НЕЪМАТЖОН БАҲРОМОВ

     Инсон энг аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдиришда заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига миннатдорлик туйғусини асраб-авайлайди.

Бу ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, фидокорона меҳнат қилган муаллимларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ.

Моҳир педагог, жонкуяр раҳбар, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Қирғизистон халқ маорифи аълочиси, Қирғизистон ССР Олий Совети депутати Неъматжон Баҳромов. 1934 йилда Ўш вилояти Қорасув туманига қарашли Оқтепа қишлоғида деҳқон оиласида туғилган.

1942 йилдан 1949 йилгача Ўшдаги Сталин номли 2- ўрта мактабда, сунг 1949-1951 йилларда Ўш Педагогика билим юртида таҳсил олди. Вилоят маориф бўлимининг йўлланмаси билан 1951 йили Каганович номли ўрта мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлади.

1953-1955 йилларда Марғилон пединститутида тахсил олди.

1953-1964 йиллари Ўш шаҳридаги Наримонов, Ленин, Шевченко, Қорасув туманига қарашли Толстой номли ўрта мактабларда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди. Унда бу соҳага қизиқиш мактабда ўқиб юрган йилларда намоён бўлган эди. Домла она тилига, адабиётига муҳаббатини ўқувчиларга юксак ахлоқий фазилатлари орқали етказа олган фидойи муаллим эди.

ТИЛГА ЭЪТИБОР – НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ

Неъматжон домла синфга кириб келиши билан энг шўх болалар ҳам интизомли, ҳатто мулойим бўлиб қолишарди. Устознинг дарсларини катта эътибор билан тинглашар, ўзбек тили ва адабиёти фанидан ёмон ўқийдиган болалар ҳам яхши ўзлаштиришга жон-жаҳди билан интилишарди. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасида муайян ишлар олиб борар, ўқувчиларни адабиётга қизиқтириш, қалбларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда изланар, доимий равишда “Ҳазрат Навоийга эҳтиром” деб номланган тадбир ташкил қилар эди.

Устознинг дарс ўтиш услубида ёки овозида қандайдир сеҳр бордай эди. Дарсларда ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва қонуниятлари, адабий нормаларнинг хусусиятлари ҳақида теша тегмаган, янги маълумотларни етказар эди. Ўқувчиларни маҳлиё қилиб қўярди. Шунданми, устоз қайси жамоада меҳнат қилмасин, ўқувчилар эътиборини қозонар эди.

Неъматжон Баҳромов ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги буйича ўнлаб кадрларга устозлик қилган.

МАОРИФДАГИ МАЪСУЛ ЛАВОЗИМЛАР

Шу даврда ишдан ажралмаган ҳолда, Қорасув туманидаги «Ғалаба» газетасида журналист бўлиб, кейинроқ вилоят радиосида ҳам ишлади.

1964-1970 йилларда Шевченко номли ўрта мактабда илмий бўлим мудири, директор бўлиб, сўнг Горький номли ўрта мактабида директор лавозимида ишлади. 1974-1997 йилларда эса Ўш шаҳридаги Тўқтағул номли ўрта мактабда директор бўлиб ишлади.

Кўрамизки, Нематжон Бахрамов чорак асрдан кўпрок вақт мактаб директори лавозимларида ишлаб, ташкилотчилик, кучли раҳбарлик қобилиятини кўрсатди. Аҳил, бир-бирига меҳрибон, ишчан коллективни шакллантира олди.

Эришган муваффақиятлари учун Қирғизистон Маориф вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган. Қирғизистон ўқитувчилар съездига бир неча марта делегат бўлиб қатнашди, медаллар билан тақдирланди.

ДЕПУТАТЛИК МИНБАРИ

Неъматжон Баҳромов 1989 йилда Қирғизистон ССР Олий Советининг депутати бўлиб сайланади. Бу у киши учун катта сиёсий имтиҳон бўлди. Халқ ноиби сифатида бу синовдан ёруғ юз билан ўтди, десак, муболаға бўлмайди.

Халқ дардини юқори минбардан туриб гапириш, унинг юкини кўтариб юриш ҳар кимга насиб қилавермайди. Домла бу маъсулиятли вазифани халқ манфаатларини ўйлаган холда виждонан бажарди.

Устозлар биз учун фақат илм сирларига ошно этибгина қолмай, ҳаёт сабоқларини ҳам ўргатувчи бўлишлари керак. Мен устоз деганда кўз олдимга Баҳромов домла каби болаларни имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрловчи касб фидойиларни келтираман.

Устозларимизга итоатли бўлиш, уларни улуғлаш, уларга тавозели бўлиш мартабасига Парвардигор барчамизни муваффақ қилсин ва бу саодатдан ҳеч қачон бизларни айирмасин.

Моҳир педагог Неъматжон Баҳромов 2002 йилнинг 31 декабрь санасида Ўшда вафот этган. Ўшдаги » Ойиммозор» қабристонига дафн этилган.

Одилжон Дадажонов. Ўш

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг