НУРДОРДАГИ НУРЛИ БИР МАСКАН
Кутубхона – маънавият ва маърифат ўчоғи. Шунинг учун инсон зоти доим китобга интилиб яшаган. Кутубхоналар туфайли қадимги қўлёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбалар бизгача етиб келган.
Ўш аэропорти йўлида файзли бино бор. Бу – маънавият ва маърифат ўчоғи, кутубхона. Унга атоқли уламо Чубоқ Жалилов номи берилган. Ташкил этилганига беш йил тўлаётан бу зиё маскани ҳақида қисқача тўхталсак.
Қорасув туманининг Нурдор (Сталин) қишлоғидага бу кутубхона 2020 йил охирида очилган. Ўшлик тадбиркор, зиёли инсон Зафарбек Мирбобоев ташкил этган ушбу кутубхонада қарийб 5 мингдан ортиқ диний ва адабий, дунёвий йўналишдаги китоблар бор. У аҳолига бепул хизмат кўрсатади.
Зафарбек ўз ҳаёти давомида маърифат, ватанпарварлик ғояларини тарғиб этишга катта ҳисса қўшиб келмоқда. У барпо этган мактаблар, боғча ва бошқа ўқув муассасалари турли ёш ва қатлам вакиллари учун ҳам илмий-маърифий мулоқот майдонига айланиб улгурди.
Чубоқ ҳожи номидаги бу кутубхонадаги китоблар мазмун ва қамрови жиҳатидан ҳам беқиёс. Унда мумтоз адабиёт, замонавий илм-фан, тарих, дин, санъат ва бошқа соҳаларга оид нодир асарлар тўпланган.
Зафарбек Мирбобоев – маънавиятни ҳаёт мазмуни деб билган, халқ тақдири, ёшлар келажаги учун яшайдиган зиёли шахс. Унинг маърифатга садоқати бугунги замонда кам учрайдиган фидойилик намунасидир.
У асос солган кутубхонага кирган ҳар бир инсон китобнинг қудрати, илмнинг нурини ҳис этади. Бу ерда ҳаётимизга дахлдор ҳар қандай мавзуда асар топиш мумкин — тарихнинг оғир саҳифаларидан тортиб, замонавий фан ва технологияларга оид манбаларгача.
Кутубхона фаолияти орқали Зафарбек Мирбобоев жамиятнинг қалбини ёритишга интилади. У китоб орқали инсонни тарбиялаш, фикрлашга ундаш, саволлар беришга ва ҳақиқатни излашга чорлаш мумкинлигини амалда исботлади. Шунинг учун ҳам бу кутубхона нафақат бир маҳалланинг, балки бутун жамиятнинг маънавий бойлигига айланмоқда.
Ёшлар бу даргоҳда илк бор ҳаётнинг ҳақиқий мазмунини англай бошлайдилар. Улар китоб варақлари орасидан фақат билим эмас, балки ватан севгиси, инсонпарварлик, ҳалоллик ва жасорат дарсларини ҳам оладилар.
Зафарбек ҳожи Мирбобоевнинг ташаббуси билан ташкил этилган маърифат маскани бугунги кунда халқ қалбидан чуқур жой олган, келажак авлод учун эса илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ерда аввало халқимиз ва умматимиз ардоқлаган буюк уламолар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамда Алоуддин Мансур сингари етук дин арбобларининг қаламига мансуб нодир асарлар алоҳида ўрин тутган. Ушбу китоблар орқали фақат диний билим эмас, балки ахлоқ, инсонпарварлик ва руҳий поклик мавзуларида ҳам улкан маънавий етукликка эришиш мумкин. Шу билан бирга, кутубхонада исломий фиқҳ, ақида, тасаввуф ва тафсир бўйича турли асарлар, табобат, тарих, тилшунослик, педагогика, психология, жаҳон бадиий классикаси, илм-фаннинг турли соҳаларига оид китоблар ҳам жамланган.
Ўзбек, қирғиз, рус, инглиз ва турк тилларидаги беш мингдан бу асарлар туфайли ушбу маънавий кутубхона ҳақиқий маърифат масканига айланган. Ундаги нодир китобларнинг кўпчилиги Зафарбек шахсий кутубхонасидан олинган, юртдошлардан, таниш олимлардан, хорижий сафарлар давомида сотиб олиб тўпланган. Зафарбек ҳожи китобларни шунчаки жамламаган, балки ҳар бир асарни ихлос ва синчиклаб танлаган.
“Бу кутубхона келажакда илм излайдиган фарзандларимиз учун қурилди, – деб айтган эди Зафарбек кутубхонанинг очилиш маросимида. – Кимки бу ерга келиб, бир саҳифа ўқиса, бир фикр олиб чиқса, менинг мақсадим амалга ошган бўлади…”
Бу кутубхона бугунги кунда нафақат китоб ўқиш маскани, балки маҳаллий зиёлилар, ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар ва шогирдлар учун ҳам бир гўшага айланган. Бу ерда мунтазам маърифий суҳбатлар, китоб тақдимотлари ва илм-фан юзасидан баҳс-мунозаралар ўтказилиши режалаштирилган. Шу маънода, Зафарбек ҳожи Мирбобоевнинг ташаббуси нафақат бир кутубхона барпо этиш, балки халқни маърифатга чақириш, ёш авлодни илмга муҳаббатли қилиб тарбиялашдек улкан мақсадни амалга оширишдир.
“Мол-дунё қолмайди, илм қолади. Умримнинг қолган қисмини ҳам ватаним фарзандлари учун, уларнинг ақл-идрокини чархлашга, маънавиятини бойитишга бағишлашни ният қилдим. Кутубхона — бу фақат китоб жойи эмас, балки қалбларни уйғотувчи нур манбаидир,” деб таъкидлайди Зафарбек Мирбобоев.
Бу кутубхонанинг очилиши – жонкуярлик, садоқат рамзи. Фақат ватанпарварлик эмас, балки маърифатпарварликнинг энг юксак даражасидир.
Агар Зафарбек моддий манфаатни кўзлаганида бугунги бозор талабидан келиб чиқиб, шубҳасиз, даромадли бизнес йўлларини танлаган бўларди. Аммо унинг танлови — маърифат, китоб, ёшлар келажаги бўлди. Шундай инсонларнинг ҳаётда борлиги, халқимизда келажакка умид, маънавият ва ҳалоллик қадри ҳали унутилмаганлигининг ёрқин исботидир.
Бу зиё масканига кирган кишининг кўзи қувониши, кўнгли ўсиши, тафаккури юксалиши аниқ. Қишда ҳам, ёзда ҳам мўътадил ҳаво китобхон учун, сақланаётган китоблар учун ҳам бирдай қулай. Маърифатпарвар инсонлар бор экан, шундай зиё масканлари янада кўпайиши, жамиятнинг маънавий пойдевори янада мустаҳкамланиши шубҳасиз. Зеро, маърифат тараққиётнинг калитидир.
Одилжон Дадажонов