БУ  –  ИЛЛАТГИНА  ЭМАС,  ЗИЛЛАТ  ҲАМ

1976 йил баҳорда Мирзакалон Исмоилийнинг уйини сўраб топиб бордим. Домланинг таржимонлик фаолияти ҳақида илмий очерк ёзиш учун.

Танишдик, суҳбатлашдик.

Кунларнинг бирида мен “Домла, сиз Лев Толстойга ўхшаб, шу кунларда ҳаётнинг маъноси, одоб-ахлоқ ҳақида ёзяпсиз. Бунга Толстойнинг анчагина асарларини таржима қилганингиз сабабмикин”, деб сўрадим.

Домла бироз ўйлаб, рад этди. “Ундай эмас. Ҳар бир одам, олтмишдан ўтиб, етмишга яқинлашганида, ўз хулосаларини халқига айтгиси келаркан, сиз айтган ахлоқий нарсаларни мен ўша йўсинда ёзганман”, деди.

…Ўша кунларга эллик йил бўляпти.

Шунинг учун, азиз дўстлар, мен ҳам, ёшим етмишдан ошган чоғда, бир Ўш фарзанди сифатида, ҳамшаҳарларимиз турмушидаги бир-икки иллат ҳақида айтсам. Буни, агар гапларим ўринсиз туйилса, каминанинг тажрибасизлигига йўйиб қўяқоласиз.

*    *     *

Ҳар бир халқнинг, элатнинг ўз удумлари, тутумлари бўлади.

Бир шаҳар ё вилоят одамларининг урфи бошқа бир шаҳарникига, вилоятникидан унча-мунча фарқ қилади. Зеҳн солиб қарасангиз, ёнма-ён қишлоқларда ҳам қайсидир анъаналар бўлакча эканини кўрасиз. Ҳолбуки, бу шаҳарлар, бу вилоятларнинг ҳаммасида битта халқ – ўзбеклар яшайди.

Мен шевалардаги тафовутларни эмас, тўй-азаларимиздаги, ўтириб-туришларимиздаги, ўзаро муомалаларимиздаги айирмаларни айтяпман.

Шу сабабли бўлса керак, ҳатто қўшни туман ё шаҳарга тўй-пўйга бориб қолсангиз, издиҳомда баъзи нарсаларни тушуна олмай, ўнғайсизланасиз.

Мен бола пайтимда, яхши эслайман, Ўш одамлари гоҳо “Андижонда дастурхондаги нарсаларни меҳмонлар ўзаро тақсимлаб олиб кетишаркан”, деб кулишар эди. Ҳозир бу “удум” Ўшга кўчиб ўтибди – Ўшда оқсоқолу кўксоқоллар ҳар тўй-тўйчиққа савлат билан, таъзиму тамкинлик, виқор билан келиб, дастурхондаги таомларни еб, қолганини эса йиғиштириб, тугунчага тугиб опкетишаркан. Қайтиш чоғларида, гўё хижолат бўлиб, хаспўшлаган тарзда, ҳи-ҳилашиб кулишиб, шўхлашиб-ҳазиллашиб тарқар эмишлар. Бугун бу удумга айланибди, мезбон олдиндан тайёрлаб қўяр экан целлофан халтани, ўзинглар солиб олиб кетарсизлар, деб. Бировга кулмагин зинҳор, сенга ҳам кулгувчилар бор, дегандек бўлибди. Андижонда бу ярамас, пасткаш одат аллақачон барҳам топган экан. Энди улар кулса, хўп ярашади.

Ўн беш йилча бурун шоир Турсунбой Адашбоевдан бир ҳангома эшитдим. У кишининг қиёматли акахони Абдусалом афанди Қўқонлик бир меҳмон йигит билан тўйда ёнма-ён ўтириб қолибди. Меҳмон қараса, нонуштада тарқатилган шўрванинг гўштини олиб, ҳамма ликопчага солаётган экан (опкетишга). У ҳам шўрвасидан гўштни олиб қўйиб, сувини хўплаб-хўплаб ичибди. Абдусалом домла эса ўз гўштини еб бўлиб, “Ия, меҳмон, сиз гўштни ёмон кўрасиз шекилли, емабсиз-а?” дея, қизиқчиликка қўшнининг олдидаги гўштни ҳам паққос урибди. Меҳмон – ҳайрон. Домла раҳматлик шунақа қаттиқ ҳазилларни ҳам уддалар эди.

Аммо Абдусалом афандининг бу иши, тушунган одамга бир исён эди. аёллар ҳам қилмаган ишни қилиб, эр кишилар дастурхондаги нон борми, қанду шоколад, олма-анор борми, уйига ташмалаб олиб кетишларидан жирканар, ҳазар қилар эди. Эр кишига ярашмайдиган қилиқ, деб биларди.

Хўш, бу одат қаёқдан чиқди ўзи?

Менинг назаримда, шу тўй-издиҳомга айтилган, лекин тўсатдан бир зарурат (касал бўлиб қолиш, уйида меҳмон) сабабли кела олмай қолган кишига унинг насибасини етказиш учун бирон киши бир тугунда “ҳақ” олиб жўнаган. Кейинчалик “хотинингиз касал, насиба опкетинг”, “гўштни еб тугатмадингиз, битта нон орасига олиб жўнанг, уйда кампирингиз билан ейсиз”, дегандай меҳрибончиликлар кўпайиб, шу ҳолга келдик.

Энди манзара бўлакча: “насиба”га илҳақ ўтирган эркак, гўё хижолат бўлиб, ўзига ҳеч нарса олмайди. Унга ёнидаги одам “меҳрибончилик” қилади: ликопчада турган гўштни, бир чиройли нонни, қазини, олма, анор, банану кивини, шоколаднинг сарасини солиб, халтасини тўлдириб беради. Униси иримига, қўйинг, бўлди-бўлди, ҳожи ака, дея яна бошқа неъматлардан солишига умуниб ўтиради. Халтага керакли ҳамма нарса тушиб бўлгач, энди буниси иш бошлайди – шеригининг пакетини тўлдиради.

Гўё, ҳечким ўзига ҳеч нарса олмади, шериги қўймай солиб берди-да…

Бу ноз-неъматлар уй эгасиники-ку! Нега биров ёзган дастурхонга бемалол бийлик қиласан? Ахир, еганингни еб, тўйган бўлсанг, турақол! Биров ҳисобидан ҳотамтойлик қилишган ким рухсат берди сенга?

Бу одамларга барибир. Тўйда бўладими, азадами, фарқи йўқ, яйраса бўлди. Нафс! У одамни нима кўйларга солмайди? Нафс бўй кўрсатган чоғда ҳар бир киши аслига қайтади – оқдан оппоқ ҳожи кўйлаклар, бежирим соқоллар, ёлғондакам тавозелар, сохта кулгилар бир четга чиқади, чиройли хатмлар тугагач, бир пакет емишни юлиб кетиш учун дастурхонни ғорат қиладиган талошлар бошланади – қуруқ чиқиб кетган номард, лекин!

Бундан кўра тупроқ еган яхши эмасми?

Эр киши кўчада овқат кўтариб юрса-я? Бу зиллат – пасткашлик-ку!

Аёллар ҳам булардан мардроқ – улар тўйга қуруқ қўл билан эмас, бир товоқ палов ё манти, сомса ё қатлама пишириб олиб келади. Уйида майда болалар бор, тўйдан тўйчиқ олиб кетса, уларга ярашади. Биз ҳам бола чоғимизда онам тўйдан нима опкеларкин, деб кутар эдик, у замонларда оддий конфет ҳам тансиқ эди-да.

Қуруқ савлат билан келган эркак, тўйгани етмай, борини йиғиб олиб кетса-я? Ўрис шундай қиладими? Корейс тўйдан халта билан тарқайдими? Ё бизнинг она шаҳримизда очарчилик юз бердими? Ундай эмас, худога шукур.

Ўшда – шу аҳвол. Аммо Жалолободда қандай, Ўзганда, Новқатда, Аравонда-чи? Қорасувда, Сузоқда, Бозорқўрғонда, Исфанада ҳам шунақами?

Мен бундан бехабарман. Билишдан қўрқаман ҳам. Агар у томонларда ҳам “одат” шу ё шунга яқин бўлса, кишининг кайфияти баттар тушади-да.

…Омонжон деган бир тоғамиз бўлар эди. Деҳқон. Қўли юпқа. Қизи уч болали бўлгач, дардга чалиниб, оламдан ўтди. Куёв ҳам камбағалгина йигит экан, ноилож, қизини тоғамизнинг ўзи чиқарди, юртчилик экан, одат-да, элга ош берди. Ўша издиҳомда ўтирган одамларнинг ҳолини қаранг:

– Ош тугаб қолди, яна икки мартадан олайлик, товоқ бўшайди!

– Йўқ мен тўйиб кетдим, раҳмат.

Унақа гапни қўйинг, ҳи-ҳи, олинг-олинг! Ошатаман лекин!

Олинглар, опқўйинглар ҳой, тугасин энди!

Омонжон тоғамиз индамас одам эди, аммо бир гапирса, узиб оларди:

Энди, меҳмонлар, қийналманглар, ошиб қолса, ташқарида ёш болалар ҳам бор, еб қўйишади.

Ҳо-ҳолашаётган одамлар бу аза оши эканини ўйлашмаган ҳам экан.

Аммо кўпларга бу нарсанинг фарқи йўқ, тўйдаям, мотамдаям кулиб, чақчақлаша беради. Уй эгаси нима ғамда – униси билан ишлари йўқ…

Тўй шўрваси ҳам, аза оши ҳам – худойи. Еб-ичдинг, тўйдинг. Дуо қил-да, тур. Дастурхон неъматларини уйингга олиб кетишинг, ё еб битиришинг шарт эмас. Бу мечкайлик, пастлик бўлади.

 

Биров билан ошно бўлай десангиз,

Маъракада ўтириб-туришин кўринг, –

 

дейди улуғ шоир Махтумқули. Хўш, бировнинг уйидан еганини еб, қолганини тугиб опкетадиган, буни “урф-одат” деб ҳиринглайдиган билан ошно бўларми эдингиз? Мен – хоҳламайман. Унақа одам ошно бўлармиди?

Бу ноз-неъматлар пешинда келадиган меҳмонлар олдига ҳам тортилса бўлади-ку? Динимиз исрофни қоралайди, тежамкорликни ёқлайди.

*    *     *

Ойшахон қизини бир амаллаб, эплаб-сеплаб узатди. Эри ўлган чоғида шу қиз гўдак эди. Ҳаш-паш дегунча вояга етиб, бир кўҳлик қиз бўлдики! Қуда томон ўзига тўқ, таниқли одамлар экан, номус кучидан қарз кўтариб бўлса ҳам элдан қолмай деб тиришди, қудалар кўнглини олишга уринди.

Тўй ўтди. Аммо тўйдан кейин ундан ҳам каттароқ харажатлар бор экан, буёғи Ойшахоннинг белини синдирди. Бой одам бекорга бой бўлмас экан, қайнота-ю қайнона бошлиқ бир уй одам келиннинг уйидан келадиган моҳазарга қараб кутиб ўтиришади.

Қирқ кун – қизининг чилласи чиққунча Ойшахон қизиникига таом юборди. Шунчаки таом эмас, энг қиммат масаллиқлардан пширилган анвойи овқатлар. Қуда ҳар кун бир таом келиб, дастурхон очилгач, ёлғондан кулади:

– Эҳ-ҳе, қаранглар, қудам бугуннинг ўзига шунча нарса юборибди,  шу кетишда эртага шашлик ҳам келади шекилли?

Ишорани уққан келин эртаси аясига телефон қилиб, “заказ”ни айтади.

Бу майли. Аммо орадан тўрт ойлар ўтиб, қизи оғриб қолди. Бу уйда ўзини овқатдан тортиб, чўпдай бўпқолган эди. Қуда опа Ойшахонга сим қоқди. Ярим соатча ҳол-аҳвол сўраб, бир дунё гапни гапиргач, келинни уйга юбораётганини, онанинг парвариши бўлакча бўлишини айтиб, гапини суваш учун яна ҳаммага бир-бир салом айтишни тайинлаб, гўшакни қўйди.

Бу – қизинг касал, опкетиб тузатиб бер, соғайганида келсин, дегани. Қудаларга бемор келин эмас, ишга шай келин керак.

Ёки бир оила умид билан қиз ўстириб, вояга етгач, хонадонингизга узатса, уни болам-бўтам деб эъзозлаш ўрнига, эзиш билан машғул бўлсангиз? Қиз уйидан келадиган моҳазарни, қуда юборадиган саруполарни интиқ бўлиб кутиб ўтирсангиз, ҳадя кўнглингиздагидай бўлмаса, келин орқали тазйиқ ўтказсангиз? Фарзанд туғса, “онасининг уйига” юборсангиз? Чунки бу пайтда хизматингизга ярамайди-да? Оғриб қолса – чиқим, шунинг учун “отаси духтурга қаратсин” деб жўнатасиз, чунки одам уволидан қўрқмайсиз.

Ажабки, бизда ҳамма ўғил фарзанд кўришни хоҳлайди. Нимага, биласизми? Ўғил улғайиб, уйланса, барча нарса: пальтосидан тортиб ички иштони-ю сигаретигача келиннинг – текин уй хизматчисининг уйидан келади-да! Келин касал бўлмайди, мабодо оғриб-нетиб қолса, ота-онасининг уйига жўнатилади – барча харажатни тўлаб, даволаб қайтаришади…

*    *     *

Ҳозир Ўшда, бутун Қирғизистонда ҳам ўзбек элининг бир этнос сифатида ўз раҳбари, миллий етакчиси йўқ. “Миллий-маданий марказ”лар-чи, дерсиз? Улар – кўп, аммо байрамларда кўриниб қолади. Бирон обрўли оқсоқол йўқки, гапи ҳамма жойда инобатлик бўлса, эл раҳбар деб тан олса. Бор “оқсоқол”лар эса неча ўн йиллар давомида пул-мансаб деб, “юқори”га ёқай деб қийшанглай-қийшанглай, бурди кетиб, маломатларга қолиб бўлган.

Бу ҳолда ким тўғри йўлни кўрсатади, миллатнинг катта бир бўлаги сифатида ўзлигини сақлаб қолишга ким ундайди, айниқса, ҳар хил бемаъни, зарарли “одат”ларни ким рад қилиб, барҳам берилишига эриша олади?

Уламолар!

Улар халқни роҳи ростга йўллашлари керак. аввало ўзлари ибрат бўлишсин. Издиҳомдан чиққач, гўё нари кетган бўлиб, бир тугунча етиб келгунича майда қадам бўлиб юриб турмай, дангал рад этишсин, бошқалар бир-бирига “насиба” тайёрлаётган чоғда, барчани тўхтатиб, бу иш нотўғри эканини, пасткашлик эканини ўша давранинг ўзида очиқ айтиб, тўй ва бошқа издиҳомларда дастурхонни ғорат қилиш уят эканини уқтира олишсин.

Демак, бугун Ўшда домлалар фақат диний олим эмас, элнинг маънавий оталари ҳам. Замонанинг зайли билан уларнинг гарданига шу вазифа тушди. Бинобарин, фақат мачитлардагина эмас, ҳар бир даврада, издиҳомда ҳам шу гапларни айтиб, ўша ерда ўтирган маҳалла раиси зиммасига бу маҳаллада биз тилга олиб ўтган ва яна бошқа баъзи иллатларга шу кундан бошлаб барҳам бериш вазифасини юклашлари, шуни айта олишлари керак.

Ҳозир Ўшда дин-диёнат туйғулари ҳар қачонгидан ҳам кучли. Бас шундай экан, ислом уламоларининг гапини Ўш ўзбеклари ерга ташламайди.

 

Зуҳриддин Исомиддинов.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг