ВАҚТ – БЕБАҲО НЕМЪАТ

   Ислом динида исрофгарчилик қораланади, яъни сувни, озиқ-овқатни, тўй ва турли маросимдаги неъматларни, кийим-кечаклар, айниқса бебаҳо неъмат – вақтни исроф қилиш хусусида муқаддас Қуръони карим оятларида, ҳадисларда, доноларнинг дурдона фикрларида кўп ва хўп баён этилган. Бугун ана шу вақт неъмати ва унинг исрофи ҳақида баҳолиқудрат фикр юритамиз.


Вақт – Оллоҳ берган бебаҳо неъмат эканини барчамиз яхши билсак-да, уни кўп ҳолда бефойда ишлар билан ўтказиб, кейин афсус-надомат чекамиз. Саломатлигимиз ва бўш вақтимизнинг қадрига етмаймиз. Ёшлик чоғида олдимизда турган барча ишларни тўғри режалаштирмаймиз. Тирикчилик, мол-дунё топиш илинжида елиб-югурамиз, вақт ўтаётганига аҳамият бермаймиз. Билакда куч, оёқда мадор қолмагач, соғлиқнинг, бекорга сарфланган вақтимиз англаймиз. Аммо энди пушаймонлик бефойда.
Ривоят қилишларича, бир кекса қўлида асо ушлаган ҳолда ерга тикилиб кетаётса, ёнидан ўтаётган одам, “Отахон, бирон нарса йўқотдингизми?” – деб сўрабди. У “Ҳа, ўғлим, ўтиб кетаётган ёшлигимни, билагимда жўш урган кучимни қидиряпман. Қанийди, бор-будимни сарфласам-у, уни топа олсам”, деган экан.
Мен саксон бешинчи баҳоримни қаршилаётган эканман, ўтган йилларимга назар ташлаб, анчагина вақтим бесамар ўтганини англадим. Ўша кемтикни тўлдириш ниятида яшаяпман, аммо кексаликда бу қийин кечаркан. Айниқса, моддий қийинчиликлар туфайли олдингга қўйган ниятларни рўёбга чиқариш осон иш эмас. Кўча-кўйда, соя-салқин жойларда, чойхоналарда, боғларда кечгача шахмат-шашка, домино, карта ўйнаётганларни кўрганингизда “Афсус, олтинга тенг умр зое кетяпти”, дея надомат чекасан. Бундай вақтда немис файласуфи Артур Шопенгауэрнинг “Карта ўйини ақлий инқирознинг яққол нишонасидир. Одамлар фикр алмашишга қурби етмаса, карта ташлашади”, деган гапи хаёлимдан ўтади. Демак, ўз вақтининг лоақал бир соатини бехудага ўтказмоқчи бўлган киши ҳаётнинг қадр-қимматини ҳали тушуниб етиш даражасига бормапти.
Вақт исрофгарчилигининг ҳам жавоби бўлади, деб эшитганим бор. Вақт хусусида ўйлаб, ота-боболаримиз вақтнинг бебаҳо неъмат эканлигини бежиз таъкидламаган экан, дейман. Улар вақтнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб қолишга, бирор дақиқани ҳам зое кетмасликка даъват этганлар. “Вақтинг кетди – нақдинг кетди”, “Куннинг ғами – саҳардан, йилнинг ғами – баҳордан”, “Эрта турган эркакнинг бир ризқи ортиқ, эрта турган аёлнинг икки ризқи ортиқ”, “Уч кун барвақт турган одам бир кун ютар”, “Эрталабки иш – кўнгилни қилар хуш” каби гўзал нақлларда олам-олам маъно бор. Дадам раҳматли доим: “Эрталаб барвақт турган одамларга фаришталар ризқ улашармиш. Шунинг учун эрталаб вақтли туриб, аввал дарвозангни очиб қўй”, – деб насиҳат қиларди.
Илгари вилоят газетасида мухбир бўлиб ишлаганман. Қачон Ленин (ҳозирги Ноокен) туман партия комитетининг идеология ишлари бўйича котиби қабулига кирсам, иши кўплигини айтар, ҳатто 24 соат ҳам етмаётганидан нолирди. Вақт етишмаслигидан бунчалик куйинган кишини учратмаганман.
Ушбу мақолани ёзарканман, яна ўспиринлик, ёшлик йилларим хотирга келди. Бозорқўрғон қишлоғидаги Бешбўзчи маҳалласида кўплар қатори бизнинг ҳам томи тизза бўйи тупроқ уйимиз бор эди. Шу бир хонали уйда дадам, онам ва биз – беш фарзанд яшардик. Печка қаёқда, қиш кунлари ҳам эшик очиқ. Ўчоққа ўт қалаб, сандалга чўғ солардик. Дадамнинг бир дақиқа бўш вақтини кўрмаганман. Дурадгорлик ишидан келиб ўтин қилар, уй ҳайвонларига қарар, бошқа юмушлар билан андармон бўларди. Кечқурунлари намоздан сўнг ўнинчи чироқни ёқиб, сандалда ўтирганча арабча китобларни, ҳадисларни ўқиб мазмунини бизларга айтиб берарди. Ота-онамиз ўша бир хонали уйда яшашиб, уч қизни узатишди, икки ўғилни уйлашди ва яна шу уйда оламдан ўтишди. Улар Оллоҳ берган умрларини фақат фойдали ишларга сарфлашган, десам хато қилмаган бўламан. Шу қисқа умр учун тузукроқ уй қуриб нима қиламиз, дейишса керак. Ҳозирги замондошларимиз эса туппа-тузук уйларини бузиб, қасрлар қуришмоқда, тобора бой-бадавлат бўлишга интилишмоқда. Майли, аммо мол-давлат учун нопок ишларга қўл уриб, бебаҳо умрини бехуда совураётганлар ҳам йўқ эмас.
Биз йўқотилган вақтни асло қайтара олмаймиз. Вақт – инсон эга бўлган нарсаларнинг энг бебаҳоси. Кексайгач, ўтган ҳаётга назар соламиз. Шунча йил, шунча кун яшабман деймиз, аммо у бир зумда ўтиб кетгандек туйилади.
Тўққиз юз эллик йил умр кўрган пайғамбар Нуҳ (а.с.) ҳузурига ўлим фариштаси Азроил (а.с.) келиб сўради: “Эй пайғамбарлар ичида узоқ умр кечирган зот. Дунё ҳаёти ҳақида қандай фикрдасан?
Нуҳ (а.с.) шундай жавоб берибди: “Мен учун бу дунё гўёки икки эшиги бор ҳовлига ўхшайди. Биринчисидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетяпман”.
Биз ҳаётни яхши кўрамиз, узоқ яшагимиз келади. Аммо ўша узун умр ҳақ йўлда ўтса, хайрлидир. Эртанги кунни унутган, бугунги кундан ғафлатда бўлган ва ўткинчи дунё матоҳларига мафтун бўлганлар пасткаш ва ўзининг зиёнига ишлаган кимсалардир. Ислом мусулмонларни вақтни ғанимат билишга ундаб, саҳар уйқудан туришга буюради ва мусулмонлар кунлик фаолиятини поқ қалб билан бошлашларини хоҳлайди. Куннинг бошланғич қисмидан унумли фойдаланган инсон куннинг қолган қисмини ҳам зое кетказмайди. Исломий ҳаёт қонуни кунлик ҳаётни субҳдан бошлашни тақозо этади. Бунинг учун кун чиқишидан илгари уйқудан уйғонишни ва бомдод намозини белгиланган вақтда адо этишни талаб қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган: “Эй Оллоҳим, саҳар уйқуларидан уйғонган умматларимга баракот ато қилгин”. Уламолардан Ибн Қайюм: “Аслида, инсон вақти унинг умридир, – дейди. – Вақт булутдек ўтиб кетади. Кимнинг вақти Оллоҳ билан бўлса, вақт унинг ҳаёти ва умридир. Акс ҳолда, инсон ҳаёти мазмунли бўлмайди”.
Вақт ҳақидаги ҳикматли гаплардан бир чимдим эшитинг: “Вақт инсон учун ҳеч қачон бетараф бўлмайди. У ё ашаддий душман бўлади, ё ҳақиқий дўст бўлади”. Ҳар куни эрталаб Қуёшдан нидо келар экан: “Эй одам боласи, мен янги кунман, ҳар бир амалингга гувоҳман. Яхши амаллар қилиб қол. Зеро мен Қиёмат кунигача қайтиб келмайман”. Ким бу ҳикматларни яхшилаб англаб олса, у унга Оллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлади.
Тобеинлардан бири Хасан Басрий (р.а.) ҳам вақт ҳақида доно фикр айтган: “Эй инсон! Кун сенинг меҳмонингдир. Унга хуш муомалада бўл. Унга яхши муносабатда бўлсанг, кун сени олқишлайди, ёмон муомала қилсанг, сени ёмонлайди. Дунё ўзи уч кунлик. Кеча қилган ишларинг ўтиб кетди. Эртага ета олишинг аниқ эмас. Сенинг фақат бугунинг бор. Бинобарин, бугун яхши амаллар қил”.
Яхшилаб ўйлаб қарасак, бандаларнинг зиммасида адо этилиши лозим бўлган вазифалар жуда кўп. Оллоҳ берган неъматлар учун Унга шукр айтмоққа умримиз етмайди. Шу боис ҳар он, ҳар дақиқани ғанимат билиб, уни зое кетказмайлик. Умр – омонатдир.
Вақтни динга ҳам, дунёга ҳам фойда бермайдиган ишларга сарфлаш, бехуда ўтказиш уни исроф қилиш демакдир. Кетган моддий бойликлар ўрнини тўлдирса бўлади, аммо вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Демак, умрнинг ҳар лаҳзасини эзгу ишлар билан безашимиз, илм ўрганиб, савобли амаллар қилишимиз керак.

Мўйдинжон Абдумажидов,
журналист.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг