ЖАНГЧИ ОТАЛАР ВА МИГРАНТ БОЛАЛАР

     Улуғ Ватан урушида қирғизистонлик 360 мингдан зиёд турли миллат вакиллари Ватан ҳимоясига отланган. Улар душман билан бўлган қақшатқич жангларда мардона курашган. 160 мингдан ортиқ юртдошимиз жанг майдонларида қурбон бўлган.

Европани фашизмдан озод қилишда СССР таркибидаги барча давлатдан баб-баробар юрт ҳимоясида иштирок этганини россияликлар унутмаслиги керак, деб ўйлайман. Акс ҳолда бугунги тинч, осуда ҳаётга етишмаслиги ҳам мумкин эди-да!

Мана, олти йилдирки, Россияда давлат гранти асосида ўқияпман. Даставвал, Белгород Давлат аграр университетида ўқиб, кадастр-инженер мутахассислигига эга бўлдим. Айни пайтда эса Россия Президенти академиясининг давлат бошқаруви бўлими битирувчи курс магистрантиман.

Белгороддаги университетимиз ёнида куну тун Мангу олов ёниб турарди. Ҳар куни ўқишга боришда ва қайтишда унинг ёнидан ўтардим. Қизил юлдуз ўртасидан осмонга ўрлаган оловга қараганимда хаёлимдан кўп нарсалар ўтар, қишлоғимиз марказида жойлашган идора ҳовлисида ҳам айнан шунақа номаълум солдат ва муштипар она сиймоси гавдаланган ҳайкаллар турар, расмий кишилар ва ўқувчилар гулчамбарлар қўйишарди.

Ёшлигим, қизиққонлигимга бориб, шу газ қишлоғимизда бўлганида эди, бутун бошли Кумушазиз ҳамда Қуруқкўл қишлоқлари ёппасига газ билан таъминланган бўларди, деган ўйга келар эди хаёлимга. Белгород областида бундай олов ёниб турган жойлар кўп. Уларнинг ҳаммасини қўшсак, вилоятимиз аҳолисининг хонадонлари тўла  газлаштирилган бўларди, деб ўйлардим. Бу шаҳар қўшни Украина билан чегарадош. Тарихнинг гувоҳлик беришича, бу ерда Улуғ Ватан уруши йиллари энг оғир жанглар бўлган. Совет аскарлари немис-фашист газандаларига қарши шиддатли жанглар олиб борганлар. СССР таркибидаги давлатлар, хусусан, бизнинг қирғизистонлик жангчилар ҳам Ватан ҳимоясига биринчилардан бўлиб отланган.

Мангу олов ёнидаги номаълум солдат ҳамда фарзандини интизорлик билан кутаётган муштипар онанинг ҳайкалларига кўзим тушиши билан газлаштириш ҳақидаги ўйларимдан уялиб кетдим. Чунки жанггоҳларда қон кечиб Ватанимизни ҳимоя қилишга отланган жангчилар айни менинг ёшимдаги йигитлар эди. 17 ёшга тўлмай Белгородга келган бўлсам, икки йил умрим мана шу қаҳрамон шаҳар билан боғлиқ бўлди. Бизнинг шу кундаги фаровон турмушимиз учун жанг қилган собиқ жангчиларнинг кўпи қаҳрамонона жон таслим қилган. Кўплари эса саломатлигидан, бири қўлидан, яна бошқаси оёғидан айрилган.

Уйимизда ҳужжатлар сақланадиган махсус сумкада опоқ дадам Абдусамат ота Хонкелдиевнинг ҳарбий билети, бир неча медаллари, шунингдек, таниқли публицист ва журналист Тоҳиржон Хайруллаевнинг “Мангу хотира” китоби сақланади. Болалигимда бу китобни тез-тез ўқиб турардим. Унинг саҳифаларида Ирис қишлоғидан урушга борган жангчилар ҳаёти баён этилган. Опоқ дадам Абдусамат отанинг ҳам. Унинг урушдаги ва урушдан кейинги тикланиш давридаги фаолияти қисқа, лўнда баён этилган.

Опоқдадам 1942 йили ҳарбий хизматга чақирилган. Олти ой тайёргарликдан сўнг пиёда аскарлар сафида эшелонда Ленинград жанггоҳига етиб келган. Германия ва Финляндия ҳарбий кучлари тиш-тирноғигача қуролланган ҳолда Ленинградни босиб олиш иштиёқида тўхтовсиз жанг қилишган. Ленинград жанги 1941 йил ўртасидан 1944 йил августгача давом этади. Опоқдадамларнинг қўшини қамалда қолади. Душманлар шаҳарни ташқи оламдан узиб қўйган эди. Очарчилик, сувсизлик ҳаммани ҳолдан тойдирган, окоплар устидан эса душманнинг дайди ўқлари тинимсиз учар, бомбалар портларди. Бир галги снаряд опоқдадамга яқин жойда портлайди. Қаттиқ портлашдан опоқдадам ҳушидан кетади. Кўзини очганда ўзини госпиталда кўради. Оқ халатли шифокор ҳамда ҳамширалар ярадор солдатларни тезроқ оёққа турғазиш ва жанггоҳга қайтариш учун жон куйдиришар эди. Узоқ даволанишдан сўнг опоқ дадамнинг жароҳатлари битади, бироқ қулоғи эшитиш қобилиятини йўқотиб, опоқ дадам бир умр ногиронга айланади. Ҳарбий комиссия қарори билан опоқдадам юртга қайтади ва 60 йилдан ортиқ Ленин номли колхозда ишлайди. Деҳқончилик ишларини яхши билган, ер билан тиллашиб, мўл ҳосил етиштирган опоқдадам 92 ёшида оламдан ўтган.

Айни пайтда Новосибирск шаҳрида ўқияпман. Ўқиш ва яшаш жойимиз шундоққина Ленин майдони ёнида. Илгари бу ерда партия мактаби жойлашган экан. Ўтган йилги Ғалабанинг 79 йиллиги жуда кенг нишонланган эди. Халиям тарбир таъсиридан халос бўлганимча йўқ. Бу йилги Буюк Ғалабанинг 80 йиллиги янада қувончли ҳамда фойзли ўтишига шубҳам йўқ. Тинч юртларга байрамлар ярашади. Тинчлик, мустақилликни тақдим этган ота-боболар руҳини шод этиш авлодлар зиммасидаги масъулиятдир.

Бу тинчлик, обод юртнинг сақлаб қолишда жонбозлик қилган, қаҳрамонлик кўрсатган собиқ Иттифоқ таркибидаги давлатларнинг мигрантларига Россия ва россияликлар ҳурмат кўрсатишлари жоиз. Мигрантларимиз Россия қонунларига бўйсуниб, тўғри ва ҳалол ишлаяптими, демак, уларга тайзиқ ўтказиш кўрнамакликдир. Чунки Россия озодлиги, фаровонлиги йўлида ота-боболаримиз қон кечиб жанг қилганлар. Эндиликда эса уларнинг фарзандлари бўлган меҳнат мухожирларимиз давлатнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашмоқдалар. Буларни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аслидаям тенг ҳуқуқли эканлигимизни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Абулфайзхон ХАНКЕЛДИЕВ.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг