Тирилган  “мурда”

   Бозорқўрғон қишлоғимизда ( ҳозир шаҳар) ёши саксондан ошган, оппоқ соқоли кўксини қоплаган, аммо ҳали белида қуввати бор, кўзидан нур кетмаган, маҳалланинг ишларига доим бош-қош бўлган Ашурали бува Юсупов деган оқсоқол яшаб ўтди. У билан ҳамсуҳбат бўлган одамни асло зериктирмасди. Кўрган кечирганлари хотирасида шундоқ сақланиб қолганки, уларни худди ҳикоянависдай қизиқарли ва мароқли қилиб айтиб беради.

Ашурали бува билан кўп бора ҳамсуҳбат бўлганман ва Иттифоқ даврида бошидан кечирган бир ажойиб воқеани айтиб берган эди.

-Айни ёз чилласи. Қуёш олов пуркаяпти. Асад – экинингни ясат дейдиган, экинлар сувга ташна палла. Қишлоқ четроғидан оқиб ўтган канал суви колхознинг пахта, маккажўхори ва бошқа экинларини суғоришга мўлжалланган. Одамлар яшайдиган маҳаллаларга сув берилмай қолади ёз ойларида. Жилдираб оққан озгина сув эса тўғон бошида яшаганлардан ортмайди.

-Ашурали, биратўла товуқ фермасига ёпишиб олдинг-да, болам. Мундоқ ҳовли-жойга қарайин ҳам демайсан. Эрталаб ишга кетасан, кеч қайтасан. Томорқадаги эккан экинларинг, ўтқазган меваларингни қара, сувсизликдан қовжираб ётибди. Ўғил-қизларинг ёшлик қиляпти чоғи, тўғон бошида одам кўп, уларни назарга илишмас экан, – деб нолиди етмишдан ошган онам.

Онамнинг куюнганича бор, яқин бир ойдан буён томорқага назар ташламабман, ўт босиб, сувсираб кетибди. Ўзимнинг ҳам уларга қараб ичим ачишди. Кундузи колхоз мироблари сув беришмайди. Фақат тунда уларнинг кўзини шамғалат қилиб сув келтириш мумкин.

-Ўзим ҳам шуни ўйлаб турувдим. Бугун тунда астойдил бўламан,- дедим онамнинг кўнглини  тинчитиб.

Ҳовлимиз маҳалланинг этакроғида. 50-60 хонадонни оралаб ўтиб, томорқага сув  олиб келиш мумкин. “Экин экмоқ осон, сув келтирмоқ қийин” деганларидек, ярим тунда одамлар ҳовлисини оралаб, ариқларни беркитиш, шундан сўнггина сувбошига чиқиш мумкин.

Колхоз ёз ойларида маҳаллаларнинг сув келадиган анҳорларини беркитиб ташлайди. Аммо инсон қўлидан келмайдиган иш йўқ. Одамлар қишлоқ четидан оқиб ўтган каналнинг ўзларига нишаб ўнг соҳилини  ой ёруғида ўғринча қазиб, қувур қўйиб олишган. Ана шу қувур қанал бўйидаги қабристон ёнгинасига қўйилган бўлиб, сув шундоқ мозор чеккасидан оқиб қишлоққа кириб келади. Сув худди қонтомирлардек  қишлоқдаги олтита маҳалла хонадонларининг томорқаларига бориши керак.

Тунги соат бир. Ҳовлимизга келадиган ариқ ёқалаб кетмон олиб жўнадим. Хонадонларга кирган ариқларни тўсиб, сув йўлини ўзимиз томон бурдим. Мендан бошқа ҳеч ким сувга чиқмабди шекилли, деган ҳаёлга бордим. Қувурни очиб бир соатда ҳовлимизни суҳориб оламан, дедим ўзимча. Ширин ҳаёллар билан тўғон бошига келдим. Эҳ-ҳе, сув очаман деганларнинг бари шу ерда экан. Тўғон бошида, ундан пастроқдаги сув бўлинадиган жойда юз чоғли одам бор. Ҳаммасининг қўлида кетмон, белкурак.

-Хой, биродарлар, бир соат чиданглар, экинларимни кўрсангиз раҳмингиз келади, суғориб олайин.

-Э, нари тур, меникини кўрсанг, йиғлайсан, қуриб қақшаб кетди боғдаги мевалар, миробдан сўраганман, тунда кел деган.

Сув талашаётган одамларнинг бири у ёққа очса, бошқаси бу ёққа очмоқда. Икки киши уришиб ҳам кетишди. Бошқалар ажратиб қўйишди. Бу одамлардан сувни тортиб олиш қийин. Эртага ҳам шу такрорланиши мумкин. Нима қилсам экан? Одамларнинг ғала-ғовурига қулоқ тутганча ўйга толдим. Ҳаёлимга келган фикрдан қувониб кетдим. Бир жиҳатдан бу ҳийлам ножоиз, иккинчи жиҳатдан кулгили. Аммо ишим ўнгидан келиб қолса ажабмас. Ишқилиб тошбўрон қилишмасин- да!

Таваккал қилиб, ҳеч кимга сездирмасдан қабристонни ўраб турган панжарадан ўтдим. Масжиддан кўра қабристон тинч, бехавотир. Аммо қабристонга тунда эмас, кундузи кирсанг ҳам бор вужудинг титраб, аллақандай қўрқув пайдо бўлади. Мен эса бундан мустасноман. Ёшлигимдан гўр қазиб, маҳалла-кўйда ризқу насибаси битиб вафот этганларни ўзим қабрга қўйиб юрганим боис, қабристонда тунда ҳам юришдан сесканмай қолганман.

Ҳаво очиқ, юлдузлар чарақлайди. Ўн тўрт кунлик бўлиб тўлган ой ярақлаб нур сочиб турибди. Ҳеч кимга сездирмай иштон-кўйлагимни ечдим. Турсикчан алпозда каналга яқинроқ жойдаги янги қабр устига чиқдим. Қўлимни юқорига кўтарган ҳолда чўзиб “ув-в-в” деган овоз чиқардим. Бу овозни эшитган тўғон тепасидагилар бироз жимиб, “нима”, “нима?”дея атрофга олазарак назар ташлашди. Мен улардан ўттиз метрча нарида, баланд қабр устида қип-яланғоч турардим. Шу пайт кимдир “ гўристонни қаранглар!” деб бақирганча қочиб қолди.

-Войдод, анави ўликни қаранглар, тирилиб яланғоч турибди, қочинглар!

Мен эса лабларимни тишлаган ҳолда кулгидан ўзимни зўрға тийиб турибман. Бир дақиқада тўғон бошида ва ундан пастроқда  сув жанжали қилаётганлардан ҳеч ким қолмади. Сув бошида танҳо ўзим қолдим. Шошилмай уст-бошимни кийдим-да, ўзим билган калималарни айтиб тўғон бошига ўтдим. Қувурдан ўзим томонга истаганча сув очдим. Пастроқдаги ариқларни ҳам беркитиб, сувни ҳовлимизга тўғрилаб қўйдим. Ҳеч нарса бўлмагандек ечиниб ўрнимга ётиб олдим.

Эрталаб қарасам, экинларим, боғдаги кўчатлар роса қониб сув ичибди. Ўша куни ишдан келиб Кўприкбоши маҳалласидаги гузар чойхонасига чиқдим.

Сўрида Абдуқосим бува Юнусалиев (Аллоҳ раҳмат қилсин) билан чой ичдим.

-Ашурали, эшитдингми, тунда одамлар канал бўйидаги қабристонда тирилган мурдани кўришибди, -деб қолди у.

-Йўғе, – дедим кулиб юборишдан ўзимни тийиб.

-Ё тавба! Чуқур қазилган қабрдан қандай чиқдийкин? Энгди одамлар тунда сув очгани боришолмай қолди.

Мен ингдамадим. Бу шумлигимни уйимизга кириб экинларимнинг суғорилганини кўрган маҳалламиздаги тенқур дўстим сезиб қолган шекилли, “Бу иш фақат Ашуралининг қўлидан келади”, – дебди.

Ана шу ҳийлани ишлатмасам, ўша тунда томорқамни  суғора олмас эдим-да, – деб ҳикоясига хотима ясади Ашурали бува.

 

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг