ЖЎЛОН МАМИТОВНИ ЭСЛАБ…

Ўшда атоқли қирғиз шоири Жўлон Мамитов хотирасига бағишланган халқаро шеърият фестивали бўлиб ўтди

Фестиваль доирасида адабий анжуманлар, ижодий учрашувлар ва миллий қадриятларни намоён этувчи кўргазмалар ташкил этилди. Тадбир Ўш давлат университетида илмий-адабий конференция билан бошланди. Унда Қирғизистон Республикаси давлат котиби, маҳаллий ва ҳудудий ҳокимият вакиллари, таниқли шоир ва ёзувчилар, турли миллат вакиллари, шунингдек, университет талабалари фаол иштирок этди. Миллий либослар, анъанавий таомлар ва урф-одатлар кўргазмаси фестивалга алоҳида мазмун бағишлади.

Фестиваль иштирокчилари сафида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан келган ёш истеъдодли шоирлар ҳам бор эди. Улар иштирокида ўтказилган шеърият паради зўр олқиш билан кутиб олинди.

Бугунги кун фестиваль доирасида муҳим воқеалардан бири сифатида Ўзбекистондан ташриф буюрган бир гуруҳ ёш шоирлар ва қўшни Андижон вилояти Мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси ҳам иштирок этди. Меҳмонларни Ўш шаҳридаги ўзбек драма театри жамоаси самимий ва шўх кайфиятда кутиб олди.

Тантанали маросимда ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котиби Султан Раев, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев, Ўш шаҳар ҳокими Женишбек Тоқторбаев, шоирнинг рафиқаси – Қирғизистон халқ ёзувчиси Менди Мамазаирова ҳамда бошқа расмий меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдаги кўмаги учун Ўш шаҳар мэри Женишбек Токторбаев ва Ўш давлат университети ректори Қудайберди Қожобеков ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг олтин медали билан тақдирланди.

Фестивальда иштирок этган Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон ва Қирғизистон ёш шоирларига махсус мукофотлар топширилди.

Барно Исоқова

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг