“Хазойинул маоний”Алишер Навоий
Алишер Навоийнинг “Хазойинул маоний” аталмиш муаззам чор девонининг учинчиси бўлмиш “Бадоеъул васат”дан ўрин олган қуйидаги ғазал (№ 177)га диққат қилинг. Уни кўп ҳофизлар ашула қилиб айтишган:
Не ажаб, ҳар ён мени мажнун бошида ёралар,
Баски, ёғди устига атфол элидин хоралар.
Оразинг атрофида гулдур кўрунган, эй пари,
Ё қамар даврида саф тортибдурур сайёралар.
Ҳар қуюн гўёки бир саргашта ошиқ гардидур,
Баски, туфроғ ўлди ишқинг даштида оворалар.
Англаким, аҳбобни кўнглумда меҳмон этмишам,
Итлари оғзида гар кўрсанг бағирдин поралар.
Анда Мажнун – мен, буён Лайли – сен эткач ижтимоъ,
Бир тараф девоналар, бир ён парий рухсоралар.
Хонақаҳ вақфи суйин ичмаслар, эй шайх, англағил,
Гар хумор ўлса фано дайридағи майхоралар.
Эй Навоий, ишқ аро ўлмактин ўзга чора йўқ,
Бас, ғалат бўлғай демак ушшоқни бечоралар. (3, 177)
Алишер Навоийнинг “Хазойинул маоний”идаги 2600 нафар ғазал, айтиш мумкинки, бошдан-оёқ ошиқнинг дил рози, муҳаббат баёнидан иборат. Шоир ғазалларини ўқир экансиз, ишқни бу қадар таъриф ва тавсиф қилиш, муҳаббат розини бу даражада оташин бўлиб изҳор қилиш мумкин эканини кўриб ҳайратга тушасиз. Бу улкан девондаги ҳар бир ғазал – алоҳида асар, бу 2600 ғазалнинг ҳар бир байти – янги бадиий топилма. Жумладан, мутолаа этишга чоғланганимиз “Не ажаб…” деб бошланувчи ғазал ва унинг байтлари ҳам бундан далолат беради.
Не ажаб, ҳар ён мени мажнун бошида ёралар,
Баски, ёғди устига атфол элидин хоралар.
Мен каби мажнун бошининг ҳар тарафида яралар бўлса, неажаб?Ахир, устига болалар отган тошлар ёғилган бўлса, оқибати шу-да.
Илгари, кўча-кўйда девона одамлар кўп бўлар, ўзини ҳимоя қила олмайдиган бу шўрликлар бевош болалардан айниқса кўп озор чекар, жумладан, болалар улар тош отишар, шу туфайли, баданларининг ҳамма жойи яра-чақа бўлиб юрарди. Бу – ёр кўйида девона бўлган ошиқнинг портрети. Ана энди шоир ошиқ кўзи билан ёрга боқади:
Оразинг атрофида гулдур кўрунган, эй пари,
Ё қамар даврида саф тортибдурур сайёралар.
Юзинг теварагида кўринганлар гулдир, эй пари, Ёки ой атрофида сайёралар саф тортиб турибди.
Ёрнинг юзи мумтоз шеъриятимизда гулга ва ойга кўп менгзалади. Ёр юзининг олранглиги ва думалоқлиги гулни эслатса, қоп-қора сочлари қуршовидаги орази тунда балқиб турган моҳитобон кабидир. Ўтмишда қизлар бошига гулчамбар қўйиши, ёки чаккаларига гул қистириб юриши урф эди. Шоир ана шу гулларни ой теварагида доирасимон саф торган сайёраларга қиёслайди. Бу ўринда мумтоз астрономияда мазкур сайёраларнинг ўз ҳаракат йўлида ой сфераси (қамар даври)га кириши айтилаётирки, бундан, ота-боболаримиз мазкур буржларнинг табиатини билибгина қолмай, улардан ҳатто поэтик образ сифатида фойдаланишган ҳам, деган хулосага келишимиз мумкин.
Бундаги қаршилантиришни кўринг: ҳар икки юзнинг атрофи тасвири, ошиқ бечоранинг юзи теварагида – яра-чақалар, ёрнинг ойдай чеҳраси атрофида эса гуллар…
Ҳар қуюн гўёки бир саргашта ошиқ гардидур,
Баски, туфроғ ўлди ишқинг даштида оворалар.
Ҳар бир қуюн-гирдибод гўёки бир дарбадар ошиқнинг гарди каби,
Бас, ишқинг даштида овора юрганлар тупроққа айланган (ўлган).
Мажнун замонасидан бери ошиқнинг ватани – дашт-биёбон деб аталади. Чунки саҳрода йўл топа олмаганлар сингари, ёрга етиша олмаган ошиқнинг ҳоли биёбонда саргашта бўлган одамнинг аҳволига ўхшайди. Чўлларда тик айланадиган шамол уюрмаси девона ошиқнинг шамойилини эслатади ва шоир уни ёрнинг ишқи саҳросида тупроққа айланган беҳисоб ошиқлардан қай бирининг қуюндай чарх уриб юрган гардига ўхшатади.
Англаким, аҳбобни кўнглумда меҳмон этмишам,
Итлари оғзида гар кўрсанг бағирдин поралар.
Агар (ёрнинг) итлари оғзида жигаримдан поралар кўрсанг, Билки, ўз кўнглимда, мен дўстларимни меҳмон қилибман.
Шарқ адабиётида ит образи аксар ҳолларда салбий маънода қўлланади, унга ёрнинг ортидан эргашиб юрадиган, хокисор жонивор сифатида қаралади (бундан фақат асҳоби каҳф воқеасидаги ит мустасно). Мумтоз шеъриятимиздаги лирик қаҳрамон эса ўзини ёрнинг итидан ҳам ҳақир қилиб кўрсатади, ўша итнинг илтифотига эришишни ҳам ўзи учун давлат деб билади. Буни Навоийнинг бошқа бир ғазалидаги “Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил” (итингга ғамдан зада бўлган жоним ипларидан арғамчи қил) деган мисраъ ҳам тасдиқлайди. Юқоридаги байтда лирик қаҳрамон, агар ёримнинг итлари жигаримни поралаб еяётганини кўрсанг, билгилки, ўз кўнглимда, мен дўстларимни меҳмон қиляпман, дейди.
Сўнг яна ёрга мурожаат келади:
Анда Мажнун – мен, буён Лайли – сен эткач ижтимоъ,
Бир тараф девоналар, бир ён парий рухсоралар.
У ёнда Мажнуну мен, бу ёнда эса Лайлию сен бўлиб тўплансак,
бир тарафда девоналар, бир ёнда пари рухсоралар жам бўлади.
Яна ўша алфақиру алҳақирлик: Мажнун ва лирик қаҳрамон бир томонда, Лайли ва ёр бошқа бир ёқда турса, девоналар бир ён, парипайкарлар бир ён бўлади.
Аммо назаримизда, байтнинг ҳозирги ёзувда юқоридаги шаклини бироз ўзгартириш лозим. Бизнингча, Навоий лирик қаҳрамон тилидан: Мажнун бу — мен, Лайли эса — сен, деяётгани йўқ, балки Мажнуну мен (Мажнун-мен), Лайли билан сен (Лайли-сен) деб айтаётир, яъни:
Анда Мажнун–мен, буён Лайли–сен эткач ижтимоъ,
Бир тараф девоналар, бир ён парирухсоралар.
Акс ҳолда, кўплик шаклидаги “девоналар ва парирухсоралар” ўрнига девона ва парирухсора икки томонда деб айтилган бўлар эди. Баҳарҳол, мумтоз адабиётимизга хос тил ва айниқса имло, энг инжиқ масалалардан.
Хонақаҳ вақфи суйин ичмаслар, эй шайх, англағил,
Гар хумор ўлса фано дайридағи майхоралар.
Эй шайх, билгинки, бу фоний дунё майхўрлари ҳар қанча хумор бўлсалар-да, хонақоҳ вақфи сувидан ичмайдилар.
Бу байтда сўфиёна маънода келган шайх, май, майхора, хумор каби истилоҳларнинг кўп қўллангани диққатга сазовор. Байт ҳам тўлиғича сўфиёна мазмунда: тариқат йўлларини батамом инкор этувчи мутаассиб шайхга қарата, лирик қаҳрамон, эй шайх, билиб ол, ишқ майини нўш этувчи ошиқлар, ҳар қанча хумор бўлсалар ҳам, сен учун энг катта давлат бўлган бу хонақоҳга вақф қилиб берилган ариқ ёки ҳовуз сувини ичишни хоҳламайдилар, дейди. Реал ҳаётда – майхўр одам май ўрнига сув ичишни қанча хоҳламаса, сўфийлар ҳам шундай: улар ишқ мастлигию ошиқлик жазбасини тарк этиб, оддий нонхўрлик ҳаёти ила яшашни асло исташмайди.
Эй Навоий, ишқ аро ўлмактин ўзга чора йўқ,
Бас, ғалат бўлғай демак ушшоқни бечоралар.
Эй Навоий, ишқ аро ўлмакдан бошқа чора йўқ, шундай экан, ошиқларни бечора дейиш хато бўлади.
Мазкур байт (мақтаъ)нинг биринчи мисрасида икки хил маъно борлиги кўриниб турибди: аввало ишқ ичида бўлмоқ, зеро ошиқларнинг бундан бошқа чораси йўқ, шундай экан, ишқ ичра бўлган ошиқларни бечоралар дейиш хато; иккинчи маъно эса ишқ ичра ўлмоқдир, ошиқлар ишқ ичра (яъни уни тарк этмай туриб) ўлим топаркан, бу улар учун саодатдир. Бирон чораси бўлса-ю, киши уни топа олмаса, уни бечора деса бўлади, ишқ ичра эса сева-сева ўлмоқ бирдан-бир йўлдир. Бас шундай экан, ошиқларни бечора одамлар дейиш ҳам тўғри эмас…
Зуҳриддин Исомиддинов