ҲАММАМИЗНИНГ БИР КУН БОРАР УЙИМИЗ

  Қабристонларнинг бугунги аҳволи, унда абадий уйқуда ётганлар ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, келаётган муборак қурбон ҳайити кунларида ўтганларни Оллоҳ раҳматига олсин деймиз.

Тирик мавжудот борки, туз-насибаси охирлаганда бу ёруғ дунёни тарк этиши, дорилбақога йўл тутиши абадий ҳақиқат. вафот этган яқинларимизнинг жисми, табиийки, қабрга қўйилади. Одатимизга кўра, марҳум инсон ўша куниёқ, иззат-икром билан сўнгги манзилга кузатилади.

Қабристонларнинг бугунги аҳволи хусусида сўз юритар эканмиз, улар аввалгига қараганда кўнгил тўладиган даражада эканлигини тан олишимиз керак. Инсон ҳаётлик чоғида ёруғ дунё лаззатидан озми-кўпми баҳраманд бўлади, қувончли онларни, қайғули кунларни бошдан ўтказади. Умри давомида эл-юрти ва одамлар учун эзгу ишлар қилиб, фарзандлари ардоғида бўлганлар ҳам, ёруғ дунёга келиб бирон кимсага заррача нафи тегмай, дилозорлик билан яшаган, ёмонлик қилиб, кўнгилларни чўктирган инсонлар ҳам абадий уйқуда ёнма-ён ётишади. Аммо ҳар бир одам бу дунёда топган қадр-қимматига қараб сўнгги йўлга кузатилади. Мозористонни кўздан кечирар эканмиз, уларга қўйилган ёдгорлик ва қабртошларга қараб кимнинг тириклигида қандай обрў ва қадр топганини илғаб олиш қийин эмас.

Жалолободнинг шаҳар ва қишлоқларидаги қабристонлар атрофлари тўсилган, айланасига дов-дарахтлар ўтқазилган. Масалан, Сузоқ туманидаги собиқ “Коммунизм” колхози худудида жойлашган мозорни кўриб, бу ерда тганларга катта эҳтиром кўрсатилганига гувоҳ бўласиз. Қабристонда эмас, худди гулзорда юргандек сезасиз. Қабрлар орасидаги йўлакдан бехадик босиб, яқинингиз қабрини зиёрат қилишингиз мумкин. Тозалик ва тартибдан кўнгил хушнуд бўлади.

Ўтган асрнинг 60-йилларига қадар қабристонлар ташландиқ жой сифатида қаралиб келинди. Ижтимоий ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар, яъни ҳаётимизнинг тобора фаровонлашуви қабристонларга ҳам эътибор қаратишни тақозо этди. Қолаверса, ислом динимизда ўтганларга эҳтиромли бўлиш, хотирасини ёдда сақлаш одати бор. Бу борада улуғ алломаларимизга қўйилган ёдгорликларни тилга олиш кифоя.

Сўнгги эллик йилда вафот этган, элга, юртга, оиласига азиз бўлган инсонлар қабрларига ғиштдан, зангламайдиган металлдан ёдгорлик ўрнатиш, ҳеч бўлмаганда қабр атрофини тўсиб қўйиш одатга айланди. Бу ҳолни бир жиҳатдан ижобий баҳолаш мумкин. Чунки ўша инсоннинг фарзандлари, невара-чеваралари, яқинлари улуғ айём кунлари қабрни адашмай топиб, зиёрат қилишлари мумкин. Аммо ана шу ёдгорликлардаги ёзувлардан кўнгил тўлмайди. Айрим исм-шарифлар рус тилида ёзилган, ўзбекчасида ҳам имловий хатолар мавжуд. Андижонлик профессор Сайфиддин Жалиловнинг ёзишича, машҳур арбоб ва олим Алихонтўра Соғуний қабри жуда оддий қилиб сувалиб, бош томонига “Бисмилло…” ибораси ва исмию туғилган-вафот этган йиллари ёзилиб, сўнг марҳум номидан;”Мени эслаб келганлар сураи Ихлосни ўқиб қўйсинлар” деб ёзилган экан. Кўриниб турибдики, “Фарзандларидан хотира”, “Умр йўлдошингиздан” дейиш ўрнига вафот этган кимсанинг дил сўзларини ё бирон диний калимани ёзиб қўйган маъқулроқ.

Яна бир масала. Мусулмон одатига кўра, инсон вафот этиши билан танаси совимай туриб лаҳадга қўйиш ҳаракатига тушилади. Мусибатли хонадон яшаган маҳалла фаоллари зудлик билан қабр қазиш тадоригини кўради. Агар маҳалла аҳли иноқ ва бир-бирига оқибатли бўлса, савобталаб одамлар гўр қазишга боришади. Бошига мусибат тушган хонадон эгалари обрўли, топармон бўлса, атрофда парвона бўлишиб, оғирини енгил қилмоқчи бўлганлар кўпайиб кетади. Қабр қазувчилар 15-20 кишига етади. Қўли юпқа, камбағалроқ оиладан кимдир вафот этган бўлса, одамлар шунчаки таъзияга келишади-ю, дарҳол ишларига жўнаб қолишади. Хатто айрим имом-домлалар ҳам чўнтаги тешик оилада кўп ўтирмайдилар. Чунончи, бир оилада қирқ ёшлардаги аёл вафот этди. Бу оилада эркак киши йўқлигиданми ёки маҳалла аҳлининг ноаҳиллигиданми, қабр қазишга одам топиш қийин бўлди. Ниҳоят гўр қазишга қариндошлар ва уларнинг фарзандлари боришди. Жанозага ҳам саноқли одамлар келди.

Ҳозир Бозорқўрғоннинг “Оқтайлоқота” ва Бобур участкаларида уч қабристон бор. Биз Раҳимберди ва Отабек деган йигитлар гўрковлик қилаётган қабристонни зиёрат қилдик. Шаҳар марказидан бу ергача уч чақирим йўл бор. “Дала йўлига шағал тўкдириш, текислаш ишларида тадбиркор юртдошлар беқиёс ёрдам кўрсатмоқда, – дейди Раҳимберди. –Ғуломжон ҳожи ўғли Баҳрамжондан жуда миннатдормиз. Қабристон атрофини тўсиш, дафн маросимига келганларга 100 ўринли айвон, намозхона, таҳоратхона ва бошқа ёпиқларни қуришга зўр ҳиммат кўрсатди”.

Қабрлар орасига эни ярим метрли бетон йўлак қилиниб зиёратчиларга қулайлик яратилган. Дафн кунлари бу ерга автомашиналар кўп келади. Хожибоевлар оиласи автомашиналар учун ўз улуш ерларидан жой ажратиб берибди. Гўрковнинг айтишича, ҳар бир майитнинг исми шарифи алоҳида журналга ёзилиб, қабри усти номерланади.

Маъруфжон Рустамов гўрков бўлиб ишлаётган Бобур участкасидаги Жангирхон тўра номидаги мозорда ҳам бўлдик. Қабристон 6 гектар 80 сотих. Гўрковнинг айтишича, дафн маросими учун ҳамма шароит муҳайё. Оқибатли элимиз қабристон учун зарур ҳеч нарсани аямаяпти. Масжид имомлари Тоҳиржон Тожиддинов, Маҳмуджон Комилов маҳалла аҳли, ёру дўстлари билан ҳашарга бош бўлишди. Айрим юртдошлар Россияда, хатто Европада ишласа ҳам қабристон эхтиёжи учун маблағ юбориб туришаркан. Дафн маросимга келганлар учун ёпиқ айвонлар қурилган, машиналар учун шароит бор. Шаҳар мэрияси прожекторлар олиб берди. Бир тадбиркор сахий йигит ўз исмини ошкор қилмай чироқ ўчса ишлатиладиган движок ва бошқа анжомларни олиб берибди.

Бу индамаслар макони шаҳар марказига яқин бўлгани боис мусулмон бўлган ва дунёдан ўтган турли миллат вакиллари дафн этилмоқда. Аммо таассуфки,бу қабристонда қабрлар бир-бирига яқин, орасида йўлаклар йўқ. Дафн маросимига келганларга намозхона, таҳоратхона энди қурилар экан.

Қабрларни зиёрат қилишнинг ҳам ўз одоблари бор. Энг аввало, фақат ибратланиш учун қабрларни зиёрат қилиш керак.

Қабр зиёратига борган киши Қуръони каримдан “Фотиҳа”, “Ёсин”, “Мулк”, “Такосур”, “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” сураларидан хоҳлаганини тиловат қилиб, савобини марҳумлар руҳига бағишлаб дуо қилади.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг