовун-тарвуз туширади, панжара темирлари ораси биз болаларнинг бошимиз сиққудай, бошимиз сиғдими, демак тарвуз ҳам сиғади, қалинлиги синчалоғимиздай сим топамиз, бир учини найза қиламиз, чойхона томондан келиб, найзани панжара орасидан тиқамиз, уни тарвузга урамиз, сал бураб секин тортамиз, бошимиздан каттароқ экан, тарвуз панжара тешигига сиғмайди, тақалиб қолади, уни тортиб олишга уринаётганимизда эгаси кўриб қолади, қочамиз, тарвуз эгаси ҳар доим ҳам хушёр эмас: бир гал у ютади, бир гал биз…

Чойхона олдидаги гулзор билан ариқ орасида кийим-кечак сотиладиган “Сельмаг”, унда бир чиройли опа ишлайди, кўргим келаверади ўша опани, “Сельмаг” олдида қоровулхона, қоровулхонада оппоқ соқоли ўзига ярашган Содиқ ака, мен у кишини “абадий чол”, дер эдим. Тўғрироғи, кейин, катта киши бўлиб қолганимда шундай дея бошлаганман. Содиқ ака йигитлигидаёқ чол бўлиб қолганми ё чол ёшига етганидан кейин унинг бу дунёда борлиги Худонинг эсидан чиқиб қолганми, ҳар қалай, 6-7 ёшимдан бошлаб таниганим чол 30-35 ёшимдаям ўшандай тураверди, бир туки ўзгармади. Содиқ ака, афтидан, бу дунёга қоровуллик қилиш учун келган: Қирариқ гузари бузилиб кетганидан кейин у киши Увомбўйи гузарига тушиб қоровуллик қилди.

Сельмагнинг рўпарасида, йўлнинг нариги юзида ошхона, Ортиқбой аканинг ошхонаси. Бўйи пастроқ, қорароқ юзлари лўппи, қорни катта Ортиқбой ака мен учун ошпазлик рамзи бўлиб қолган. Ҳали ҳануз новча бўйли озғинроқ ошпазнинг овқатини ейишдан олдин ўйланиб оламан: овқат қилишни билармикан ўзи бу одам?

Ортиқбой аканинг ошхонаси ёнида менинг “биринчи ишхонам” – озиқ-овқат дўкони. Катта акам ўша дўкон сотувчиси. Мен, 6-7 яшар бола акамга “ёрдам беришга” чиқаман. Дўкон катта эмас, эшик билан пештахта ораси бир қадам. Акам пештахтанинг у томонида, мен бу томонида – харидор турадиган жойда. Бўйимдан баланд пештахтанинг у томонига ўтгим, ўзимни магазинчи сезгим келади. Акам ўтказмайди у ёққа, қўлимга супурги беради. Дўкон олдини супура бошлайман. Чангиб кетади. Сув сеп, дейди акам. Қўлимга човгум беради. Ортиқбой аканинг ошхонаси ёнидан оқаётган Қирариқдан сув олиб келиб, ерга шакароб қилиб сепаман”…

Одилжон Дадажонов

 

 

боғлиқ хабарлар