ҚЎШНИНГГА ЯХШИЛИК ҚИЛ

Умрим давомида яхши ва ёмон қўшнилар ҳақида жуда кўп эшитдим. Бундан олтмиш  йил муқаддам Бозорқўрғон қишлоғининг Тўқтағул кўчасидаги ер участкамизга жой солиб, оилам билан кўчиб келдик. Ўша йил баҳорда 15 сотих ернинг ҳаммасига олма, гилос, ўрик кўчатлари экдим. Ўнг томонимиздаги катта ҳовлида Раимжон бува ва аёли Бузайнаб хола бўлиб, уларнинг тўрт ўғли бор эди. Йиллар ўтиб, бува вафот этди. Уч ўғли уй-жой солиб, кўчиб кетишди.

Бузайнаб ҳожи она кичик ўғли Маҳмуджон билан яшаб қолди. Улар кенг томорқасига қулупнай экишарди. Май ойи бошларида қулупнай пишса, Бузайнаб ҳожи она олдидан териб бир лаган бизга узатарди. Уларикига меҳмон келса, албатта, мени таклиф этади. Биз ҳам пишган меваларни қўшнилар билан баҳам кўрамиз. Тўй ва бошқа маросимларда қўшнилар ўзаро елкадошмиз. Уч йил муқаддам ўғлим том орқасидан дарвоза очиб, йўл қилмоқчи бўлди. Аммо у тор эди. Шунда Маҳмуджондан ҳовлиси этагидан икки метр йўл учун ер сўради. Қарангки, кўшни бир сўм сўрамай, айтилган ерни қўшиб берди. Ҳожи онага ва ўғли ҳаққига дуо қилдик.

Иккинчи мисол. Чап томонимизда пахта теришда қиз-келинлардан қолишмайдиган, меҳнатлари учун орден-медаллар олган Ғуломжон ҳожи ака Нажмиддинов яшарди. Биз ишга кетсак, ёш болаларимизни аёли Турсуной опага ташлаб кетардик. У кечгача болаларимизни олиб қолиб, вақтида овқатлантирар, ишдан келганимизда олиб чиқиб берарди. Ўттиз икки йил аввал тун ярмида Турсуной опанинг нафаси қисиб, оғирлашди. Мен дарҳол “Тез ёрдам” машинаси чақирдим. Аммо бир соат ўтмай у оламдан ўтди. Тошкентдан Ҳамид Абдуллаев деган қадрдон танишларини зудлик билан чақириш керак эди. Ярим тунда туман марказига чопдим ва Тошкентга қўнғироқ қилдим. Қарангки, танишлари ўша заҳоти машинасида йўлга чиқиб, кундузи соат ўнларда жанозага етиб келишди.

Бизнинг оилада ҳам бирон воқеа бўлса, энг аввал қўшнилар кўмакка келиб, ҳолимиздан хабар олишади. ”Ҳовли олма, қўшни ол” деганларидек, биз мана шундай яхши қўшнилар қуршовида яшаётганимиздан хурсандмиз. Демак, қўшни яхши-ёмон кунларда бир-бирига ҳамдам ва ҳамдард.

Илгари қўшничилик борасида яхши удумлар бўларди. Тансиқ таом қилган қўшни албатта ёнидаги қўшниларига илинарди. Қишлоқ жойларда бировникига меҳмон келса, қўшнилар албатта зиёратга чиқишарди ва таниш-нотаниш бўлишларидан қатъи назар, қўшнилар меҳмонни уйига таклиф этишарди. Албатта, ҳар бир оилада у ёки бу нарсага эҳтиёж сезилади. Уйда қатиқ, туз, гугурт сингари нарсалар бўлмай қолса, дарҳол қўшниларникига чиқардик. Бу нарсаларга пул сўрашмасди. Бугунги кунда бундай одатларимиз йўқолиб, бозор иқтисодиёти туфайли барча нарсани пулга чақиб қолишди.

Айрим хонадонлар зарур бўлиб қўшнисидан болта, теша, арра, курак, паншаха каби буюмларни сўраб олади. Сахий қўшни уларни иш битгач қайтаришини тайинлайди. Аммо ўша буюмни олган қўшни бепарволик қилиб, вақтида қайтармайди. Кунлар, ҳафта ва ойлар ўтгач, эгаси буюмни сўраб чиқса, ё йўқотган бўлади, ёки бепарволик қилиб яроқсиз ҳолга келтирган бўлади. Бундан кейин, албатта, қўшни иккинчи бор буюмларини бермай қўяди. Зарурат туфайли бирон буюм олган киши иши битгач, миннатдорчилик айтиб дарҳол изига қайтарса, орада кўнгилсизлик бўлмайди, қўшничилик бузилмайди.

Худога шукур, давлатимиз мустақил бўлгач, қадриятлар, урф-одатлар тикланяпти. Маҳаллалар, қўни-қўшнилар яхши-ёмон кунларда бир-бирларига ҳамдам, ҳамдард бўляптилар. Аммо гоҳо ёнма-ён яшаётган одамлар ўртасида қўшничилик ришталари сезилмайди. Мансабдор, пулдор қимса фақир ҳаёт кечираётган қўшниси билан қўшничилик қилишдан ор қилади.

Қўшнилик ҳаққи қўлдан келганча яхшилик қилиш, масалан, ҳадя бериш, кўрганда очиқ юз билан муомала қилиш, омад кулиб боқса, қутлаш, мусибат тушса таъзиясида бирга бўлиш, аҳволидан хабар олиб туриш, турмуши ночор бўлса моддий ёрдам бериш, мабодо, бу иш қўлидан келмаса, унга озор берадиган ишларни қилмаслик талаб этилади. Қўшнидан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки сиз уйингизни баланд қилиб қурсангиз, унинг нимасигадир тўсқинлик қиласиз. Бирон мева олсангиз, унга ҳам беринг. Мабодо бермасангиз, уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига мевами, ширинликми бериб кўчага чиқарманг, қўшни боласида у нарса бўлмаса ўпкаланиши мумкин.

Қўшнилар ва қўшничилик ҳақида ҳикоямизни якунлар эканмиз, барчамиз гуноҳлардан пок ҳолда яшашга интилайлик, фақат солиҳ, сахий, инсоний хислатларга бой одамларга қўшни бўлиб яшайлик ва охирги сафарга отланар пайтимизда Оллоҳ барчамизни дунёдаги ва қабрдаги ёмон қўшнидан асрасин, деймиз.

 

 

 

журналист Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг