ЎТТИЗ ЙИЛ АВВАЛГИ ЎТТИЗ ДАҚИҚА(Ислом Каримов ва «Манас» эпоси)
Яқинда Интернетда Қирғизистонлик акдемик Ўсмонақун Ибраимов “Ислом Каримов ва «Манас» эпоси” деган мақоласини ўқиб қолдим. Олим дўстимиз 1995 йил кузида “Манас” эпосининг минг йиллигига бағишланган тадбирда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг фавқулодда чиқишини эслаб, хотираларини ўртоқлашибди. Ў.Ибраимов ўша симпозиумда манасшуносликда аксиома тарзида такрорлайдиган бир фикрни Ислом Каримов танқид қилгани, унинг оммавийлашувига барҳам берганини ёзади.
Ўзбекистондан борган 11 кишилик расмий делегация таркибида бу анжуманда иштирок этган бир киши сифатида мақола менга кўп воқеаларни эслатди, фикрлар ўйғотди. Мана, унинг таржимаси:
“Манас” эпосининг минг йиллигини байрам сифатида нишонлаш муҳим тарихий воқеа бўлиб, шу билан бирга суверен Қирғизистоннинг жаҳон жамоатчилиги олдидаги ўзига хос намойиши ҳам бўлар эди. Албатта, бундай катта маърака айрим ишкалликлардан ҳам холи бўлмайди. Лоақал, қуйида мен ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа ҳам бунга мисол. Ажабки, у очиқ-ошкор сиёсий можаро тусини ҳам олаёзган эди. Шу билан бирга, у “Манас” достонидаги ғоя ва образларни ҳар ким ўз билганича, таваккалига талқин қилиши кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам аён кўрсатди.
Тантанали юбилей анжумани… Миллий филармониянинг катта залида кўпдан-кўп хорижлик меҳмонлар, БМТ вакиллари жамулжам бўлишган, президиумда эса етти давлат президентлари, ЮНЕСКОнинг Бош директори, бошқа номдор меҳмонлар ўтиришибди. “Манас” эпоси ҳақида президент Асқар Ақаев ҳар доимгидек, теран, илмий асосли маъруза қилди. Аммо бир маҳал у маъруза матнидан кўз узиб, зални жонлантириш, шу билан бирга ботир Манаснинг халқлар дўстлигига қўшган ҳиссасини далиллаш мақсадида афсонавий қирғиз қаҳрамонининг хотини Бухоролик бўлганини, бинобарин, тожик қизи эканини эълон қилди. Бунда анъанавий равишда Бухорода этник тожиклар яшаб келиши кўзда тутилган эди, албатта. Биз ҳаммамиз бу гап Ўзбекистон президентига ёқмаганини пайқаб қолдик. Чунки Тожикистондаги фуқаролар уруши ва Ўзбекистоннинг бу масалага муносабати туфайли Ислом Каримов билан Эмомали Раҳмонов ўрталарида муайян келишмовчиликлар бор эди.
Қирғизистон президентининг маърузаси тугади. Бирин-кетин бошқа президентлар, давлат делегацияларининг бошлиқлари минбарга кўтарилдилар. Сўз Ўзбекистон раҳбарига берилди. Ана шунда ҳақиқий можаро бошланиб кетди. Ислом Абдуғаниевич ўз маърузасининг матнини бир четга қўйиб, бевосита Ақаевга қараб гапира бошлади (у ўзбек ва рус тилларида аралаштириб сўзлаган эди):
– Асқар Ақаевич, Манаснинг хотини Хоникей қанақа қилиб тожик қизи бўлсин? Сиз бу фикрни айтишда қандай асосларга таяняпсиз? Ахир у чинакамига ўзбек халқининг, Бухоро хонининг қизи-ку! Ўзингиз айтинг, қачон тожиклар Бухорода хон бўлган?
Ана, кетди! «Ҳали бу гаплар ҳаммаси эмас. Барча қирғиз афсонавий қаҳрамонлари бизнинг қизларга уйланиш орзусида бўлишган. Ҳатто Манаснинг яқин жўраси Алмамбетнинг хотини Арууке ҳам ўзбек қизи эди!”.
Зал гувиллашдан тинмасди. Маърузасини зўр эҳтирос билан тамомлаган Ислом Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ёнига келиб, у билан бирга залдан чиқиб кетди… Гарчи Нурсултон Абишевич яна ўз жойига қайтиб, яхшигина чиқиш қилган бўлса-да, Каримов йиғилиш охиригача залга қайтиб кирмади.
Табиийки, ўзбек президенти ўша куннинг ўзидаёқ қандайдир муҳим ишларни рўкач қилиб, ўз юртига қайтиб учиб кетди, шу туфайли Таласда – Манас ерида ўтказилган тантаналарда ҳам иштирок этмади.
Ноқулай бир можаро юзага келган эди. Аслида эса, чиндан ҳам, афсонадаги Хоникейнинг – “қоратўридан келган ҳурилиқо”нинг тожик қизи бўлгани ва форсий тилнинг бирон лаҳжасида сўзлашгани борасида ҳеч қандай далил йўқ. Хўш, унда бу сохта, аммо ҳозирга қадар айтила бериб сийқаси чиқиб кетган илмийнамо чўпчак қаердан келиб чиққан?
Бу масаланинг тарихи қуйидагича. Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида Тожикистонда Қирғизистон кунлари ўтказилади. Ўша санъат ва маданият кунларининг тантанали очилишида улуғ тожик шоири ва давлат арбоби, юқори доиралардаги ҳазил-мутойибалар, хушёқар гаплар устаси Мирзо Турсунзода залга тўпланганларни икки бора ажойиб лутфи билан лол қолдирди. Чингиз Айтматовга қараб, Мирзо Турсунзода айтдики, “Башарият тарихи Чингиз отлиғ икки кишини билади; уларнинг бири дунёни қиличи билан маҳв этган бўлса, яна бири эса қалами билан забт этди!” Албатта, бу гапдан зал деворлари қарсаклардан ёрилгудай бўлди. Аммо Мирзо Турсунзоданинг иккинчи гапи ундан ҳам зўрроқ олқишларга кўмилиб кетди: «Барчага маълум, қирғизларнинг “Манас” достони энг улкан ва улуғ эпослардан бири. Аммо Манас ботирнинг суюкли хотини қайси миллат қизи эканини эса ҳамма ҳам билавермайди. Ҳолбуки, у Бухорода туғилган! Хўш, Бухорода киммлар яшайди? Тожиклар, албатта! Мана, кўрдингизми, Манаснинг умр йўлдоши Хоникей чинакам тожик қизи, буни қардош қирғиз дўстларимиз яхши билиб қўйсинлар. Биз тожиклар, қирғиз биродарларимиз билан ана шундай ришталар орқали боғланганмиз!»
Зал қий-чувга тўлган, ватандошларимизнинг кўзлари яшнаб турибди, ҳамма қарсак чалаяпти… Қирғиз телевидениеси бу эпизодни такрор-такрор намойиш қилди, ҳозир ҳам бу гаплар кўпчиликнинг ёдида. Бояги чўпчакнинг пайдо бўлиши ва тарқаб кетишининг тарихи ана шундай.
Бу гапни биринчи қирғиз президенти 90- йилларнинг иккинчи ярмида Тожикистонга расмий ташриф буюрганида яна такрорлади, Бишкек шаҳрида тожиклараро музокаралар ўтказилганида ҳам яна тилга тушди. Буни тожик дўстларимиз, айниқса, Хоникейни тожикча навозиш билан Хонука деб талаффуз қиладиган атоқли тожик шоираси Гулрухсор Сафиева ҳам, такрорлашни яхши кўрардилар.
Аммо масалага жиддий қарайдиган бўлсак, бояги ёқимли гапнинг ҳеч бир асоси йўқлиги ойдай равшан. Бу билан мен, ҳурматли Ислом Абдуғаниевичга қўшилиб, Хоникейни ўзбек қизи деб ҳам айтмоқчи эмасман, чунки бу ҳам бояги лутфга монанд бўлиб қолар эди. Лекин, агар майда-чуйда тафсилотларга ҳам ўрин берадиган бўлсак, Манаснинг ўз ёри билан мутлақо ёлғиз, тилмочсиз сўзлашгани ҳам ҳақиқат. Ахир форс тили – ҳар ҳолда, ўзбек тили ҳам, уйғур тили ҳам, ҳатто татар тили ҳам эмас. У бутунлай бошқа лисоний оилага мансуб, ўзига хос лексик-грамматик қурилишга эга бўлган тилдир. Ҳолбуки, Хоникей бирон туркий тилда гаплашгани аниқ.
Майли, ҳар бир ўқувчи достон ҳақида ўз қарашларига эга бўлсин, бунга у ҳақли. Ва бу ҳам “Манас” достонимизнинг чиндан ҳам улуғлиги, мазмун жиҳатдан битмас-туганмас эканидан далолат беради. У, бамисоли бир уммон – ҳар ким унинг бағрида истагинича сузиб, ўзи учун фойдали, қимматли бўлган нарсаларни топа олади”…(қисқартиб тақдим этиляпти).
Мазкур хотирани ўқиб, бир томондан, қувондим. Муаллиф тарихий ва илмий ҳақиқат бузилмаслиги йўлида Ислом Каримовнинг қандай қатъий курашганини, фикрини жамоатчиликка етказа олганини эътироф этибди. Аммо, иккинчи ёқдан, Ўсмонақун биродаримизнинг хотираси панд берган кўринади. Камина ушбу мақолада воқеалар тафсилоти бузиб талқин этилганини ўқиб, ажабланиб ҳам қолдим. Ўша воқеаларга шоҳид бўлган бир одам бўла туриб, эпоснинг юбилейи ва ундаги Ислом Каримовнинг машҳур нутқи борасида ўз хотираларимизни тақдим этмасак, фикр билдирмасак, воқеан, Ў.Ибраимов гапларини маъқуллаган бўлиб чиқамиз, шундай эмасми?
Хўш, ўша воқеалар аслида қандай бўлган эди?
Юбилей тантаналарида (унинг баҳонасида туркий тилли давлатлар бошлиқларининг саммити ҳам ўтказилган) Туркия раҳбари Сулаймон Демирэл, Озарбойжон раҳбари Ҳайдар Алиев, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Туркманистон раҳбари Сапармурод Ниёзовлар, шунингдек ЮНЕСКОнинг Бош директори Федерико Майор, яна бир неча қўшни давлатларнинг бош вазирлари, ёки Маданият вазирлари каби кўплаб арбоблар, шунингдек кўп мамлакатлардан олимлар, адиблар ва жамоат арбоблари ташриф буюришган эди.
Олим дўстимиз айтгандай, Миллий филармониянинг катта залида А.Ақаев тантанали анжуманни очди ва “Манас” эпоси ҳақида маъруза қилди.
Ўттиз саҳифалик бу маърузанинг матни юзлаб нусха тайёрланиб, ҳар биримизга тақдим этилгани учун, истасак, Асқар Ақаевнинг докладини унинг ўз оғзидан чиқаётган сўз сифатида тинглашимиз, истасак, жажжи карнайчаларни қулоғимизга тиқиб, масалан, рус тилидаги вариантини эшитишимиз, ёинки матнни ўқиб ўтиришимиз мумкин эди. Биз ҳаммасидан фойдаландик, чунки узоқ, бир зайлда ўқилаётган маъруза кўпларни толиқтириши табиий. Залнинг ўртароғидамиз. Ўнг ёнимда асли Наманганлик, Германиянинг Кёльн шаҳрида яшайдиган машҳур тарихчи олим Боймирза Ҳайит домла ўтирибди.
Асқар Ақаев ўз маърузасини роппа-роса қирқ беш дақиқа ўқиб берди.
Шундан сўнг “Манас”нинг минг йиллиги тантанасида иштирок этиш учун келган туркий давлатларнинг раҳбарлари минбарга ташриф буюрдилар. Туркия Президенти Сулаймон Демирэл, ундан сўнг Озарбойжон раҳбари Гейдар Алиев нутқ сўзлашди
Шундан сўнг минбарга Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқди…
Бу ҳолатни ўша даврда Қирғизистон Президентининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Ў.Ибраимов шундай тасвирлайди. “Сўз Ўзбекистон раҳбарига берилди. Ана шунда ҳақиқий можаро бошланиб кетди. Ислом Абдуғаниевич ўз маърузасининг матнини бир четга қўйиб, бевосита Ақаевга қараб гапира бошлади (у ўзбекча ва русча аралаш сўзлаган эди).
Ўша анжуманда бўлмаган одамлар, “Ислом Абдуғаниевич ўз маърузаси матнини бир четга қўйиб, бевосита Ақаевга қараб гапира бошлади”, деган жумлани ўқиб, Республика раҳбари табрик сўзи ўрнига дабдурустан можаро бошлаган экан, деб ажабланиб қолиши мумкин. Ҳолбуки, у “Ҳар бир давлат раҳбари ўз она тилида гапирса”, деган таклифни ижобат қилиб, фақат ўзбек тилида гапирган (“ўзбек ва рус тилларида аралаштириб сўзлаш” унинг нутқига хос эмасди). Эҳтимол, Ў.Ибраимов ўзбекча ушбу маърузани яхши англамаган ва шу сабабли ўз хотираномасида воқеликни бузиб талқин этган бўлса. Бинобарин, бу воқеликни батафсилроқ баён қилиш керак шекилли.
И.Каримов маърузадан икки бетча чиройли табрик сўзларини ўқиди. Бироқ унинг жўшқин руҳи одамлар билан бевосита мулоқот қилишга мойил эди, шу боис, маъруза матнини минбар четига қўйиб, залга мурожаат қилди:
“Ҳурматли дўстлар! “Манас” эпоси, бу – тарих, қирғиз халқининг ўтмиши. Келинглар, шу достоннинг минг йиллик тўйи муносабати билан биз бугунги куннинг ана шундай қаҳрамонлари ҳақида ҳам гаплашайлик. Мана, президиумда, менинг ёнимда қадрдон дўстим, улуғ ёзувчи Чинггиз Айтматов ўтирибди. Мен Чинггиз оғани бугунги куннинг Манаси деб биламан!”
Қарсаклар чалинди. Чинггиз Айтматов ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб, миннатдорчилик билдирди.
И.Каримов “Манас” эпосининг тарихий ва бадиий жиҳатлари тўғрисида гапирди, бу улкан достон ўзбек тилига атоқли шоир Миртемир, Султон Акбарий ва Турсунбой Адашбоев каби шоирлар томонидан ҳозирга қадар уч бора таржима қилинганини эслаб ўтди.
Ана шундан сўнггина, залнинг бутун диққат-эътиборини ўзига жалб этгач, Ислом Каримов Ўсмонақун Ибраимов айтган масалани ўртага қўйди.
“Ана энди, азиз дўстлар, ижозат берсангиз, шу ўринда, “Манас” достонидаги бир масала борасида азиз дўстим, Қирғизистон Республикаси Президенти Асқар Ақаевни бир оғиз танқид қилиб ўтмоқчиман.”
Менинг баданим живирлаб кетди. Ахир ҳатто тор доирада ҳам бир давлат президенти иккинчи давлат раҳбарини танқид қилмайди, бу дипломатик протоколга хилоф иш. Бунинг устига, юзлаб одамлар қатнашаётган тантанали байрам анжуманида… танқид қилиш? Ҳаяжонланиб, ёнимда ўтирган Боймирза Ҳайитга юзланиб, пичирладим:
- Домла, қизиқ бўлди-ку?
- Шошманг, аввал эшитиб кўрайлик-чи, – дея жавоб қилди олим.
“Асқар Ақаевич ўз маърузасида “Манас Бухордан уйланади, демак, тожик халқига куёв бўлади ва ана шу тариқа, бу достон туркий халқлар доирасидан чиқиб, янада кенгроқ ва глобал, умумжаҳоний кўлам касб этади”, деб айтиб ўтди, – деди Ислом Каримов. – Албатта, бу яхши ният. Аммо мен бу ёққа келиш олдидан “Манас” эпосини ўқиб чиқдим. Манаснинг хотини Хоникей Бухоролик экан. Унинг отаси иккинчи қизини – Хоникейнинг синглисини Манаснинг тутинган иниси Алмамбетга, учинчи қизини эса қозоқ хони Кўкчага бериб, уларни ўзига куёв қилиб олган экан. Кўряпсизми, қандай оқил, танти одам бўлган экан бу подшоҳ? Аммо дўстим Асқар Ақаевич, у Бухоролик, яъни, ўзбек эди, демак, Манас ҳам ўзбекларнинг куёви бўлиб чиқади! Э, омон бўлсин ўша Бухоро хони, у бутун Марказий Осиё подшоҳларини ўзига куёв қилиб, барча элларни бир-бирига қардош қилибди!”
Бутун издиҳом аҳли Бухоро хонининг тантилиги борасидаги лутфга тан бериб, ўрнидан туриб қарсак чалишга киришди. Зеро И.Каримов бу гапларни бир-бирига пайваста қилиб, ўктамлик билан гапирар, рад этиш имконсиз эди.
– Ислом ака тўғри айтяпти, – деб менга бурилиб шивирлади Боймирза Ҳайит домла. – Бухорода минг йиллардан бери туркийлар ҳукмронлик қилган. Иккинчидан, “Манас” эпосида Бухоро хони гоҳ Қорахон, гоҳ эса Темирхон деб аталади, иккиси ҳам туркий исмлар-ку! Каримов ҳақ, албатта…
Ана шундан сўнг И.Каримов яна вазиятни юмшатиш, ўзаро иноқлик руҳи бардавом бўлишига ҳаракат қилиб, А.Ақаевга кулиб мурожаат қилди:
– Азиз дўстим Асқар Ақаевич! Ўша Бухородан – Манас куёв бўлган юртдан қудалар ҳадя бериб юборишган, марҳамат қилиб қабул этсангиз!
Каримовнинг имоси билан саҳна ортида шай турган бир ходим тугун олиб келди. Қарасак, Бухоро амирлари киядиган зар уқали шоҳона тўн! Каримов уни қирғиз халқи раҳбарига кийдирди, белига белбоғ боғлаб, бошига чиройли бир дўппи кийгизди ва қучоқлаб кўтариб, байрам билан яна муборакбод қилди. Сўнг ўртасидаги катта доирага Манаснинг от чоптириб кетаётгани тасвири туширилган катта бир гилам Ўзбекистон совғаси сифатида тақдим этилди. Олқишларни қўяверингн! Бояги хижолатпазликдан асар ҳам қолмади.
Ажабо, Интернетдаги мақолага кўра, шундан сўнг Назарбоевга сўз берилган бўлса, у минбарга чиқиш ўрнига, нутқидан воз кечиб, И.Каримов билан бирга залдан чиқиб кетганми? Унинг чиқишига сабаб нима? Ахир, бундай ҳолларда анжуман шунчаки, “сигарет чекиш” баҳонасида тарк этилмайди-ку? Дипломатияга кўра, саммит қатнашчисининг зални ташлаб чиқиши унинг саммитни бойкот қилганини, кескин норозилигини билдиради. Ё, Назарбоев қайтиб киргунича мажлис тўхтатилиб турдими? Йўқ, албатта. Каримов ҳам бутун йиғилиш давомида президиумда бўлди, сирасини айтганда, у киши шунчаки ўтирмай, ҳар бир маърузачи сўзини эътибор билан тинглаган эканки, бир оздан сўнг ҳаммамиз бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Туркманистон раҳбаридан сўнг навбат ЮНЕСКО бош директори Федерико Майорга, сўнг Россия бош вазири ўринбосарига, ундан кейин Эрон маданият вазири Мустафо Мирсалимга берилди. Биз, Ўзбекистон расмий делегацияси аъзолари эса, бу аснода Президентимизнинг чиқиши таъсирида эдик, бу нутқ кучли, мантиқли ва самимий бўлганидан фахр туйғулари оғушида, мамнун ўтирар эдик. Энди, орадан шунча вақт ўтгач, бир гапни айтса бўлар (чунки бу орада ўша раҳбарларнинг кўпи, жумладан И.Каримов ҳам, ёруғ оламни тарк этиб кетишди) – Ўзбекистон Президенти сиёсий ирода, мантиқий тафаккур бобида бу анжумандаги бошқа нотиқлар – қўшни давлат раҳбарларидан бир қарич баланд экани барчага яққол аён бўлган эди.
Эрон вакилининг нутқи миттикарнай орқали чала-чулпа таржима этиб берилди, унча уқмасак-да, бир табрик сифатида қабул қилиб, ҳурмати учун чапак чалган бўлдик. Бироқ Мустафо Мирсалим оғо нутқини тугаллаб, жойига ўтириши биланоқ Ўзбекистон Президенти яна ўрнидан турди, унинг олдига бориб, эътироз билдирган бир қиёфада нимадир дея бошлади.
Минбарда галдаги меҳмон табрик сўзини айтар, аммо ҳамманинг кўзи – Каримовда. Билсак, Эрон вазири ўз сўзида Манас Бухорода форс-тожик қизига уйланганига тарафдор бўлиб, Каримовга эътироз билдириб ўтган экан.
Ислом ака Мустафо Мирсалим билан яккама-якка, таржимонсиз гаплашар эди. Самарқандда туғилиб ўсгани қўл келди, назаримда. Нутқига бу қадар жонли реакцияни кутмаган Мустафо вазир лол қолиб, “Наҳотки?” дегандай ишора билан ниманидир сўраган эди, Ўзбекистон Президенти икки дақиқа яна алланималарни уқтирди. Эрон вазири “Э, шундайми, унда узр!” дея, эътироф этароқ, қўлини кўксига қўйди ва фикридан қайтганини билдирди. Сўнг И.Каримов тағин Чингиз Айтматов ёнига келиб ўтирди.
Бу гапларни ўқиб, кимдир, “Ажабо, Ислом Каримов ўша тантанали анжуманда музокара бошлаши шартмиди? Хоникей ўзбек бўлди нимаю тожик бўлди нима? Ахир бу бир достон, холос-ку?” деб ўйлаши ҳам мумкин.
Гап шундаки, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов унинг манфаатларини, бир лаҳза бўлсин, унутиши мумкин эмасди. Манаснинг ёри Хоникейни, Бухоролик бўлгани учуноқ, тожик деб талқин қилиш ортида бошқа, бадиий сўзга мутлақо алоқаси бўлмаган масала ётар, бу гап – айниқса ўша йиллари – ҳар қандай “факт”дан илинж қидириб, ҳудудий даъволар қўзғаб юрган кимларнингдир тегирмонига сув қуйиши аниқ эди. Уни ўша вақтнинг ўзида инкор этмаслик, моҳиятан – уни маъқуллаш бўлар эдики, биринчи президентимиз буни нозик илғади ва ўша оннинг ўзида, ҳарчанд тантанали анжуман бўлмасин, ўз шахсига ниҳоятда ярашиб тушадиган ўктамлик, зўр сиёсий ирода билан фикрини баён этиб, мақбул қилдирди.
Зуҳриддин Исомиддинов.